Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори томонидан амалга ошириладиган “Аҳоли бандлиги – ижтимоий ҳимоянинг энг мақбул йўли” лойиҳасининг

К О Н Ц Е П Ц И Я С И

Кириш

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни иш билан таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш, турмуш даражасини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўзбекистон ХДП мамлакатимизда олиб борилаётган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқаришлари учун муносиб шарт-шароитлар яратишга қаратилган сиёсатни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, партиянинг Сайловолди дастурида аҳолининг иш билан банд бўлмаган қатламлари, жумладан хотин-қизлар учун барқарор ва юқори иш ҳақи тўланадиган иш ўринлари яратиш масаласи устувор вазифа сифатида белгиланган.

 “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб,оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун зарур қулай шароитлар яратилганлиги айниқса, ёш болали аёллар ва меҳнат бозорида рақобатга бардош бера олмайдиган бошқа хотин-қизларни ишлаб чиқаришга жалб этиш имконини берди. Хотин-қизларнинг бу имкониятдан самарали фойдаланишларига кўмаклашиш уларнинг бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Касаначилик, оилавий тадбиркорлик ва уй меҳнатининг бошқа шаклларида меҳнат фаолиятини бошлаган хотин-қизларга меҳнат дафтарчаларини ва пенсия дафтарчаларини расмийлаштириш, юритиш ва ундан фойдаланиш тартибларини тушунтириш уларнинг меҳнат муҳофазаси ва пенсия таъминотига оид ҳуқуқларини таъминлашда ниҳоятда муҳимдир.

 Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда ЎзХДП Сайловолди Дастурида, 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат Дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори томонидан амалга ошириладиган “Аҳоли бандлиги – ижтимоий ҳимоянинг энг мақбул йўли”лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилди.

Лойиҳани ўтказишга асос:

Ўзбекистон ХДП Сайловолди Дастури ҳамда Ўзбекистон ХДПнинг 2019 йил иш режаси.

Лойиҳа мақсади:

- ЎзХДПнинг Сайловолди Дастури ҳамда 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат Дастурида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш;

- мамлакатимизда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқаришлари учун яратилган, ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар юзасидан хотин-қизлар орасида тушунтириш ишларини ташкил этиш;

- оилавий тадбиркорлик ва бошқа шаклларда ўз ишини очиш ва бизнесини бошлаш истагида бўлган ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд хотин-қизлар ва коллеж битирувчи қизларининг ўз ишини бошлаши ва (микрокредитлар олиш орқали) дастлабки сармоясини шакллантиришига кўмаклашиш;

- касаначилик, оилавий тадбиркорлик ва уй меҳнатининг бошқа шаклларида меҳнат фаолиятини бошлаган хотин-қизларга меҳнат дафтарчаларини ва пенсия дафтарчаларини расмийлаштириш, юритиш ва ундан фойдаланиш тартиблари, уларнинг меҳнат муҳофазаси ва пенсия таъминотига оид ҳуқуқларини тушунтириш

Лойиҳани амалга ошириш механизми :

Аҳолининг кенг қатламлари орасига чуқур кириб бориш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашда энг қуйи бўғиндаги ишларга кўмаклашиш мақсадида Лойиҳа ҳар ойда, ҳар бир тумандан 1 та маҳаллада амалга оширилади.

ЎзХДП Қорақалпоғистон республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари лойиҳанинг барча ҳудудларда бир хил ва самарали амалга оширилишини мувофиқлаштириб, амалий ёрдам кўрсатиб ва назорат қилиб борадилар. Лойиҳанинг жойларда ушбу Концепцияда белгиланган тартибда ўтказилиши учун ЎзХДП минтақавий кенгашларининг Мафкура ва тарғбот-ташвиқот масалалари бўлими шахсан масъулдирлар.

Шунингдек, туман бандликка кўмаклашиш маркази, пенсия жамғармаси вакиллари, маҳаллалар фаоллари, хусусан, маҳалланинг хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислари ва иш берувчи корхоналар билан ҳамкорлик қилинади.

Лойиҳани амалга ошириш учун аввало, ЎзХДПнинг туман-шаҳар кенгашлари томонидан йил давомида лойиҳа амалга ошириладиган маҳаллалар рўйхати шакллантирилади ва минтақавий Кенгашга тақдим этилади. Унга партия фаоллари, партия аъзоси бўлган раҳбар аёллар ва депутат аёллар жалб этилади.

Лойиҳа ҳар бир маҳалла учун алоҳида режа асосида, қўйидаги йўналишларда амалга оширилади.

 Тарғибот йўналишида:

Маҳалладаги меҳнатга лаёқатли, ишлаш ёки ўз тадбиркорлигини бошлаш истагида бўлган хотин-қизлар иштирокида “Аҳоли бандлиги – ижтимоий ҳимоянинг энг мақбул йўли” мавзусида давра суҳбати ўтказилади. Унга, маҳаллий кенгаш депутатлари, туман бандликка кўмаклашиш маркази, пенсия жамғармаси вакиллари, маҳалладаги хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислар, шунингдек шу ҳудудда жойлашган янги иш ўринлари, жумладан касаначилик асосидаги иш ўринлари мавжуд бўлган корхоналар масъул ходимлари таклиф этилади.

Давра суҳбатида мамлакатимизда олиб борилаётган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқаришлари учун яратилган, ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар, ҳар йили қабул қилинадиган, Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури доирасида ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли, жумладан хотин-қизлар учун яратиладиган янги иш ўринлари, касаначилик, оилавий тадбиркорлик ва уй меҳнатининг бошқа шаклларида меҳнат фаолиятини бошлаган хотин-қизларга меҳнат дафтарчаларини ва пенсия дафтарчаларини расмийлаштириш, юритиш ва ундан фойдаланиш тартиблари, уларнинг меҳнат муҳофазаси ва пенсия таъминотига оид ҳуқуқлари хусусида ахборотлар берилади.

Шу билан бирга меҳнат соҳасига оид қонун ҳужжатлари юзасидан, таклиф этилган мутахассислар ва иштирокчиларнинг таклифлари олинади.

 Таҳлилий йўналишда (тадбир ўтказиладиган кундан 10-15 кун олдин таҳлил қилинади):

- маҳалладаги партия электорати ҳисобланган хотин-қизлар орасидан ишлашга, касаначилик меҳнати, оилавий, якка тадбиркорлик билан шуғулланишга хоҳиши ва малакаси бор хотин-қизлар аниқланади;

- уларнинг мутахассислиги таҳлил қилинади. Ҳар бир хотин-қиз учун улар тўғрисида тўлиқ маълумотлар акс эттирилган шахсий сўровнома тўлдирилади.

- тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд коллеж битирувчи қизлари аниқланади ва уларнинг рўйхати алоҳида шакллантирилади

- ҳудуддаги мавжуд корхоналардаги бўш иш ўринлари, уларнинг касаначилик меҳнатини ташкил этиш бўйича имкониятлари, шунингдек, корхона ва ташкилотларнинг мутахассисликларга бўлган эҳтиёжи ўрганилади.

Ташкилий йўналишда (тадбир ўтказиладиган кун):

- бўш иш ўрни мавжуд ёки касаначилик меҳнатини ташкил этишга имконияти бор корхоналарга ишлаш истагини билдирган хотин-қизларнинг сўровнома-анкеталари тақдим этилади;

- оилавий, якка тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган хотин-қизлар, коллеж битирувчи қизларига ўз ишини бошлашлари учун йўл-йўриқлар кўрсатилади ҳамда мутахассисларни жалб этган ҳолда кредит олишлари учун тегишли ҳужжатларни тайёрлаш, бизнес режаларини ишлаб чиқиш, тегишли банкларга тақдим этиш ва банклар томонидан кредит олиш масалаларида кўмак берилади.

- туман Бандликка кўмаклашиш марказлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этиладиган бўш иш ўринлари ярмаркаларида шу маҳалладаги ишлаш истагида бўлган хотин-қизларнинг иштирок этиши ташкиллаштирилади ва унда ўзлари учун муносиб иш топишига кўмаклашилади.

- лойиҳа доирасида ҳамкорлик қилган бандликка кўмаклашиш, пенсия таъминоти ва бошқа ижтимоий соҳалар вакиллари бўлган фаол аёллар, диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш жараёнида ишга жойлашган, давра суҳбатларида ўз нуқтаи-назарини ифода этиш ва таклифларини билдириш орқали фаол иштирок этган бир гуруҳ хотин-қизлар партия сафига қабул қилинади.

- лойиҳа доирасида шу ҳудуддаги корхона ташкилотларда партиянинг бошланғич ташкилотлари очилади.

Лойиҳадан кутилаётган натижа:

- хотин-қизларга мамлакатимизда олиб борилаётган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқаришлари учун яратилган, ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар ҳақида тушунтирилади;

- ишлаш истагида бўлган хотин-қизларнинг шу ҳудуддаги бўш иш ўрни мавжуд ёки касаначилик меҳнатини ташкил этишга имконияти бор корхоналарга ишга жойлашишига кўмаклашилади;

 -оилавий тадбиркорлик ва бошқа шаклларда ўз ишини очиш ва бизнесини бошлаш истагида бўлган ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд хотин-қизлар ва коллеж битирувчи қизларининг ўз ишини бошлаши ва (микрокредитлар олиш орқали) дастлабки сармоясини шакллантиришга кўмаклашилади;

- хотин-қизлар бандлигини таъминлаш орқали уларни ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламдан оиласига даромад келтирувчи, давлат бюджети даромадлари шаклланишига ҳисса қўшувчи ижтимоий-иқтисодий фаол инсонларга айланишига кўмаклашилади.

- лойиҳани амалга ошириш жараёнида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш юзасидан аниқланган муаммолар ва уларнинг ечимига доир таклифлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларига тақдим этилади

- меҳнат қонунчилигида хотин-қизларининг меҳнат соҳасига оид ҳуқуқларининг ифода этилиши ва уни янада такомиллаштиришга оид таклиф мулоҳазалар олинади, таҳлил қилинади ва умумлаштирилиб Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎЗХДП фракциясига тақдим этилади.

- Лойиҳа доирасида фаол аёллар партия сафига қабул қилинади, партиянинг янги бошланғич ташкилотлари очилади.

Лойиҳанинг амалга оширилиши юзасидан ҳар ойнинг якуни бўйича (кейинги ойнинг 4 санасигача) белгиланган тартибда ЎзХДП МКга маълумотлар тақдим этиб борилади.