Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ЯНГИ ФОНД ОРОЛ ФОЖИАСИНИ ЕНГИЛЛАШТИРАДИ...

05.12.2018 , 10:15

Сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланиш масалаларини самарали ҳал этиш, Орол фожиаси оқибатларининг олдини олишга қаратилган ҳаракатларни бирлаштириш мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги муҳим йўналишлардан ҳисобланади.

Маълумки, 27 ноябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди фаолияти бошланишига бағишланган юқори даражадаги тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда инсон хавфсизлиги концепциясини қўллаш орқали Орол инқирози натижасида азият чеккан аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини таҳлил қилиш ҳамда таъминлашга асосланган жамғарманинг стратегия дастури тақдим этилди. Бундан мақсад борган сари халқаро ҳамжамиятнинг ҳаракатларини бирлаштиришни талаб қилаётган Орол денгизининг экологик инқирозига халқаро жамоатчилик ва донор мамлакатлар эътиборини қаратишдир.

Қачонлардир жаҳондаги энг катта кўлларнинг тўртинчиси бўлган Орол денгизининг қуриши дунёдаги йирик экологик фожиалардан, дейиш тўғри бўлади. Чунки Орол муаммоси туфайли минтақада бошқа экологик, ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳам келиб чиқди. Охирги 50 йилда Амударё ва Сирдарёнинг Орол денгизига қуйиладиган сув миқдори беш карра қисқарди, денгиз ҳажми эса 14 мартага кичрайди. Сувнинг шўрланиш даражаси 25 марта ўсди ва жаҳон океанларининг минераллашув даражасидан анчагина ошиб кетди. Бугун майдони 5,5 миллион гектарга тенг бўлган қум-туз чўли юзага келди, қум ва туз бўронлари авж олмоқда. Улар ҳар йили бир неча минг километр масофагача, 75 миллион тоннадан кўпроқ қум ва тузни атмосферага тарқатмоқда.

Орол фожиаси минтақадаги иқлим шароитини оғирлаштирди, ёз даврида қуруқлик ва жазирамани кучайтирди, совуқ, қақшатқич қишни узайтириб юборди. Мутахассислар тахминига кўра, 2035-2050 йилларга келиб минтақадаги ҳаво даражаси ҳозирги кўрсаткичларга нисбатан яна 1,5-3 иссиқлиги ўсиши мумкин. Орол фожиасининг таҳдидли таъсири бутун дунёда кузатилмоқда. Халқаро экспертлар Орол минтақасининг заҳарли тузлари Антарктида соҳилларида, Гренландия музликларида, Норвегия ўрмонларида ҳамда Ер куррасининг кўплаб бошқа жойларида топилганини таъкидламоқда. Демак, Орол фожиасини бартараф этиш билан минтақа давлатларигина эмас, бутун дунё давлатлари шуғулланиши керак.

 Инсон ҳуқуқлари, эҳтиёжларига асосланган кенг қамровли фонд жаҳондаги энг йирик антропоген фалокатлардан бирининг оқибатларини бартараф қилишда ўта муҳим аҳамият касб этиши кутиляпти. У илғор жаҳон тажрибасига мувофиқ, стратегик, шаффоф ҳамда адолатли ҳамкорликни қўллаб-қувватловчи дастурий ёндашувни ёқлаган ҳолда Оролбўйи минтақаси муаммоларини ҳал қилишга йўналтирилган саъй-ҳаркатларини давом эттиради. Бундан ташқари, фонд Оролбўйи минтақасида яшайдиган аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини аниқлаш бўйича ижтимоий тадқиқотлар натижалари асосида чора-тадбирлар ишлаб чиқади ва амалга оширади.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ҳукумати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган Давлат дастури доирасида қатор тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Жамғарманинг мақсади бирлашган Стратегия асосида мувофиқлаштирилган донорлик кўмагини жалб қилиш йўли билан ушбу саъй-ҳаракатларни тўлдиришдан иборат. Шунингдек, Оролбўйининг энг заиф ва узоқ ҳудудларига ёрдам бериш, ҳамжамиятлар билан бевосита ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Тўғри, янги Фонд Оролни аввалги ҳолига қайтаради, деб бўлмайди. Аммо бу йирик қадам, ғоят муҳим ташаббус фожианинг зарарли оқибатларини камайтириш, вазиятни яхшилашга хизмат қилишига ишонаман.

 

Ҳусан АБДУНИЯЗОВ,

халқ депутатлари Дўстлик туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси.