Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ВАТАН УЧУН ЖОНИ ФИДО БЎЛГАНЛАР!

10.01.2019 , 15:06

Инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир.

Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради.

Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлайди.

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши томонидан 14-январь Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 27 йиллиги муносабати билан хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар — 1972 йилда Қувасой шаҳар, Сўфон қишлоғида туғилган Мадолимов Қахрамон Нишонбоевич, 1975 йилда Фарғона шаҳар, Д.Асанов кўчасида туғилган Асанов Дилшод Жумаевич, 1977 йилда Марғилон шаҳар, Ибрат кўчасида туғилган Ғаниев Бобур Абдулҳамидовичнинг хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг оила аъзоларидан хабар олинди ва байрам совғалари топширилди.

 Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган ҳарбийларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш – бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг халқимизга хос азалий қадриятдир.

Ватан олдидаги ўзининг муқаддас бурчини шараф билан адо этиб, мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган ҳарбийларимиз фаолияти ёш авлодни тарбиялашда Қуролли кучларнинг салоҳияти ва обрўси, мамлакатимиз мустақиллиги ҳамда ҳудудий яхлитлиги, халқимизнинг тинч ҳаётини ва мустақилликни мустаҳкамаш йўлидаги бунёдкорлик меҳнатини ҳимоя қилишдаги роли беқиёсдир.

 

С.РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши

Мафкура ва тарғибот-ташвиқот масалалари бўлими бошлиғи.