Шароит яратиш ислоҳот эмас, мажбуриятдир

 

Дастлаб мавзу юзасидан Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов билан боғландик. Унинг айтишича, деярли ҳар куни йўллардаги муаммолар бўйича кўплаб мурожаатлар бўлади. Чунки, улар ҳам жамоат транспортидан фойдаланишни, ишлашни, таълим олишни хоҳлайди. Аммо бу йўналишдаги ишлар талаб даражасида эмас.

Ўтган йили Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси томонидан сўровнома ўтказилган эди. Унга асосан, ногиронлиги бўлган инсонларнинг 93 фоизи ерусти жамоат транспортини тўсиқсизлик нуқтаи назаридан қониқарсиз, деб баҳолаган. Йўл бўйи инфратузилма объектлари (ер ости ва ер усти ўтиш йўллари) бир қатор сезиларли камчиликларга эга.

Ассоциация раиси билан бу ҳақида узоқ суҳбат қурдик. Ўзгаришлар, яратилаётган шароитлар ҳам айтилди. Аммо камчиликлар ҳам оз эмас. Яхшиси, ҳақиқий ҳолат манзарасига ногиронлик аравачасида ҳаракатланувчи суҳбатдошимиз билан биргаликда гувоҳ бўлдик, ҳамсуҳбат бўлиб пойтахт кўчаларини айландик.

 

Бекатларда бир кун...

«Шароит» плюс ногиронлар жамоат бирлашмаси аъзоси Наргиз Кадирова билан биргаликда шаҳримиз кўчаларини айландик, жамоат транспортларидаги, бекатлардаги инклюзив муҳитни ўргандик.

Олой бозори бекатидамиз. Автобуслар бекатда тўхтаб, бирин-кетин манзили томон одимлаяпти. Узоқдан Наргиза опа кўринди, йўл чети ёқалаб келаётган ҳамроҳим бекатга яқинлашгач, йўл четида туриб қолдик. Уларни тушундим, чунки бекатга тушиб-чиқиш йўлаги йўқ эди. Ногиронлиги бўлган инсон кимнингдир ёрдамисиз бекатга чиқа олмас эди. Чунки бекат йўлдан анча баландроқ қилиб қурилган, шунга яраша пандуси ҳам йўқ эди. Бунинг устига аксарият автобуслар бекатга яқин жойда эмас, ё ўтиб кетиб ёки бекатга етмасдан тўхтайди. Бундай вазиятда аравачадаги кишига кимдир ёрдам бериб бекатдан тушириб қўйиши керак.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, пойтахтимиздаги аксарият бекатлар шундай, яъни ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилмаган.

– Ишим юзасидан деярли ҳар куни кўчага чиқаман. Тўғриси, йўлда юришга ҳам, бекатда туришга ҳам, автобусга чиқишга ҳам жуда қийналаман. Пандуси йўқ автобуслар бор. Жамоат транспортлари, автошоҳбекатларда ногиронлиги бўлган шахслар автотранспорт воситаларига чиқиши учун махсус мосламалар ўрнатилмаган, – дейди Наргиз опа.

01 авто саройига қарашли давлат рақами 01 085 VFA бўлган 26-автойўналиш бекатдан анча ўтиб тўхтади. Олой бозоридан «Мажнунтол» маҳалласи томон ҳаракатланадиган ушбу жамоат транспорти ҳайдовчисининг жавоби бизни очиғи, ҳайрон қолдирди:

«Пандусимиз ишламайди, калити ҳам йўқ. Кейингисига чиқинг, йўл четидан тошни олиб қўйинг, автобус тўхтамаяпти!..»

Исм-фамилиясини ошкор қилишни истамаган ҳайдовчининг қўпол муомаласидан хафа ҳам бўлдик.

– Айнан шу йўналишдаги автобус менга керак манзилга боради. Лекин улар «ISUZU» бўлгани учун уларда пандуслар йўқ. Ҳайдовчиларнинг ҳам муомаласини кўрдингиз. Пандуси бор автобуслар ҳам кўпчилиги пандусни очиб беришга эриниб, «калит йўқ», «кейингисига чиқа қолинг», «нима қиласиз кўчада юриб, уйда ўтирсангиз бўлмайдими», деб кетишади. Тўғриси, шундай пайтда дилим оғрийди. Биз ортиқча нарса сўрамадик, шунчаки у ўз ишини бажаришини сўраяпмиз, – дейди ҳамроҳимиз.

Кейинги манзил томон одимладик. Йўлнинг бошқа томонига ўтиб, 89-автобусда Чорсу томонга йўл олдик. Ҳар тугул бу автобусда пандуси бор экан, ҳайдовчининг бекатдан ўтиб, кейин яна орқага юриб, пандусни бекатга тўғрилаб олгунча бўлган бир, икки ноқулайликни айтмаса, манзилимизга автобусда етволдик.

Наргиз опа билан йўл-йўлакай суҳбатлашиб кетдик.

– Тўғри, аввалги йилларга қараганда, ҳозир эътибор анча кучайган. Эътибор берсак, яқин йилларда харид қилинган автобусларда ҳаракатланиши чекланган, ногиронлиги бўлган йўловчилар учун ҳам мўлжалланган. Уларда қулайликлар бор, тўғри. Аммо шундай бўлса-да, кўп жамоат транспортларида хизмат кўрсатиш сифати ҳали ҳамон паст, – дейди опа гап орасида.

Хадрадаги бекатда тушиб қолдик. Афсуски, бу ердаги ҳолат ҳам олдинги манзилдаги каби. Бекат ногиронлиги бўлган инсонлар учун мослаштирилмаган, ноилож яна йўл четида туриб қолди.

Ушбу йўналишдан ҳаракатланадиган 27-, 188-, 109-, 8-, 29-, 120-, 73-автобусларнинг эшиклари олдида кўп туриб қолдик. Пандус туширилишини кутдик, аммо бундай бўлмади. Қайсидир ҳайдовчи ишга бугун чиққанини, пандус ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтса, қайсидири эса калити йўқлигини пеш қилди. Пандусни тушириш учун кетган бир-икки дақиқалик вақтини пеш қилганлар ҳам бўлди. Кимдир эса пандусни пичоқ билан очишга уринди, яна кимдир эса аравачадаги кишини кўтариб автобусга чиқаришини айтди.

Тўғри, гап-сўзсиз пандусни тушириб берганлар ҳам бор. Аммо ҳаммаси ҳам эмас...

Режамиз бўйича навбатдаги йўналишимиз метро бекати эди, аслида. Лекин суҳбатдошимиз бунга унамади. Сабабини сўрасам шундай деди:

– Аввал метрода юрардим, лекин ҳозир умуман ундан фойдаланмайман. Бундан бир неча йил олдин метро бекатида йиқилиб тушганман. Шундан кейин қўрқиб қолдим. Лекин метрода ҳам тўсиқсиз муҳит йўқ, аравачалар вагонларга силлиқ кириб боролмайди, кимнингдир ёрдами билан юриш керак. Умуман олганда, пойтахтимизда аравачалар ёрдамида ҳаракатланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам, кўзи ожизлар ва қулоғи заиф эшитувчиларнинг эркин ҳаракатланиши учун жамоат транспортлари деярли мослаштирилмаган. Тўғри, пандуси бор автобуслар ҳам бор, лекин ҳайдовчиларнинг «калит ёнимда эмас эди», деган баҳонаси билан кўпинча ундан фойдалана олмаймиз.

Бундан ташқари, автобус салонларида электрон ахборот таблолари, эшитиш мосламалари ва бошқа ёрдамчи воситалар йўқ. Жамоат жойларида ҳам ногиронлиги бўлган кишилар учун зарур эшитиш ва кўриш маълумотларига дуч келмайсиз. Пиёдалар йўлакчаларида ҳам техник мосламалар мавжуд эмас. Яъни, кўзи ожизлар учун овозли ишора билан жиҳозланган светофорга кўзим тушгани йўқ ҳечам.

 

Мослашмаган йўлларда иш ва ўқиш ҳақида ўйлар...

Фарҳод Абдураҳмонов,

Ногиронлар уюшмаси аъзоси:

– Ҳозир ногиронлиги бўлган инсонлар учун кенг имкониятлар яратиляпти, уларга кўп имтиёзлар бериляпти. Масалан, улар ҳам бошқалар каби ўқиши, ишлаши мумкин. Лекини ҳам бор. Ўқишга, ишга ёки бирон-бир юмуш билан кўчага чиқилганда бошқа муаммолар қаршимиздан чиқяпти.

Мослашмаган йўлларда, мослашмаган биноларда қандай ҳаракатланиш мумкин? Бу билан ҳуқуқлар чекланяпти-ку. Тўсиқсиз муҳит яратилмас экан, улар ҳуқуқидан эмин-эркин фойдалана олмайди, ҳатто уйидан ҳам чиқолмайди. Кўндаланг турган масала шунда. Афсуски, ногиронлиги бўлган инсонларимиз ҳаётида бу муаммоларга ҳар куни дуч келади, ҳар куни қийналади.

Автобус бекатнинг ўзида тўхтаганини ҳеч кўрганмисиз. Йўқ, албатта. Аксарият автобуслар камида 2 метр узоқда, ўзига қулай жойда тўхтайди. Биз унинг олдига бориб, пандусни тушириб беришини сўрагунимизча эшик ёпиладию кетиб қолади. Бизда бекат инфратузилмаси нотўғри қилинган, тўсиқсиз муҳит учун мослаштирилмаган. Биз бу бўйича Транспорт вазирлигига ҳам, ҳокимиятга ҳам мурожаат қилдик. Гап шароит яратиш масаласига келганда икки томон ҳам бир-бирига солади.

Эътибор билан қаралса, кўчаларда ногиронлиги бўлган инсонларни деярли учратмайсиз. Чунки уларга кўчаларда ҳаракатланиш учун шароит йўқ, шаҳарда улар учун тўсиқсиз муҳит йўқ. Ваҳоланки, бу бўйича қонунимиз бор, аммо унинг ижроси жуда суст.

Биз бир неча йиллардан бери ушбу муаммоларнинг ичига киришга ҳаракат қиляпмиз. Ҳозир пойтахтимизда ер усти метролари қуриляпти. Улар топширилишидан 2 ҳафта олдин Ногиронлар жамияти аъзолари, экспертларни чақиришади ва биз мониторинг қиламиз. Шароитлар қандай, тўсиқсиз муҳит қоидаларига мослигини ўрганамиз ва шу асосида хулоса берамиз, шу асосида камчиликларни тўғирлашяпти. Маълум муддат ўтгандан кейин ишчи гуруҳи яна бориб вазиятни ўрганади.

Масалан, Сергели ва Қўйлик линиясида камчилик ва ноқулайликларни айтгандик. Яқинда уларни бартараф қилишди, яъни бекатларга кириш ва чиқиш ногиронлиги бўлган инсонлар учун мослаштирилди.

Тўғри, аввалги йилларда қурилган биноларда, масалан, ер ости метросида ногиронлиги бўлган инсонлар учун шароит яратилмаган. Лекин ҳозир қурилаётган ер усти метросида шароитлар яратиляпти.

Суҳбатдошимиздан ер ости ўтиш йўллари ҳақида ҳам сўрадик:

– Ер ости ва ер усти йўлларида ҳам талайгина муаммолар бор. Масалан, ер усти йўлларида ногиронлиги бўлган инсонлар учун лифтларни қўйиб қўйган, лекин очиш учун калити йўқ. Баъзи ер усти йўлларидаги лифтларнинг жойига савдо шохобчалари очилган. Ногиронлик аравачалари ғилдираклари пандусларга сиғмайди. Шунинг учун ер ости ўтиш йўлларидан кўп фойдаланмаймиз, бизга жуда ноқулай. Шунингдек, бундай йўллар ностандарт пандуслар билан жиҳозланган. Пандуснинг нормада қиялик даражаси 8 дан ошмаслиги керак ўзи, лекин ер ости йўлларда пандуслар 37–38 даражада.

Хуллас, уларда ҳаракатланиш имкони деярли йўқ, ер ости ўтиш йўлларидаги ностандарт пандуслар сабаб ногиронлиги бўлган инсонлар мустақил ва хавфсиз ҳаракатлана олмайди. Пандуснинг усти очиқ бўлгани учун ҳам қор ва ёмғирли кунда унда ҳаракатланишнинг умуман иложи йўқ, яъни сирпанчиқ бўлади. Шунинг учун ногиронлиги бўлган инсонлар ҳаётини хавф остига қўйиб, йўлни кесиб ўтишга мажбур бўлади, - дейди Фарҳод ака.

Мавзуни шу жойда тўхтатиш фикридан йироқмиз. Биз аравачадаги инсонлар билан ўрганилган муаммолар ҳақида ёздик. Тўғриси, жамоат транспортларида ҳам, йўллар, йўлакларда ҳам, ҳатто айрим янги қурилаётган биноларда ҳам шароитлар яратилмаяпти.

Эсингизда бўлса, 2022 йил октябрь ойида Олий Мажлис Сенати Кенгаши мажлисида юқори палата раиси Танзила Норбоева шундай деган эди:

«Менга тааллуқли масала эмас экан, деган фикр билан кетиш керакмас. Ҳар бир ташкилот бу борадаги ўзига тегишли масалаларни режа асосида амалга оширмаса, ҳар йили йиғилиш ўтказиб, муаммони қайд этиб ўтираверамиз. Асосий мақсадимиз ногиронларни чеккага чиқариб қўйиш эмас, уларга давлат сифатида шароит яратиб бериш. Аслида ногиронлар учун шароитлар яратиш ислоҳотга кирмайди, бу — бизнинг мажбуриятимиз. Агар уларнинг салоҳиятини ошириши, қизиқишлари билан шуғулланиши, ўқиши, яшаши, эркин ҳаракатланишига имкониятлар яратсак, жамиятда ўз ўрнини топади».

Йиллар ортидан йиллар ўтяпти. Муаммолар қанчалик даражада ҳал этилди? Қачон ечилади, қонунчиликка кўра, қачон тўсиқсиз муҳит яратилади? Яқин кунларда мутасадди ташкилотларнинг жавобларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 21.02.2023, №7

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш