Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

НАВОИЙ ИЖОДИДА МИЛЛИЙ ДАВЛАТЧИЛИК ВА ҲУҚУҚ

08.02.2019 , 17:00

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан Ўзбекистон тарихи давлат музейида Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллиги муносабати билан “Навоий ижодида миллий давлатчилик ва ҳуқуқ” мавзусида адабий кеча ташкил қилинди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари, партиянинг Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят кенгашлари “Истиқбол” ёшлар қаноти фаоллари, талаба ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Навоий асарларидаги эзгу ғояларнинг ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда Ватанга садоқат, юрт тараққиётига дахлдорлик ҳисси ва мустаҳкам ҳаётий позициясини шакллантиришдаги аҳамиятини ёшлар орасида тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган тадбирда мавзу юзасидан бир қатор маърузалар қилинди.

Дастлаб, маърузачилар Алишер Навоий шахсияти, унинг дунё тамаддунига қўшган бемисл ҳиссаси ҳақида сўзладилар.

Таъкидландики, Навоий нафақат шоир, балки ўз даврининг етук давлат ва сиёсат арбоби эди. Биринчи Президентимиз ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли асарида Алишер Навоий сиймоси ва бадиий-маънавий меросига чексиз эҳтиром билдиргани ҳақида сўз борди. “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида “Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намояндаси, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир”, деб ёзилгани Навоий нафақат ўзбек халқининг балки, марказий Осиёнинг буюк сиймоси ва дунё маданияти ривожига улкан хисса қўшган адабий олим эканлигини англатади.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакиллари Алишер Навоий маънавий меросидаги гуманизм, инсон омили, ижтимоий ҳимоя масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Таъкидландики, Навоий ҳаёти давомида адолатпарварлик, ижтимоий ҳимоя масалаларида ибратли ишларни амалга оширган ва асарларида инсонпарварлик, инсон омили, инсон камолотига алоҳида ёндашган.

Шунингдек, Навоий ижодида халқ манфаати, унинг ижтимоий ҳимоясига қаратилган “Одами эрсанг демагил одами, ониким йўқ халқ ғамидин ғами” байти мазмуни ҳақида сўз борар экан, буюк мутафаккир ижоди ва ҳаётида халқ манфаати ҳар нарсадан устун қўйилгани мисоллар билан очиб берилди.

Тадбирда Алишер Навоий асарларининг баркамол авлод тарбиясига, ёшларнинг миллий қадриятларга содиқлик, инсонпарварлик ғоялари асосида камол топишига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида сўз борар экан, буюк мутафаккир ўзининг насрий ва назмий асарларида комил инсон, мукаммал жамият ҳақидаги ғояларни илгари сургани, илм-фан ва касб-ҳунарни эгаллаш, ахлоқ-одоб қоидалари, таълим-тарбия, юксак инсоний қадриятлар тўғрисидаги доно фикрлари кейинги даврларда ва ҳозирги кунда ҳам ўзининг тарбиявий аҳамиятини йўқотмагани таъкидланди.

Шунингдек, маърузачилар томонидан Навоийнинг маънавий-ахлоқий ва ижтимоий-сиёсий қарашлари кишиларда ватанпарварлик, ўзликни англаш, одамийлик, ҳалоллик, нафсни тийиш, сабр-бардошлилик каби фазилатлар камол топишида муҳим дастуруламал эканлиги эътироф этилди.

Ўтказилган тадбир Алишер Навоий асарларидаги эзгулик ғояларини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, ёшларни турли зарарли ва ёт ғоялардан асрашда Навоий асарларининг аҳамиятини тушунтириб бериш жиҳати билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Тадбир давомида ёш ижодкорлар томонидан Навоий ғазаллари ўқилди ва ғазалларнинг мазмуни юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати