Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ЭНЕРГЕТИКА СОҲАСИДА СТРАТЕГИК ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАНДИ

11.02.2019 , 16:05

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони ҳамда унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора–тадбирлари тўғрисда”ги Қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 2019 йил “Фаол инвестиция ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури доирасида иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш, инвестициявий жозибадорлик ва ишбилармонлик фаоллигини ошириш, ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар кўрсатиш соҳасини кенгайтиришдан самарали фойдаланиш бўйича вазифалар белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг энергетика тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган Фармони ва Қарори бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи бўлди ва албатта, бунда энергитика соҳасини ривожини янги босқичга олиб чиқди ва стратегик вазифалар белгиланди.

Ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда мамлакатимизнинг энергетик салоҳияти замон талабларига жавоб бера олмай қолган, соҳадаги ишлаб чиқариш технологияларнинг маънан ва жисмонан эскирганлиги сабабли тизимда жуда катта йўқотишларга сабаб бўлмоқда эди. Бу эса ўз навбатида иқтисодиёт тармоқлари ва ўсиб бораётган мамлакат аҳолисининг талабини қондириш имкониятларини пасайтирмоқда. Шунингдек, энергия ресурсларини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ишлари суст олиб борилаётгани соҳада ҳанузгача истеъмолчилар ва энергия етказиб берувчилар ўртасида келишмовчиликларни туғдириб келмоқда.

Қабул қилинган ушбу ҳужжатлар билан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ташкил этилди. Энди вазирлик мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиёт соҳалари ва аҳолининг энергия ресурсларига тобора ўсиб бораётган эҳтиёжини қондиришга қаратилган ягона энергетика сиёсатини юритувчи янги давлат органи сифатида соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар бартараф этади.

Энергетика соҳасида давлатнинг ва хўжалик фаолияти функцияларини аниқ белгилаш, давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий ва институционал базасини такомиллаштириш, бунда соғлом рақобат муҳитини яратиш соҳага янги инвесторларнинг кириб келишига ва мавжуд муаммоларнинг бартараф этилишига асос бўлади. Фармон билан энергия тежамкорлик ва иқтисодиётнинг энергия сарфини камайтириш соҳасида давлат сиёсатини юритиш мамлакатимизда муқобил энергия манбаларини кенг ривожлантиришга имконини бериб, бунда халқимизнинг ҳам фаол иштирокини таъминлашга имкон яратади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси “Ўзнефтгазинспекция” ҳамда Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекциясининг “Ўзэнергоинспекция” Энергетика вазирлиги тизимига ўтказилиши эса давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ғоянинг, яъни Вазирликларнинг мустақиллигини ошириш бўйича қўйилган қадамлардан бири хисобланади.

Энергетика вазирлиги ўз навбатида иқтисодиёт тармоқлари ва маиший секторда мавжуд муаммоларнинг босқичма-босқич ҳал этилишига, ёқилғи-энергетика тармоғида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга, энергия ресурсларини қазиб олиш ва ишлаб чиқариш жараёнларига хусусий капитални фаол жалб қилишга, энергетика соҳасига корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини, илғор ахборот-коммуникация технологияларини ҳамда бошқарув, ҳисобга олиш ва назоратнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этишга жуда катта имкон беради.

Ўзбекистон янги тарихида иқтисодиёт тармоқларидаги бундай тизимли, лекин, ўта муҳим ислоҳотларнинг олиб борилиши мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан ўрин олишга барча имкониятларни яратади. Мазкур жараёнларда Парламент аъзоларининг ҳам Ҳукумат аъзолари билан яқин ҳамкорликда ишлаши, Парламент назорати механизмларидан самарали фойдаланган ҳолда ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Айнан шунинг учун ҳам, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни амалга оширишда тизимли дастурларни амалга яратиш, соҳанинг инвестицион жозибадорлигини ошириш бўйича иқтисодий жиҳатдан тўлиқ асосланган чора-тадбирларни амалиётга жорий этиш йўналишида ҳаракат дастурларини ишлаб чиқиш энергия манбаларидан хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан фаол фойдаланилишини рағбатлантириш механизмларига катта эътибор қаратилади.

Энергия тежайдиган технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш, ҳамда иқтисодиёт тармоқларида меҳнат унумдорлигини ошириш масалалари эса мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга ва одамларнинг турмуш даражасини яхшилашга замин яратади.

 

Акмал УМАРАЛИЕВ,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси.