Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ЯГОНА ҲУЖЖАТ БИЛАН ЖАМЛАНАДИ

15.02.2019 , 17:02

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда “Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидлаганидек, бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилиги бўйича 5 та қонун мавжуд. Бу эса қонунларни қўллашда бир қатор мураккабликларни туғдиради. Бундан ташқари, сайлов жараёни ва уни ўтказиш тартиб-тамойиллари ва қоидаларининг кўпчилиги қонун даражасида эмас. Сайлов қонунчилигининг айрим нормалари ҳозирги замон талабларига ва сайловларни демократик тарзда ўтказиш бўйича халқаро амалиётга тўла мос келмайди. Хусусан, Экоҳаракат вакилларининг парламент қуйи палатасига квота асосида киритилиши унинг фаол ва ташаббускор бўлиб ишлашини муайян даражада сусайтиради. Амалдаги қонунчилик сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантиришни назарда тутмайдию.

Шунингдек, алоҳида ҳолларда сайлов бюллетени ўрнига сайлов варақаларидан фойдаланилиши амалиёти яширин овоз бериш тамойилига мос келмайди. Озодликдан маҳрум этиш жойларида сақлаб турилган шахсларнинг сайловда иштирок этишига оид чекловлар мавжудлиги ва бошқа шу каби ҳолатлар учрайди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ишлаб чиқилган Сайлов кодекси лойиҳасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан тақдим қилинган асосий таклифлар ўз ифодасини топган.

Кодекс лойиҳасини тайёрлаш давомида 20 дан ортиқ хорижий мамлакатнинг (Франция, Нидерландия, Канада, Италия, Швеция, Бельгия, Польша, Албания, Беларус, Озарбайжон ва бошқалар) тажрибаси, ушбу соҳадаги халқаро стандартлар ўрганилгани ҳам эътироф этилди.

Кодекс лойиҳаси 18 боб, 101 та моддадан иборат бўлиб, бир қатор янги қоидалар назарда тутилмоқда. Жумладан, Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти чиқариб ташланмоқда. Бунда Қонунчилик палатасида амалдаги 150 депутатлик ўрни сақлаб қолинади. Халқ депутатлари шаҳар,туман Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби белгиланмоқда. Овоз бериш жараёнида эса, сайловчиларга бир нечта белгилардан (плюс, икс ва б.) бирини қўйиш имкони берилмоқда. Шу билан бирга, илгари Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги низом бекор қилиниб, бу масалани қонун даражасида белгилаш таклиф этилмоқда. Сайлов комиссияси аъзолари учун ҳам янги талаблар ўрнатилади. Сайловчилар рўйхатига ўзгартишлар киритиш ва муддатидан олдин овоз бериш тартиблари, ташвиқот ишларининг ягона муддати белгиланмоқда.

Йиғилиш сўнггида Фракция аъзолари томонидан кодекс лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан бир нечта таклифлар берилди.

Йиғилишда парламент қуйи палатаси мажлиси кун тартибидан ўрин олган бир қатор қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.

Кўрилган масалалар бўйича фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.