Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

КОМПЛЕКС ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ ТАСДИҚЛАНДИ

12.01.2019 , 17:05

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республика, вилоятлар, Тошкент шаҳар кенгашлари раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида белгиланган устуворликлардан келиб чиқиб, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Хотамжон Кетмонов маъруза қилиб,  Президентимиз томонидан белгилаб берилган  2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда 2018 йилнинг 28 декабридаги Президентимизнинг Мурожаатномасидаги белгиланган барча ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳам - халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги эркин, обод ва фаровон Ўзбекистонни қуриш эканини алоҳида таъкидлади.

Мурожаатномада қайд этилганидек, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги биринчи навбатда ижтимоий соҳадаги ислоҳотларимиз самараси билан чамбарчас боғлиқ. 2019 йилда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз кексалар, умуман, кўмакка муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга давлатимиз томонидан бўлган эътибор янада кучайтирилади. Ижтимоий соҳани ривожлантиришда аҳоли бандлигини таъминлаш, бу борада ишсизларни касбга ўқитиш, уларга ҳуқуқий ва бошқа маслаҳатлар бериш ҳамда бошқа ижтимоий ёрдам усулларидан кенг фойдаланиш, халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириш учун меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш тизимини шакллантириш ва аҳоли реал даромадларини ошириш, ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг оила аъзоларини, боқувчисини йўқотганларни ўн олти ёшгача ижтимоий муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Умрини ногиронлиги бўлган фарзандига қараш, уни парвариш қилишга бағишлаган оналар учун алоҳида ижтимоий нафақа тури жорий этилади.

Президентимиз томонидан Янги – 2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном берилиши ҳамда жорий йилда мамалакатни ижтимоий ривожлантириш бўйича улкан вазифаларни белгилаб берилиши, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотларига жуда катта вазифалар ва масъулият юклайди.  

Йиғилишда, Мурожаатномада белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2018 йилдаги фаолияти якунлари танқидий таҳлил қилинди ҳамда 2019 – Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Таъкидландики, Мурожаатномада белгилаб берилган вазифаларни ижросида  Олий Мажлис қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг  ташаббускорлигини ошириш лозим. Жумладан:

- “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила тадбиркор” ҳамда “Ёшлар - келажагимиз” ва бошқа ижтимоий соҳа билан боғлиқ бўлган Давлат дастурлари бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганиб бориш, вужудга келаётган муаммоларни қонунчилик палатаси ва сессияларга олиб чиқиш, депутатлик сўровларини амалга ошириш, қонунчиликка тегиши ўзгартиришлар бўйича таклифлар тайёрлаш;

- муҳим ижтимоий, социал-иқтисодий аҳамиятга эга қонун лойиҳаларини жойларда фуқаролар билан кенг муҳокама қилиб бориш;

- Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, Карлар жамияти, Ногиронлар ассоциацияси билан ҳамкорликдаги меморандумларга асосан, ногиронлиги бўлган шахсларни қийнаётган муаммоларни тизимли равишда ўрганиб бориш, ўрганиш якунлари бўйича тегишли вазирликларнинг ҳисоботини маҳаллий кенгашларда ҳамда парламентда эшитиш юзасидан ташаббус билан чиқиш;

- Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан ҳамкорликда, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан доимий мониторинг қилиб бориш, мониторинг якунлари бўйича банлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда коммунал соҳани ривожлантириш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқиш вазифалари белгилаб берилди.

Шунингдек, партиянинг марказий органлари ва минтақавий кенгашлари раҳбарлари олдига жойларга чиқиб, партия электорати бўлган ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли манфаатларини таъминлаш бўйича туман ва шаҳарлардаги ишларнинг аҳволи, чекка ҳудудларда яшовчи ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа эхтиёжманд одамларни қийнаётган муаммоларни чуқур ўрганиш, уларни ҳал этиш чораларини кўриш бўйича ишларни кучайтириш кераклигига эътибор қаратилди.

Айниқса, партия электорти бўлган ижтимоий ёрдамга мухтож қатламлар  учун муносиб ҳаёт шароитларини таъминлаш, ушбу жараёнда дуч келаётган камчиликлардан кўз юммай, уларни самарали ҳал қилиш бўйича пухта таклифлар устида ишлаш ҳамда бу борадаги якуний натижалар учун партиянинг барча даражадаги ташкилотлари раҳбарлари шахсий жавобгар эканлиги таъкидланди.

Йиғилиш сўнггида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устувор вазифаларни сўзсиз амалга оширишга доир Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг комплекс чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди.

 

Улуғбек РАХМОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати раҳбари