Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ЎЗХДП ФРАКЦИЯСИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИНИ НЕГА ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАМАДИ?..

08.01.2019 , 12:06

Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида муҳокамага қўйилган «Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашдаги иштироки тўғрисида»ги қонун лойиҳасини депутатлар пухта ишланмаган, деб ҳисобламоқда.

Чунки бирор бир қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда кўр-кўрона хориж тажрибасига эргашиш эмас, уни ўзимизга, халқимизга, маданиятимизга мослаштириш талаб этилади. Ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжат инсон манфаатига хизмат қилар экан, уни амалиётга жорий этишда шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун кўпчилик овоз билан мазкур қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланмади.

Депутатлар бошқа қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқди. Хусусан, «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидландики, ҳозирги кунда яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга оид муносабатлар бир неча қонунлар, ўндан ортиқ қонун ости ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар инвентаризацияси ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили мамлакатимизда яйловлардан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳал этилиши лозим бўлган кўплаб долзарб муаммолар йиғилиб қолганини кўрсатмоқда.

Маълумот учун, 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра, республикада яйлов ва пичанзорларнинг умумий майдони 21,1 млн. гектарни ёки мамлакат ер майдонининг 46,5 фоизини ташкил этади. Ҳозирги кунда ушбу ерларда 2300 дан ортиқ чорвачилик ва қоракўлчилик йўналишидаги фермер хўжалиги фаолият юритиб, улар томонидан қоракўл териси, жуни, гўшт ҳамда сут маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Лекин соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи махсус қонун қабул қилинмагани, яйловлардан оқилона фойланиш юзасидан давлат бошқаруви органларининг ваколатлари аниқ белгиланмагани, тегишли ташкилий чораларнинг кўрилмаслиги салбий ҳолатларни келтириб чиқармоқда. Шунингдек, мол боқиш ва пичан ўриш меъёрлари, режаси белгиланмагани, яйловларни муҳофаза қилиш, маҳсулдорлигини оширишга қаратилган илмий-тадқиқот ҳамда инновацион ишланмалар жорий этилмагани, сув таъминоти иншоотларининг эскиргани ҳам ҳолатнинг ёмонлашувига сабаб бўлмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан мамлакат умумий ер майдонининг қарийб ярмини ташкил этадиган яйловлардан оқилона фойдаланишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилади. Яйловлардан оқилона фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари аниқ белгиланади. Натижада ҳар бир ҳудуд ўзи масъул бўлган ерга алоҳида эътибор қаратади ва жавобгарлик ортади, деб ҳисобламоқда ташаббускорлар.

Шу билан бирга, инқирозга учраган яйлов майдонларини аниқлаш ва тиклаш, ҳосилдорлигини ошириш учун озуқабоп экинларни экиш ишлари ташкил этилади. Бу ўз навбатида ем-хашак нархлари арзонлишишига асос бўлади. Озиқ-овқат маҳсулотлари заҳирасини, аҳолига гўшт ва сут маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтириш ҳамда уларни экспорт қилиш учун янги имкониятлар яратади.

Аҳамиятлиси, соҳага янгилик олиб кирилади. Яъни, яйловларни муҳофаза қилиш ва уларнинг ҳосилдорлигини оширишга қаратилган илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмалар жорий этилади. Чорва озуқаси ҳажмининг кескин камайиши ва яйлов ерлари инқирозининг олди олинади. Албатта, буларнинг ҳаммаси қабул қилинадиган қонуннинг ижроси рисоладагидек ташкил этилганда рўй беради.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган ҳолда қонун лойиҳаларини қўллаб-қувватлади.