Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИГА ТАКЛИФЛАР ҚУЙИДАН БОШЛАБ ШАКЛЛАНТИРИЛАДИ

07.02.2019 , 18:45

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган устувор вазифа “Қонунлар нормаларини ҳаётга тўғридан-тўғри амал қилиш механизмларини такомиллаштиришда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг иштироки” мавзусида амалий семинар ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаш маъсуллари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Ижрочи котиблар, партия Марказий Кенгаши экспертлари, олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маълумки, юртимизда профессионал асосда ишлайдиган парламентнинг ташкил этилганига ўн беш йил тўлди. Натижада, қабул қилаётган қонунларимиз сифати сезиларли даражада ошди, минтақалар, тармоқлар ва давлатнинг умумий манфаатлари мутаносиблиги тобора самарали таъминланмоқда. Шу билан бирга қонунларимизда белгиланган ҳуқуқий нормаларни амалиётда қандай қўллаш лозимлигини кўрсатиб берувчи ҳуқуқий механизмларни, қонуности ҳужжатларини, содда қилиб айтганда, қабул қилинган қонунларни амалга ошириш механизмларини аниқлаб берадиган ҳужжатларни ўз вақтида қабул қилиш талаб этилмоқда.

Семинарда таъкидландики, муайян ижтимоий муносабатни ҳуқуқий тартибга солиш тизими мукаммал бўлишини таъминлаш мақсадида қонунларнинг ўзида унинг ижро механизмларини имкон қадар тўла акс эттириш ёки қабул қилинаётган қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши билан боғлиқ барча қонун ҳамда қонуности ҳужжатлари лойиҳаларини қонун кучга киргунгача бўлган жараёнда тайёрлаш ва ўз вақтида эълон қилиш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарасини оширишда, шу билан бирга, қонуннинг ижтимоий мавқеи юксалишида муҳим аҳамиятга эга.

Қонун устуворлиги принципининг ҳаётийлигини таъминловчи яна бир муҳим вазифа қонунларни ўз вақтида ижрочиларга етказиш, уларнинг бажарилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатиш бўйича жавобгарлигини кучайтиришдир. Мамлакатда ижтимоий муносабатлар ривожланиб боргани сари уларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини ҳам такомиллаштириб бориш зарурати туғилади. Бу борада депутатлардан қонунлар ҳамда уларни ҳаётга жорий этиш механизмларини ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиш ва ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини назорат-таҳлил тартибида янада чуқурроқ ҳамда амалий тарзда ўрганиш талаб этилади.

Эътироф этилдики, Қонуннинг мавқеи унинг нечоғли амал қилинишига боғлиқ. Айтиш жоизки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ишлаб чиқилишидан то кучга киргунгача бўлган барча босқичнинг самарали ташкил этилиши унинг ҳаётийлигига, халқчиллигига ва пировардида амалиётда бевосита қўлланилишига хизмат қилади. Қонунларни ишлаб чиқилишида фақатгина хорижий тажрибалардан келиб чиқиб эмас, балки, жойлардаги иқтисодий – ижтимоий муаммоларни ўрганиб, муаммоларнинг тизимли ечимига қаратилган аниқ таклифлар асосида ишлаб чиқилишига эътибор қаратилиши муҳим.

Тадбирда ҳалигача баъзи ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмай келинаётгани ёки ҳанузгача амалга ошириш механизми билан таъминланмаган “ҳаволаки нормалар”нинг ҳамда бир қатор қонуности хужжатларида ўзаро зиддият ва номувофиқликлар мавжудлиги муҳокама қилинди. Қонунчиликдаги ҳуқуқий хужжатларнинг инвентаризация ишларида бевосита манфаатдор вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда илмий ва ўқув муассасалари профессор-олимларининг фаол иштирок этиши қонун ҳужжатларининг тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича бугунги аҳволни тўғри баҳолашда муҳим аҳамият касб этади.

Семинар якунида, қонунларнинг тўғридан-тўғри амал қилиш механизмларини таъминлаш мақсадида, партия ташкилотлари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик бирлашмалари томонидан жойларга чиқиб, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни тизимли равишда чуқур ўрганиб бориш амалиётини янада такомиллаштириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш, ҳар бир депутатлик бирлашмалари назорати якуни бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиб партия фракциясига тақдим этиш вазифалари белгилаб олинди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.