Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Сайловолди дастури

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлардаги

С А Й Л О В О Л Д И   Д А С Т У Р И

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси (кейинги ўринда Ўзбекистон ХДП деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва давлат ҳокимияти маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик бирлашмалари орқали ўзининг келгуси даврда амалга оширишни мўлжаллаган дастурий мақсад ва вазифаларини Ўзбекистон тараққиётининг бош стратегик мақсадиаҳоли турмуш даражаси юқори бўлган ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш борасидаги вазифалардан келиб чиқиб белгилайди.

Мамлакатимизда ўтган 23 йилда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари иқтисодий ва демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратди.

Ушбу шароитларда мамлакатимизни ислоҳ этиш ва демократик модернизация қилишнинг янги босқичидаги устувор вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этиш Ўзбекистон ХДП фаолиятининг асосий стратегик йўналишига айланади. Устувор иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий вазифаларни ҳал қилиш жараёнига демо­кратик механизмлардан самарали фойдаланиш орқали таъсир кўрсатишбу мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришларга партиямиз дахлдорлигининг энг яхши амалий кўринишидир.

Ўзбекистон ХДП сайлов кампаниясига киришар экан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида кўпчилик ўринларни эгаллашни мақсад қилиб қўйган. Партия вакиллик демократияси механизм­лари воситасида қонунларни қабул қилиш, давлат ҳокимияти ижроия органларини шакллантириш ва улар томонидан ривожланишнинг устувор йўналишлари ҳамда тегишли вазифаларни амалга ошириш йўлларини белгилашда амалий таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлишни кўзда тутмоқда.

Партия, ижтимоий адолат ва ижтимоий ҳимоя каби халқ демократияси тамойилларига амал қилган ҳолда, давлат ҳокимиятининг сайланма органларида аҳолининг қуйидаги қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишни мақсад қилиб қўяди. Булар:

давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари, шу жумладан пенсионерлар, ногиронлар, кам таъминланган оилалар, моддий ёрдам ва ижтимоий нафақага эҳтиёжманд кишилар;

ижтимоий ёрдам ва ижтимоий муҳофаза билан шуғулланаётган бюджет ва ­бошқа ташкилотлар ходимлари, ижти­моий соҳанинг бошқа вакиллари;

касбий малака, доимий иш жойи ва маошга эга бўлмаган, иқтисодиётда банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли қатламлари.

Партия, шунингдек, бу инсонларнинг манфаати ва ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ ижтимоий вазифаларни ҳал қилишда барқарор ижтимоий тараққиёт ва ишончли ижтимоий кафолатлар яратилишидан манфаатдор бўлган бошқа кишиларнинг ҳам кўмагига таянади.

 

ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАРГАИЖТИМОИЙ САМАРАДОРЛИК

Ўзбекистон мустақил ривожланишининг дастлабки йилларида танлаб олинган тараққиёт ва иқтисодиётни ислоҳ қилиш модели ўзини тўлиқ оқлади. Тараққиётнинг ўзбек модели асосини ташкил этувчи беш тамойилдан бирикучли ижтимоий сиё­сатни амалга ошириш, ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун, унинг фаровонлигини таъминлаш учун экани билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон ХДП эришилган натижаларни юқори баҳолаб, келгусида ҳам мамлакатимизнинг ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятидан аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан, унинг кам таъминланган гуруҳлари турмуш даражасини яхшилаш учун фойдаланишга қаратилган стратегик йўналишни фаол қўллаб-қувватлайди. Шу мақсадда партия ўзининг барча ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари саъй-ҳаракатларини ушбу йўналишдаги амалий ишларда иштирок этишга қаратади.

Танланган йўлимизга кўра, бозор иқтисодиёти ижтимоий йўналтирилган ва энг аввало жамият манфаатларига қаратилган бўлиши лозим.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП учун иқтисодий ислоҳотларда асосий ­сиёсий устувор вазифа кўпчилик аҳоли, аввало, унинг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватланишга эҳтиёжманд қатламлари манфаатига йўналтирилган ижти­моий сиёсат юритиш орқали иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш ҳисобланади. Ушбу кучли ижтимоий сиёсат қуйидагиларни таъминлаши лозим:

меҳнатга лаёқатли аҳолининг муносиб ҳақ тўланадиган иш топишга интилишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг шахсий ташаббускорлиги ва тадбиркорлигини рағбатлантириш;

мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга, уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, албатта биринчи иш ўринларига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитларни яратиш;

пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар, етим-есирлар ва аҳолининг меҳнат қила олмайдиган бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини вужудга келтириш.

Ушбу вазифаларни ҳал этиш иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларини танлашда давлатнинг асосий тартибга солувчилик ролини янада мустаҳкамлашни талаб этади, бу эса амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ижтимоий самарадорлигининг зарурий шарти ҳисобланади.

 

БАНДЛИК СОҲАСИДАГИ ИЖТИМОИЙ СИЁСАТХАЛҚ ТУРМУШ ДАРАЖАСИ ВА СИФАТИНИ ОШИРИШ, ФУҚАРОЛАР УЧУН МУНОСИБ ТУРМУШ ШАРОИТЛАРИНИ ЯРАТИШ

Ўзбекистон ХДП мамлакатимизда иш ўринлари ташкил этиш ва меҳнатга лаёқатли аҳолининг бандлик даражасини ошириш бўйича амалга оширилаётган мақсадли чораларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Мақсадли давлат дастурлари асосида мазкур йўналишда амалга оширилаётган чоралар ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши, ички истеъмол бозорини ўзимизда ишлаб чиқарилган товарлар билан тўлдириш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг экспортбоплигини оширишнинг муҳим омили ҳисобланади.

Партия фикрича, аҳоли бандлиги соҳасидаги сиёсатни такомиллаштиришнинг устувор йўналиши банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳолини корхоналарда муносиб ҳақ тўланадиган барқарор иш ўринлари билан самарали таъминлашдан иборат бўлмоғи лозим. Уларнинг сирасига, биринчи навбатда, ишлаб чиқариш соҳасининг юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидаги корхона ва ташкилотлар киради. Ушбу соҳаларга мамлакатимизда мавжуд бўш меҳнат ресурсларини фаол жалб қилиш барқарор иқтисодий ўсишнинг муҳим омили ҳисобланади.

Шунингдек, партия, давлат ҳокимияти барча идораларининг аҳолининг манзилли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича энг муҳим вазифасимеҳнатга лаёқатли одамларни ишга жойлаштириш, аввало, ёшлар бандлигини таъминлашдан иборат бўлиши лозим, деб ҳисоблайди.

Партия келгусида ҳам аҳоли бандлиги ва янги иш ўринлари ташкил этиш дастурларининг асосий параметрларини ишлаб чиқишда фаол қатнашади ва уларнинг жойларда ижро этилиши устидан самарали парламент, депутатлик ва жамоат­чилик назоратини давом эттиради.

Ўзбекистон ХДП корхона ва иш берувчиларнинг тегишли ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежларига бириктирилиши ҳамда мунтазам ҳаракатдаги «коллеж-корхона» алоқаларининг йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлайди.

Партиямиз ҳар бир туман ва шаҳар ­миқёсида коллеж битирувчиларининг мутахассислиги бўйича бандлигини таъминлашга қаратилган аниқ режаларни ишлаб чиқиш ва амалда ижро этиш борасидаги масъулиятни ошириш, шу билан бирга, ҳар бир битирувчининг истиқболдаги иш жойини аввалдан аниқлаш, уларнинг ишлаб чиқариш амалиётини мазкур иш ўринларида ўташларини таъминлаш лозим, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон ХДП, шунингдек, бандлик ва иш ўринлари яратиш ҳудудий дастурлари ва муайян тармоқлар талабига мувофиқ, олий ва ўрта махсус маълумотли мутахассислар тайёрлаш дастуридан келиб чиқиб, яқин келажакда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ўз партия гуруҳлари орқали жойларда товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ўрта муддатли инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ташаббусини илгари суради.

Ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган кишилар бандлигини таъминлашнинг самарадорлигига эришиш мақсадида партия қуйидаги соҳаларда меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш ва такомиллаштириш лозим деб ҳисоблайди:

меҳнатга лаёқатли аҳоли кўп бўлган ҳудудларда аҳолининг барқарор равишда етарли маош олиб туришини таъминлаш мақсадида саноат корхоналарини ривожлантириш ва янги иш ўринлари ташкил этишни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган махсус минтақавий жамғармаларни тузишни рағбатлантириш. Бунда ушбу тоифадаги одамларнинг маошлари уларнинг ижтимоий суғурта ва ёши бўйича нафақа билан таъминланганлиги даражасини кафолатланишига эришиш;

— «ишлаб чиқариш ипотекаси»ни ривожлантириш, яъни зарар кўриб ишлаётган корхоналарни тижорат банкларининг инвестиция сармоялари ҳисобига модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан янгилаш, шу орқали барқарор иш ўринларини яратиш;

корхона ва ташкилотлар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўрта махсус маълумотга эга бўлган кадрлар тайёрлаш амалиётини ривожлантириш. Бунда соҳа корхона ва ташкилотларининг ўқувчиларнинг юқори касбий малакасини кафолатловчи ишлаб-чиқариш амалиётини самарали ташкил этиш борасидаги масъулиятини ошириш;

касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ўзлари мустақил равишда иш ўрнига эга бўлишларини таъминлаш, якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун уларга имтиёзли микрокредитлар бериш, ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишдаги мавжуд тўловлардан озод этиш йўли билан уларнинг бандлигини таъминлашни рағбатлантириш;

бир марталик вақтинча иш билан банд бўлган шахслар меҳнат фаолиятининг қонуний асосларини такомиллаштириш, уларнинг пенсия таъминоти ва ижтимоий суғуртаси билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш.

Имкон доирасида меҳнат билан банд бўлишга ҳаракат қилаётган ногиронларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш мақсадида партия қуйидагиларга эришишга ҳаракат қилади:

ногиронлар меҳнат қилиши учун ихтисослашган корхоналарни ташкил этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш, жумладан, ушбу мақсадда давлатнинг марказлашган сармоялари ҳисобидан бундай корхоналар тармоғини ривожлантириш чораларини кўриш;

йирик корхоналарга касаначилик иш жойларини ташкил этиш бўйича мажбурий квоталар белгилаш орқали жисмоний имкониятлари чекланган шахслар (ногиронлар)ни касаначилик фаолиятига жалб қилишни кенгайтириш.

 

КАМ ТАЪМИНЛАНГАН ОИЛАЛАРНИ МАНЗИЛЛИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ

Мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимизда эришилган аҳолининг юқори ижтимоий таъминланганлик даражаси инсон фаровонлиги ва жамият ижтимоий бар­қарорлигининг мустаҳкам пойдеворидир. Партиянинг фикрича, амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий йўналтирилганлигини сақлаб қолиш орқали аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратилади.

Аҳолининг кам таъминланган қатламлари ва ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган инсонларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон ХДП кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларни тўлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини микрокредитлаш ва микромолиялаш тизимининг янада самарадорлигини ошириш ва ислоҳ қилиш тарафдоридир. Шу мақсадда партия келгуси даврда қуйидагиларни амалга оширишга қарор қилган:

кам таъминланган оилалар аъзоларига ижтимоий нафақа тўлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш билан бирга муқобил асосда ўз ишини очиш учун уларга беғараз ссуда ва грант бериш институтини жорий қилиш йўли билан уларнинг тадбиркорлик фаоллигини давлат томонидан рағбатлантириш тизимининг меъёрий асосларини ишлаб чиқиш ва амалиётга киритишга эришиш;

фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларининг кам таъминланган аҳоли қатлами, биринчи навбатда ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам бериш имкониятлари ва ҳуқуқларини кенгайтиришга кўмаклашиш. Ушбу мақсадларда партия келажакда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида бюджетдан ташқари моддий ёрдам жамғармаларини шакллантириш бўйича ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга эришиш.

Партиямиз ўзининг маҳаллий ва бош­ланғ­ич ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари орқали қуйидагиларни амалга оширади:

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идоралари томонидан аҳолининг банд бўлмаган ва кам таъминланган қатламларини ўз ишини очиш ва бизнес юритиш кўникмаларига ўргатиш мақсадида тегишли ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун маслаҳат марказларини ташкил этишга оид қонунчиликда кўзда тутилган меъёрларни амалга оширишга кўмаклашиш;

ижтимоий хизматлар, ташкил этилаёт­ган маслаҳат марказлари мақбуллигини таъминлаш устидан, шунингдек, аҳолининг кам таминланган қатламлари ва ишга жойлашишда қийналаётган одамларнинг улардан фойдаланишлари учун тенг имконият­лар таъминланиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш.

 

СОЛИҚ ВА БЮДЖЕТ СОҲАЛАРИ САМАРАЛИ ТАРТИБГА СОЛИНИШИ, ПУЛ-КРЕДИТ МУНОСАБАТЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ СИЁСАТНИНГ МУҲИМ ОМИЛЛАРИДИР

Ўзбекистон ХДП юртимизда ижтимоий соҳани молиялаштиришга давлат бюджетининг салмоқли қисми сарфланаётгани мамлакатимизда амалга оширилаётган бюджет ва молия сиёсатининг муҳим ютуғи, деб ҳисоблайди.

Ушбу йўналишни қўллаб-қувватлаб, ижтимоий соҳага йўналтирилаётган давлат бюджети даромадлари даражасини янада оширишни ёқлар экан, партия тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, юридик шахс мақомига эга бўлмасдан тадбиркорлик фаолиятини юритаётган тадбиркорлар томонидан солиқ ва унга тенглаштирилган тўловларнинг тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши устидан давлат назорати механизмларини такомиллаштириш бўйича чораларни амалга оширишни таклиф этади.

Шунингдек, партия халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ўзининг партия гуруҳлари орқали меҳнат ва уруш фахрийлари пансионатлари, «Саховат», ­«Мурувват» ва «Меҳрибонлик» уйлари, ­ногирон болалар учун мактаб интернатларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, сифатли тиббий хизматларни кўрсатиш учун шароитлар яратиш ва ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлар ва тегишли болалар муассасалари тарбияланувчиларининг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга йўналтирилаётган бюджет маблағларининг қатъий белгиланган мақсадлар учун самарали ишлатилиши устидан назоратни кучайтириш ниятида.

Пул-кредит муносабатлари борасида партия қуйидаги масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий база ва тегишли ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга эришишни мўлжалламоқда:

терминал тармоғи ва онлайн тўловлар тизимини янада кенгайтириш орқали аҳолининг нақд пулсиз тўлов воситаларига ишончини ошириш ва бундан уларнинг манфаатдорлигини кучайтириш бўйича қўшимча чоралар кўриш, аҳолига тўланадиган нақд пул ва пластик карталар асосидаги нақдсиз тўловлар ўртасидаги энг мақбул нисбатни таъминлашга эришиш;

тегишли идоралар ва мансабдор шахс­ларнинг савдо тармоғи, шу жумладан, деҳқон бозорларида терминалларнинг узлуксиз ишлаши ва аҳолига пластик карточкалар ҳисоб рақамидаги маблағлар ­доирасида банкомат ёки банк кассалари орқали нақд пул маблағларининг бемалол берилиши учун масъулиятини ошириш;

давлат ва жамиятнинг қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд аҳоли қатламларига пенсия ва ижтимоий нафақаларни тўлашда банк пластик карточкаларига уларнинг истакларини инобатга олган ҳолда ўтказилиши ва уларни ўз вақтида берилиши устидан қатъий назоратни таъминлаш.

 

ЮҚОРИ ДАРАЖАДАГИ ИЧКИ ТАЛАБИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТНИНГ ҲАРАКАТЛАНТИРУВЧИ КУЧИ

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда барқарор иқтисодий ривожланиш ижтимоий самарадорлигининг ишончли далилларидан бири аҳоли реал даромадларининг изчил ортишидир.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП келгуси даврда ҳам меҳнатга ҳақ тўлашни изчил ошириб бориш, шунингдек солиқ базасини кенгайтириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш ва солиқ маъмурий бошқарувини яхшилаш ҳисобига жисмоний шахсларнинг, авваламбор, аҳолининг кам таъминланган қатламларининг даромадларига солинадиган солиқ ставкаларини босқичма-босқич пасайтириш сиёсатини қўл­лаб-қувватлайди.

Ушбу чоралар аҳолининг харид қобилия­тини оширишга, демакки, ички талабнинг ортишига хизмат қилади. Бу эса иқтисодий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва иқтисодиётнинг реал сектори ўсиш суръатларини изчил ошириб боришнинг мустаҳкам асоси ҳисобланади.

Мазкур чоралар, айниқса, меҳнатга паст ҳақ тўланадиган жойларда иш берувчилар ва ходимлар ўртасида очиқ меҳнат муносабатларини ўрнатишга, меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий ва бошқа кафолатларга амал қилинишини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон ХДП, шунингдек, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар миқдорини оширишни ҳам ёқлайди.

 

ТОВАР ВА ХИЗМАТЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ МАҚБУЛЛИГИ

Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган манзилли ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири аҳоли, шу жумладан, унинг кам таъминланган қатламлари учун бирламчи эҳтиёж бўлган товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлашдан иборат.

Ўзбекистон ХДП бу масалада мустақил тараққиёт йилларида эришилган натижаларни юқори баҳолаб, ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматларга нархларнинг шаклланиши устидан давлат назорати самарадорлигини янада оширишни ёқлайди. Бундан кўзланган мақсад уларга бўлган нарх ва тарифлар ўсиши тегишли давлат қарорлари билан белгиланадиган ойлик маош, пенсия, стипендиялар ва ижтимоий нафақаларни ошириш кўрсаткичларидан ошмаслигини таъминлашдан иборат.

Шу мақсадда партия қуйидагиларга эришиш ниятида:

— минимал давлат ижтимоий стандарт­лари (бепул таълим, тиббий ёрдам, уй-жой таъминоти, ижтимоий нафақа ва бошқалар)ни белгилаш тартибини ишлаб чиқиш ва тегишли қонунчилик ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйиш;

— ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар бозорида устун мавқега эга (ҳукмрон) бўлган субъектларнинг монополистик фаолиятини чеклашга йўналтирилган монополияга қарши сиёсат самарадорлигини ошириш. Монопол корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга нарх ва тарифларни ўрнатишда уларнинг кам таъминланган аҳоли қатламлари учун мақбуллигини таъминлашдаги давлат бошқарувини кучайтириш.

 

УЙ-ЖОЙ ВА КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАР, ИЖТИМОИЙ ИНФРАТУЗИЛМА ОБЪЕКТЛАРИНИНГ МАҚБУЛЛИГИ

Мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланиши борасида амалга оширилаётган стратегиянинг муҳим ижтимоий йўналиши аҳоли турмушининг сифатини оширишдир. Кейинги йилларда амалга оширилаётган қишлоқ аҳоли пунктларида замонавий лойиҳалар бўйича уй-жойлар қуришга қаратилган кенг кўламли дастурлар аҳоли турмуши ва яшаш тарзига катта ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу ишларни изчил давом эттириш билан бир қаторда, уй-жой-коммунал хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, бунинг учун зарур бўлган муҳандислик ва ижтимоий инфратузилмани жадал тараққий топтириш зарур.

Ушбу вазифаларни ҳал қилишда эришилган натижалар ва олиб борилаётган ишлар аҳолининг ижтимоий жиҳатдан заиф қатламларининг сифатли уй-жой шароитлари, ижтимоий инфратузилма билан таъминланганлик даражасини оширишга хизмат қилади. Шу муносабат билан Ўзбекистон ХДП келгуси давр­да қуйидаги вазифаларни амалга ошириш зарур, деб ҳисоблайди:

— давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағларнинг бир қисми ҳисобидан аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари учун ижтимоий уй-жой фондини ташкил қилишнинг аниқ меха­низм­ларини яратиш;

— ногиронларнинг ижтимоий инфратузилмалар, шу жумладан, турар-жой ва жамоат бинолари, транспорт коммуникацияларидан бемалол фойдаланишлари учун шароитларни яхшилаш, шунинг­дек, аҳоли пунктлари, бино ва иншоот­ларни ногиронлар учун мослаштирган ҳолда лойиҳалаштириш;

— аҳолига хизмат кўрсатадиган транспорт тизимини, тежамкор ер усти транспорти турларини ривожлантириш учун инфратузилмани яхшилаш, шу жумладан, велосипед йўлакларини қуриш ва бошқа қулайликларни таъминлаш.

Коммунал хизматлар ва кўп қаватли уйларда турар жойдан фойдаланиш харажатлари нархларининг ижтимоий мақбуллик даражасини ошириш мақсадида партия қуйидагиларга эришишни кўзламоқда:

— тармоқ муҳандислик инфратузилмаси билан боғлиқ бўлмаган коммунал хизматларни кўрсатишнинг арзон муқобил турларини ривожлантириш;

— табиий монополия субъектлари бўлган корхоналарнинг хизматлари (электр ва иссиқлик қуввати, газ таъминоти, ичимлик суви ва канализация хизматлари)га нарх ва тарифларни ўрнатишнинг иқтисодий асосланган аниқ мезонларини ишлаб чиқиш.

 

АҲОЛИГА КЎРСАТИЛАЁТГАН ТИББИЙ ЁРДАМ ВА ХИЗМАТЛАРНИНГ МАҚБУЛЛИГИ ВА ЮҚОРИ СИФАТИНИ ТАЪМИНЛАШ

Соғлиқни сақлаш соҳасини изчил ислоҳ қилиш натижасида мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳолига тиббий ёрдам ва хизмат кўрсатишнинг яхлит замонавий инфратузилмаси шакллантирилди. Уни ривожлантиришга йўналтирилаётган бюджет харажатлари йил сайин ортиб бормоқда.

Ўзбекистон ХДП бу стратегик йўналишни қўллаб-қувватлаган ҳолда аҳолига бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами ва мақбул тиббий хизмат кўрсатилишини янада кенгайтириш ва унинг сифатини оширишни муҳим йўналиш деб, ҳисоблайди.

Шу мақсадда партия ўзининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари орқали аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига малакали тиббиёт-санитария ёрдами ва асосий тиббий хизматларни бепул кўрсатиш билан боғлиқ тегишли қонунлар ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар бажарилиши устидан тизимли депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш ниятида. Зарурат бўлган ҳолларда қуйидаги масалалар бўйича қўшимча чоралар кўрилишига интилади:

— биринчи тиббий ёрдамдан қулай ва тезкор фойдаланишни таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари (ҚВП), айниқса, олис қишлоқлар аҳолиси учун ҚВП тармоғини кенгайтириш;

— жисмоний имконияти чекланган кишилар ва бошқа айрим тоифаларга имтиёзли асосда бериладиган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар рўйхатини кенгайтириш;

— фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти, дори воситалари ва тиббий анжомларга нархларнинг қўйилиши устидан давлат назоратини кучайтириш, шунингдек, дори воситалари рекламасини чеклаш.

 

МАҚБУЛ ВА СИФАТЛИ ТАЪЛИМ ҲАМДА МАДАНИЙ-ГУМАНИТАР СОҲАДАГИ ТЕНГ ИМКОНИЯТЛАР УЧУН

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда таълим соҳасини тубдан янгилаш ва ислоҳ қилиш борасида салмоқли натижаларга эришилди. Мамлакатимизда ёшларни умумтаълим ва касб тайёргарлигини таъминлашнинг замонавий модели амалга оширилган бўлиб, унинг воситасида ҳар томонлама баркамол ва мус­тақил фикрловчи, меҳнат бозорида талаб катта бўлган касбларни эгаллаган, қатъий фуқаролик позициясига эга ёшлар тарбияланмоқда.

Ўзбекистон ХДП сифатли таълим ва касб-ҳунар ўрганишнинг барча учун тенг, адолатли ва ижтимоий жиҳатдан мақбул тизимини янада такомиллаштиришни ёқлаш билан бир қаторда, қуйидагиларни муҳим, деб ҳисоблайди:

— жамиятнинг барча қатламларига эркин ва тенг таълим олиш имкониятларини яратиш мақсадида минтақалардаги демографик ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, мактабгача, ўрта, ўрта-махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларини олдиндан барпо этиш амалиётини янада ривожлантириш;

— бепул ва имтиёзли тўловлар асосида фаолият кўрсатадиган мактабгача таълим давлат муассасалари тармоғини кенгайтириш;

— кўп болали, кам таъминланган оилалардан бўлган ва тўлов-контракт асосида ўқаётган талабалар учун имтиёзли таълим кредитлари бериш;

— мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхона ва ташкилотларнинг ушбу корхоналар эҳтиёж сезган мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш учун олий ўқув юртларига грантлар ажратишларини қўшимча рағбатлантириш;

— ногирон болаларни зарур махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминлашни ўз ичига оладиган инклюзив таълим тизимини янада ривожлантириш ва соҳа ўқитувчиларига имтиёзлар жорий этиш, жисмоний имкониятлари чекланган (ногирон) талабаларнинг олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятларини кенгайтириш;

— педагогик маълумотга эга, лекин бола тарбияси билан машғул бўлгани боис ишламайдиган аёлларнинг оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатидаги уй меҳнатини ташкил этиш.

Маданий-гуманитар соҳада ижтимоий тенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш мақсадида партия қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблайди:

— кам таъминланган, барқарор даромадга эга бўлмаган оилалардан чиққан қобилиятли ҳамда истеъдодли болаларни эрта аниқлаш ва давлат грантлари ажратиш орқали қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш;

— мамлакат бўйлаб, айниқса, олис ва бориш қийин бўлган қишлоқ аҳоли пункт­ларида аҳолининг кам таъминланган қатламларига мақбул бўлган ёш авлоднинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда спорт билан шуғулланиши учун мўлжалланган инфратузилмани янада ривожлантириш;

— ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини, айниқса, қиз болаларни спорт анжомлари ва кийимлари билан кенг таъминлаш.

 

ДАВЛАТ ҚУРИЛИШИ ВА СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДАГИ ИЖТИМОИЙ ЖИҲАТДАН УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАР

Ижтимоий келиб чиқиши, моддий аҳволи ва жамиятдаги ўрнидан қатъий назар, ҳар бир инсонга унинг шахсий фазилатлари ва истеъдодини ривожлантириш, фуқаролик ва умуминсоний ҳуқуқларини амалга ошириш имконини берадиган зарур шароитларни яратиш Ўзбекистонда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим ижтимоий устувор йўналиши ҳисобланади.

Ушбу устувор йўналишга амал қилаётган Ўзбекистон ХДП аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий манфаатлари ва ҳаётий эҳтиёжларига оид давлат қонунлари ва бошқа қарорларини тайёрлаш ҳамда қабул қилишда очиқликни таъминлашни қўллаб-қувватлайди. Ушбу масалаларда партиямиз қуйидаги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш лозим, деб ҳисоблайди:

— ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни тартибга солувчи қонунларни ишлаб чиқишда қонун нормаларининг бевосита таъсир этишига, яъни ҳавола нормаларсиз қабул қилинишига эришиш;

— аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳ­тиёжманд қатламларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва фуқароларнинг ижтимоий манфаатларига дахлдор бошқа масалаларга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши мажбурийлигини белгилаш;

— мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда катта қизиқишга сабаб бўладиган масалалар бўйича қарор қабул қилишдан аввал ушбу масалалар юзасидан жамоатчилик маслаҳатлашувларини ўтказишнинг мажбурийлигини белгилаш. Бунда ҳукумат сиёсий партияларнинг парламентдаги фракциялари билан, жойлардаги ҳокимликлар эса партияларнинг тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги гуруҳлари билан маслаҳатлашувлар ўтказиши лозим.

Ўзбекистон ХДП келажакда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида партия­лараро рақобат механизмларини ривожлантиришни давом эттириш тарафдори. Ушбу мақсадларда партия парламентдаги мухолифат фаолияти кафолатларини мустаҳкамлашга интилади.

Шунингдек, партия ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назорати институтини кучайтириш, жумладан, парламент томонидан янги та­йинланган ҳукумат фаолияти дастурини маъқуллашнинг процессуал механизмларини такомиллаштириш ва Вазирлар Маҳкамасининг ушбу дастур бажарилиши тўғрисидаги йиллик ҳисоботини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан эшитиш амалиётини жорий қилиш тарафдори.

Партия ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш доирасида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларининг интерфаол давлат хизматлари ягона портали ва бошқа тегишли тармоқ ресурсларидан фойдаланиш имкониятини таъминловчи, аҳолига қонунлар ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви ви­лоят, туман ва шаҳар идораларининг фуқаролар манфаатига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари матни билан танишиш имконини берадиган шохобчалар тармоғининг ташкил этилишига эришишга ҳаракат қилади.

Партия ўзининг ижтимоий ҳамкорлари — Республика «Нуроний» жамғармаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, ногиронлар жамиятлари ва бошқа тузилмалар билан яқиндан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида.

Суд-ҳуқуқ соҳасида партия фуқароларнинг, айниқса, аҳолининг кам таъминланган қатламларининг, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш, хусусан, даъво аризалари киритилганда олинадиган давлат божи миқдорларини мақбуллаштиришни қўллаб-қувватлайди.

Партия суд ва суд процесси иштирокчилари ўртасида ўзаро самарали алоқа ўрнатилишини, жумладан, суд ҳужжатлари ва хабарномаларини етказишнинг замонавий услубларини жорий этиш орқали процессуал механизм­ларни такомиллаштириш лозим, деб ҳисоблайди.

Партия суд ҳокимияти самарадорлигининг асосий мезонларидан бири — суд қарорларининг сифатли ижросини таъминлаш, деб ҳисоблайди ва суд қарорлари бажарилиши устидан судларнинг назоратини кучайтиришга қаратилган қонунчилик ташаббусларини илгари суради.

 

ЖАМИЯТДАГИ ИЖТИМОИЙ БАРҚАРОРЛИКНИНГ ЮҚОРИ ДАРАЖАСИ — ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИ МУВАФФАҚИЯТЛИ АМАЛГА ОШИРИШНИНГ МУҲИМ ШАРТИДИР

Ўзбекистон ХДП, ахборот хуружи хавфи ортиб бораётган ҳозирги шароитда унга қарши курашда жамиятнинг ижтимоий бирдамлигини кучайтириш жуда муҳим, деб ҳисоблайди.

Бизнингча, жамиятдаги барқарорликни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муаммоларни ўз вақтида самарали ҳал қилиш учун маҳаллий ва бошланғич партия ташкилотлари томонидан жойларда ижтимоий-иқтисодий вазият ва партия электорати кайфиятининг тизимли мониторингини ташкил этиш лозим.

Ўзбекистон ХДП маҳаллий партия кенгашларида фаолият юритаётган Жа­моатчилик қабулхоналарининг иш самарадорлигини ошириш, йирик бошланғич партия ташкилотларида бундай қабулхоналар тармоқларини кенгайтириш ва уларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳлари билан ўзаро алоқасини мустаҳкамлаш бўйича чоралар кўришни мақсад қилиб қўйган.

Партия ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, уларни очиқ, ошкора ва ижобий руҳда муҳокама қилиш, ўз вазифа ва бурчларини уддалай олмаётган давлат, хўжалик бошқаруви идоралари, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими раҳбарларини асосли танқид қилишни қўллаб-қувватлайди.

 

ТЕНГ ҲУҚУҚЛИ МУЛОҚОТ ВА ЎЗАРО МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИККА АСОСЛАНГАН ТАШҚИ СИЁСАТ УЧУН

Ўзбекистон ХДП дунёда содир бўлаётган мураккаб жараёнларни қайд этиб, қуйидагиларга йўналтирилган давлат ­ташқи сиёсатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди:

— мамлакатимиз миллий манфаатларини амалга ошириш ва ҳимоялашни таъминлашга қодир ўзаро манфаатли давлатлараро алоқаларнинг мустаҳкам тизимини янада ривожлантириш;

— халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш, куч ишлатиш ёки у билан таҳдид қилишдан воз кечиш;

— бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик;

— тинчликпарвар сиёсатни амалга ошириш ва ҳарбий-сиёсий блокларда қатнашмаслик, ҳарбий-сиёсий блокка айлантирилган тақдирда, ҳар қандай давлатлараро тузилмадан чиқиш;

— Марказий Осиёда тажовузкор ақидапарастлик, миллатчилик ва экстремизм ғоялари тарқалишининг олдини олишга қаратилган чораларни кўриш;

— Марказий Осиё минтақасида можароли вазиятлар ва кескинлик ортишининг олдини олиш, мавжуд ёки юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этишда сиёсий-дипломатик ва ­халқаро-ҳуқуқий механизмлар, шу жумладан, превентив дипломатия воситаларидан фойдаланиш.

Партия Ўзбекистон Республикаси ўзининг яқин қўшниларига нисбатан очиқ, хайрихоҳ ва прагматик сиёсат юритиши тарафдори ва минтақанинг барча долзарб сиёсий, иқтисодий ва экологик муаммоларини ўзаро манфаатлар, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва тамойилларини ҳисобга олган ҳолда ҳал этиш тарафдоридир. Марказий Осиёда вужудга келадиган муаммолар минтақадаги давлатларнинг ўзлари томонидан ташқи кучлар аралашувисиз ҳал қилиниши лозим.

Ўзбекистон ХДП Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришишга кўмаклашиш, Марказий Осиёни ядровий қуролдан холи ҳудудга айлантириш ҳамда трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби мамлакатимизнинг минтақавий ва халқаро сиёсатининг энг муҳим йўналишлари бўйича ташаббусларини қўл­лаб-қувватлайди.

***

Ўзбекистон ХДП ўз олдига мазкур Сайловолди дастурида баён этилган мақсад ва вазифаларни қўяр экан, унинг сиёсий қарашлари ва дастурий мақсадларига қўшиладиган барча ҳамюртларимизни ушбу сайловларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини янада оширишга ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган номзодларини қўллаб-қувватлашга чақиради.

 

 ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ

ШИОРЛАРИ:

1. Мақсадимиз - халқимиз турмуш даражасини янада ошириш!

2. Ҳар бир инсон учун муносиб иш ўрни!

3. Кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз!

4. Иқтисодий ислоҳотларга - ижтимоий самарадорлик!

5. Ижтимоий кўмак - ташаббускорликка йўл очмоғи даркор!

6. Кучли ижтимоий ҳимоя - асосий мақсадимиз!

7. Кам таъминланганларнинг кучли ижтимоий ҳимояси учун курашамиз!

8. Аҳоли бандлиги - ижтимоий ҳимоянинг энг мақбул йўли!

Медиатека

Сўров

ЎзХДП жойлардаги ўз фаоллари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари ва партиянинг ижтимоий ҳамкорлари (маҳалла, бандлик марказлари, манфаатдор корхоналар ва жамоат ташкилотлари)нинг биргаликдаги фаолияти тур... Батафсил