Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янги модель асосида олиб боради

 

Президентимизнинг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони маҳаллий даражада давлат ҳокимиятини трансформация қилиш, том маънода халқчил тизимни жорий этишга қаратилган муҳим сиёсий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилиб, халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари, маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилганлиги ҳокимиятлар бўлинишига оид конституциявий тамойилнинг маҳаллий даражада ижросини таъминлашда муҳим қадам бўлди.

Маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан халқ депутатлари Кенгашларининг назорат функцияларини кенгайтириш мақсадида уларга ўндан ортиқ қўшимча ваколатлар берилди. Хусусан, прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ, экология ва соғлиқни сақлаш органлари раҳбарларининг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди.

Яна бир масала. Мен ҳам ўз фаолиятим давомида икки чақириқ маҳаллий Кенгаш депутати бўлганман. Ўша пайтлари депутат сессия бўлишини 2-3 соат, борингки, бир кун олдин билиши мумкин эди. Депутатлар туман ёки вилоят сессиясида иштирок этиб, кун тартибига киритилган масалаларни маъқуллаб овоз бериб кетарди. Энди эса, депутатлар сессия бўлишини бир неча кун олдин билиб, кун тартибидаги масалаларни ўрганиб, дастлаб, доимий комиссияда муҳокама қиляпти. Шундан сўнг, ушбу масалалар сессия кун тартибига киритилмоқда.

Шуни аҳлоҳида таъкидлаш керакки, депутатлар сессияларда сўз олиб, ўз муносабатини билдиришмоқда. Ҳудудларга чиққанимизда депутатларнинг жонлангани, ишларида силжиш борлигини кўряпмиз. Хусусан, сайёр қабуллар, тадбирлар, амалга оширилаётган ислоҳотларда уларнинг иштироки ва фаоллиги яққол сезилмоқда.

Фармон билан Ўзбекистон маҳаллий бошқаруви тарихида биринчи маротаба маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янги модель – “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ислоҳ қилишга қаратилган қатор қоидалар белгилаб берилди.

Хусусан, маҳаллий Кенгашларнинг ўз фаолиятини давлат ҳокимияти органларидан мустақил равишда амалга ошириши мустаҳкамланмоқда. Эндиликда, маҳаллий Кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юкланиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, келгусида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда тегишли вазифаларни маҳаллий вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ белгилаб бориш, амалдаги қонунчиликдаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юклатилган ва Кенгашлар фаолиятига хос бўлмаган вазифалар ижроси бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари масъул эканлиги назарда тутилмоқда.

Эътиборлиси, мазкур ўзгаришлар маҳаллий Кенгашларнинг фаолиятини фақатгина ўз сайловчилари ва тегишли ҳудуд манфаатини кўзлаган ҳолда амалга оширишига асос бўлиб хизмат қилади.

Умуман олганда, белгиланган вазифаларнинг ижроси аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳал этилиши лозим бўлган масалаларга имкон қадар тезроқ ечим топиш, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг маҳаллий Кенгашлар олдидаги ҳисобдорлиги, масъулияти ва жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш