Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

НУКУСДА «ЎЗБЕКИСТОН ХДПНИНГ ЭНГ ФАОЛ АЁЛИ»

07.02.2019 , 17:50

Нукус шаҳрида «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Марказий Кенгаши, Қорақалпоғистон Республика кенгаши, партиянинг шаҳар ва туман кенгашлари маъсул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси аъзолари, ҳамкор ташкилотлар, партия фаоллари иштирок этишди.

— «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танлови йил сайин такомиллашиб бормоқда. Туман ва шаҳар миқёсида ғолиб деб топилган иштирокчиларимиз бугун саҳнада ўзларининг маҳоратларини кўрсатишга ҳаракат қилишди, — дейди Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси Халилла Ешимбетов. – Бизда катта байрам. Қизларимиз бор билимини яна бир синовдан ўтказишди.

Барчамизга маълум яратилаётган имкониятлар натижасида мамлакатимиз парламентида хотин-қизлар сони ва ҳиссаси тобора ортиб бормоқда..Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоларининг 13700 дан ортиғини, яъни 40 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 30 га яқин депутат аёллар маҳаллий ташкилотларда турли лавозимларда фаолият олиб бормоқда.

Кўрик-танлов иштирокчилари энг дастлаб ўз ҳудудларидаги хотин-қизларга оид муаммоларни ифодалайдиган «Хотин-қизлар муаммосини ҳал этишнинг энг самарали йули» деб номланган шарти билан бошлаб беришди. Оилавий ажримлар, эрта ва қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ, шунингдек, аёллар ўртасидаги жиноятчилик, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш муаммоларини янгича ёндашув асосида самара берадиган амалий йуллар билан олиб чиқишди.

 «Сиёсий ҳозиржавоблик» шартида эса иштирокчилар 7 та саволнинг барчасига қисқа, аниқ ва лўнда жавоб беришга ҳаракат қилишди.

Эркин мавзу. шартида иштирокчилар ўзлари севган машғулотлардан намуналар кўрсатишди. Ушбу шартни баҳолашда ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг саҳнада ўзларини тутиши, ижодкорлиги ҳамда ҳаракатларининг табиийлигига эътибор қаратишди.

— Мен бу танловда ўзимнинг ҳуқуқий саводхонлигимни, сиёсий билимларимни яна бир бор синовдан ўтказдим дейди Чимбой туманидан танлов иштирокчиси Миригул Есбергенова. — Келажакда ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга ёрдам бериб боришга ҳаракат қиламан.

Тадбир якунига кўра, «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республика босқичида Нукус шаҳридан Улмекен Қанлыбекова ғолибликни қўлга киритди.

Танлов якунида ғолиблар Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгашининг маҳсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ