Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ЖАМОАТЧИЛИК ҚАБУЛХОНАЛАРИДА КУТИЛГАН НАТИЖАЛАРГА ЭРИШИЛЯПТИМИ?

30.12.2018 , 9:05

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Миллий матбуот марказида партия Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятининг жорий йил якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказди.

— Партиямиз Жамоатчилик қабулхоналари аҳоли муаммоларини ўрганишнинг самарали механизмига айлана олди, деб ўйлайман, — деди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов. — Жорий йилнинг ўзида қабулхоналарга 15 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди ва 10 мингга яқин фуқаронинг узоқ вақтдан бери ҳал бўлмаётган муаммолари ечим топди. Аҳоли мурожаатларининг асосий қисми ижтимоий масалаларга тўғри келади. Хусусан, уларнинг 2893 таси коммунал соҳа, 2291 таси иш билан таъминлаш, 1762 таси ижтимоий масалалар ва соғлиқни сақлаш тизимига оиддир.

Чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолининг дардини эшитиш, юзма-юз мулоқотлар давомида жойлардаги муаммоларга ечим топиш мақсадида сайёр қабуллар ҳам ташкил этилди. Шундай учрашувларда 2800 дан ортиқ мурожаат тушди. Унинг 1815 таси жойида ҳал этилган бўлса, 971 таси маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига, қолган қисми вилоят ташкилотларига юборилди.

— Жами мурожаатларнинг 73 фоизи ҳал этилганини ижобий натижа дейишимиз мумкин, — деди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова. — Бу кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикасида 85, Сирдарёда 81, Андижонда 81, Жиззах вилоятига 75 фоизга тўғри келмоқда. Афсуски, кўплаб ҳудудларда Жамоатчилик қабулхоналари номига ташкил этилиб, мурожаатлар ечими бўйича амалий чоралар кўрилмаган. Бунинг оқибатида жойларда қабулхоналарга ишонч сусайганини ҳам кўриш мумкин. Қониқарсиз фаолият юритаётган қабулхоналарга амалий кўмак беряпмиз. Намунали қабулхоналар тажрибасини оммалаштириш ҳамда рағбатлантириш чораларини кўришни режалаштирганмиз.

Таъкидлаш керакки, партия Марказий Кенгашига ҳам кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Хусусан, жорий йилда 136 мурожаат келиб тушди. Уларнинг 119 таси, яъни 90 фоизи ижобий ҳал этилган, 17 тасининг ижроси назоратга олинган.

Мурожаатлар таҳлили Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси фаолиятини кучайтиришда долзарб аҳамият касб этмоқда. Фракциямиз ташаббуси билан 1 та Парламент сўрови юборилиши, 2 та парламент эшитуви, 2 та «Ҳукумат соати» амалга оширилишида мурожаатларда кўтарилган масалалар асос бўлди.

Тадбирда, шунингдек, партия ташкилотлари тизимида амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликлар юзасидан фикр алмашилди.