Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ОҚОЛТИН МАҲАЛЛАСИ ҚАЧОН ОБОД ГЎШАГА АЙЛАНАДИ?

10.01.2019 , 17:25

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўзининг сайловолди дастурида аҳолига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, уларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш, аёллар, болалар, айниқса ногиронлиги бўлган шахсларнинг муаммоларини ҳал қилишда фаол қатнашишни вазифа қилиб белгилаган.

Партиямизнинг Марказий Кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхонасига Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Оққовоқ қишлоғи, Оқолтин махалласи фуқароларидан мурожаат келиб тушди. Унда маҳалладаги ҳолат, кўп йиллардан бери ҳал бўлмаётган ичимлик суви муаммоси, барча учун жуда катта қийинчилик туғдираётган йўл муаммоси ҳақида ёзилган.

Партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Варисова раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ ҳақиқий аҳволни ўрганиш учун 2019 йил 9 январ куни Оқолтин маҳалласида бўлишди.

Маҳалла 1990 йилларда ташкил этилган. Тошкент шаҳридан унча узоқ бўлмаган Улуғбек шаҳарчаси атрофида жойлашган. Маҳаллада етмишдан ортиқ хонадон ва яна шунча дала-ҳовлилар мавжуд. Маҳаллага олиб келувчи кўча асфальтланган, лекин хонадонларга олиб борувчи ички кўчаларда ёғингарчилик мавсумида юриш қийин. Ҳар куни ўқувчи ёшлар таълим даргоҳига мана шу йўллардан пойабзали лойга беланиб боришади. Баъзи ўқувчилар мактабгача оёғига резина пойабзал кийиб боришади. Мактаб остонасига киргандан сўнг қўшимча пойабзалини кийишади. Аҳоли томонидан туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди идора раҳбарларига бир неча маротаба мурожаат қилишган. Улардан жавоб эса аҳоли ўз ҳисобидан кўчаларга шағал тўкса, кейин асфальт қилинишини айтишган. Йўллар бир неча марта тош билан қопланишига қарамай асфальтлаш бажарилмаган.

Маҳалла аҳолисини жуда катта ташвишга солаётган муаммо — бу ичимлик сувидир. Чунки, аҳоли барча эҳтиёжлар учун қўшни респубдан оқиб чиқувчи Захариқ канали сувидан фойдаланади. Маҳалла рўпарасида, каналнинг нариги қирғоғида жойлашган дачалар ўзларининг оқава сувларини тўғридан-тўғри каналга оқизадилар. Қўшни давлат томони вақти-вақти билан канал сувини тўхтатганда аҳоли каналда ҳосил бўлган кўлмаклардаги сувдан ичишга мажбур.

Маҳалла ҳудудида норасмий ахлатхона ташкил этилган бўлиб, пластик пакетлар ва бошқа чиқиндилар чор атрофга тарқалиб, маҳаллага бадбўй ҳид таралади. Ахолининг маълумот беришига кўра ушбу ахлатхонага кимёвий ўғитлар омборхонасидан бир неча машина чиқинди олиб келиб тўкилган Бу эса юқумли касалликларнинг тарқалишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Шохона дачаларда истиқомат қилувчи ва қўшни маҳаллалар аҳолиси артезан қудуқларидан фойдаланиши, қудуқлар чуқурлиги 60-70метрдан ошмаслигини инобатга олинса аҳоли саломатлиги учун хавф туғилгани маълум бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ демократик партияси ушбу муаммони ҳал қилишни ўз назоратига олади. Партия ҳозирда маҳалладаги мавжуд муаммони бартараф қилиш юзасидан ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Ушбу мавзуга яна қайтамиз...

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.