Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ЎЗБЕКИСТОН ХДП ФРАКЦИЯСИ ТОМОНИДАН ОМБУДСМАН ҲИСОБОТИ ТИНГЛАНДИ

15.02.2019 , 18:00

Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот кенг муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари таъкидлаганларидек, ўтган йил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтларни ривожлантириш тарихида ёрқин из қолдирди. БМТнинг Париж принципларига ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бошқа халқаро ҳуқуқ ҳужжатларига мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари кучайтирилди. Қийноққа солишнинг ва муомалада бўлиш ҳамда жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларининг олдини олишда Омбудсман ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини кучайтириш тўғрисида 2018 йил 25 декабрь куни қонун қабул қилинди. Шу билан бир қаторда, Омбудсман фаолиятининг қонун ҳужжатларида белгиланган йўналишларидан келиб чиқиб, Омбудсман Котибиятининг штати икки баравар кенгайтирилди ва унинг янги ташкилий тузилмаси тасдиқланди.

Фракция аъзолари ҳисоботни муҳокама қилиш жараёнида Омбудсманнинг мурожаатларни кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятига алоҳида эътибор қаратишди.

Таъкидланганидек, 2018 йилда ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш билан боғлиқ 3 707 та, жумладан ишга жойлаштириш масаласида 301 та, пенсия таъминоти бўйича 117 та, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш масаласида 312 та, таълим бўйича 225 та, ижтимоий имтиёз ва нафақалар, моддий ёрдам масаласида 205 та, оилавий ҳуқуқларни таъминлаш, оталик ва оналикни ҳимоя қилиш масаласида 578 та, тураржой майдони тақдим этиш ва кенгайтириш масаласида 512 та, судда ҳимоя қилиш масаласида 583 та, суд қарорлари ижроси масаласи бўйича 371 та ва уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш масаласи бўйича 503 та мурожаат тушган.

Парламент назорати субъекти сифатида Омбудсман томонидан 814 та шикоят назорат тартибида кўриб чиқилди. Бу улар умумий сонининг 38,1 фоизини ташкил этади.

Мурожаатларни кўриб чиқиш чоғида 5 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган. Кўп қаватли уйларда 3 та хонадон ва якка тартибдаги тураржой қуриш учун 4 та ер участкаси ажратилган.1 нафар фуқарога турар жойни таъминлашда, 11 та оилага бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган. 2 та оилага фарзандга қараш бўйича нафақа тўлаш тайинланган.108 нафар мурожаат этувчи фойдасига умумий суммаси 152,7 млн. сўмлик алимент тўловлари ундирилди.

Ҳисоботда айтилганидек, 10 нафар фуқарони шифохонага ётқизиш учун ордер, 2 нафар фуқарога ногиронлар аравачаси берилган.Шунингдек, 6 нафар фуқарога ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилган.

Йўл қўйилган камчиликлар учун таълим соҳасида 13 нафар, соғлиқни сақлаш соҳасида 18 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган.

Ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликлар таъминланишига доир бошқа масалалар ҳам депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, Омбудсманнинг қонунчилик жараёнидаги иштирокини янада фаоллаштириш лозимлиги, мурожаатларнинг чуқур таҳлили асосида зарур таклифларни илгари суриши мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.