Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

НАВОИЙ ВА МИЛЛИЙ МАФКУРА

08.02.2019 , 10:25

Ўзбек халқининг атоқли фарзанди, миллатимиз фахри Алишер Навоий ўзининг фаол ҳаёти ва серқирра ижоди билан бугунги авлод учун буюк намунадир. Чунки у ўзи ёзган:

Нафъинг агар халққа бешак дурур,

Билки бу нафъ ўзунгга кўпрак дурур.

Деб бошланувчи ҳикматона байтга умр бўйи амал қилиб яшади. Элу юрт равнақи, одамларнинг фаровон ҳаёти адолатли бошқарувда эканини яхши билиб, буни ҳукмрон қавмларга ўзига хос бадиий йўсинда уқтиришга астойдил ҳаракат қилди. Беш достондан иборат “Хамса”си, тўрт китобдан ўрин олган “Хазойин ул маоний”, яъни “Маънолар хазинаси” девони билан беқиёс шуҳрат қозонди. Ул зот деярли барча асарлари комил инсон ғоясига, бугунги тил билан айтганда баркамол авлод тарбиясига бағишлади. Асрлардан асрларга ўтиб келаётган назмий ва насрий битиклари адабиётимизнинг дурдона асарлари сифатида ҳамиша қадрлидир. Шу боис, истиқлол даврида навоийхонлик ўзига хос юқори босқичга кўтарилмоқда. Февраль ойи бошиданоқ шоиримизнинг таваллуд кунлари олдидан адабий-бадиий анжуманлар барча жамоаларда ва билим даргоҳларида қизғин тусга киради. Бунинг анъанага айланиб қолгани эса адабиёт ихлосмандларига айни муддаодир.

Жумладан, Наманган Давлат университети филология факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан ҳамкорликда “Алишер Навоий ижтимоий-сиёсий қарашларининг руҳлантирувчи кучи” мавзуида адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.

Унда партия фаоллари иштирок этишди. Кечада мафкура бўлими бошлиғи Мўътабар Қозиева ёшларга китобхонлик, айниқса, навоийхонлик буюк аждодларига муносиб авлод бўлиб вояга етишида катта қимматга эга эканлигини ижодкор асарларидан намуналар келтирган ҳолда ғоят қизиқарли баён этди.

Тадбирда ЎзХДП вилоят Кенгаши Ёшларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори Жамолиддин Мўминов “Навоий ғояларининг бугунги кун ёшлари ҳаётидаги аҳамияти” мавзуи доирасида фикр юритди.

Талабалардан Шаҳриёр Ғуломжонов, Навоий номидаги Давлат стипендияси соҳибаси Манзура Абдуллаева ҳамда Сарвиноз Ҳакимовалар ўзбек мумтоз адабиёти улуғ сиймосининг ғазал, рубоий ҳамда туюқларини ёддан ифодали ўқишди.

 

Манзура АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши “Тарғиботчилар гуруҳи” аъзоси,

Навоий номидаги Давлат стипендияси соҳибаси.