Гиёҳвандликка қарши курашиш — ҳаммамизнинг энг асосий ишимизга айланиши керак

 

Кейинги пайтларда ёшларимиз орасида кучли таъсир қилувчи ва таркибида психотроп моддалар мавжуд бўлган дори воситаларига қарамлик иллатига ружу қўйиш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Бу иллат ёш оилаларнинг барбод бўлишига, болаларнинг тирик етим қолишига зомин бўлаётгани таассуфлидир.

Бугунги кунда гиёҳвандлик дунё жамоатчилигини хавотирга соладиган даражада ёйилиб кетмоқда. Охирги 20 йилда кўп мамлакатларда гиёҳвандлик воситалари билан бирга психотроп ва психофаол моддаларни истеъмол қилувчиларнинг сони ошиб бормоқда.

Ушбу иллатнинг ёшлар орасида оммалашиши жуда хавфлидир. Ёшлар ўртасида бу иллатнинг кўпайиб кетишини ўсмирларнинг ҳар хил нарсаларга қизиқувчанлиги, тез таъсирга берилувчанлиги, уларнинг ушбу касаллик туфайли келиб чиқаётган асоратларни билмаслиги ҳамда аҳоли орасида гиёҳванд восита ёки гиёҳвандлик касаллиги тўғрисидаги ахборотларнинг камлиги билан тушунтириш мумкин.

Маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда республика ҳудудида гиёҳвандлик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи воситалар ноқонуний муомаласи учун жавобгарликка тортилган шахслар орасида ёшлар 74 фоизга ошган. Наркологик ҳисобга олинган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган гиёҳвандлик воситалари истеъмолчилари 60 фоизга кўпайган.

Энди савол туғилади: хўш, ёшларни гиёҳвандлик моддалари таъсирига тушиб қолишига нима сабаб бўлмоқда? Охирги вақтларда бу иллатга ружу қўйиш ҳолатлари нега борган сари кўпаймоқда?

Фикри ожизимча, айримлар тўқликка шўхлик қилса, бошқалар ўзи билмаган ҳолда – алдовлар натижасида унинг қурбонига айланиб қоляпти. Ёшларнинг ажал гирдобига тушиб қолишида кўпинча оиладаги муҳит ёки эътиборсизлик ҳам сабаб бўлмоқда. Бу дардга мубтало бўлганлар орасида ёшлар билан бирга, аёллар ҳам борлиги кишини ўйлантиради.

Шу маънода, бугун муаммонинг оқибатлари билан эмас, балки сабаблари билан курашиш самаралироқ. Бу кураш қандай амалга оширилади? Фақат тарғибот-ташвиқот ва медиа имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали.

Мамлакатимизда барча турдаги гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб борилмоқда. Хусусан, маҳаллаларда, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида, барча меҳнат жамоаларида гиёҳвандликнинг инсон соғлиғига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида маънавий-маърифий тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Ҳар йили февраль ойида ички ишлар органлари томонидан “Ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг тарқалишига қарши курашиш” ойлиги ўтказиб келинмоқда. Мазкур тадбирларда ёшлар орасида янги турдаги синтетик гиёҳвандлик воситалари ва “енгил наркотик” сифатида оммалашиб бораётган дори-дармонларнинг инсон саломатлиги билан бир қаторда, турмуш тарзига, келажагига, яқинларига салбий таъсири тушунтириляпти.

Ушбу иллатнинг олдини олиш учун аввало, хасталикнинг сабаб бўлувчи омилларини бартараф этиш, хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларни спортга жалб этиш, уларнинг маънавий дунёсини умуминсоний қадриятлар ва миллий ғурур ҳисси билан бойитиш ҳам ҳаётий заруратдир.

Ёшларни дунёқараши эндигина шаклланиб бораётган бир пайтда, уларни алдов йўллари билан гиёҳвандлик қурбонига айлантираётганлар оз эмас. Ўз ҳамёнини қаппайтириш илинжида оғуни вояга етмаган ёшлар орасида тарқатиб, уни истеъмол қилишга тарғиб қилаётганига жим қараб туриб бўлмайди. Гиёҳвандликка қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иши эмас, ҳаммамизнинг энг асосий ишимизга айланиши керак. Зеро, бунга ҳамма – бутун жамият бирдек масъул!

 

Муқаддас ЎРАЗАЛИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш