Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ЁШ СИЁСАТЧИЛАР ТАҚДИРЛАНДИ

31.10.2018 , 21:30

Тошкент шаҳридаги Ёшлар маркази биносида қарий 3 кундан буён давом этиб келаётган “Ёш сиёсатчи” кўрик-танловининг Республика босқичининг якуний тақдирлаш маросими ҳамда ёшлар учун гала концерт ташкил этилди.

Ўзбекистон ХДПда “Истиқбол” ёшлар қаноти 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 172 мингдан ортиқ ёшларни ўз атрофига бирлаштирган. Қанотнинг энг йирик лойиҳаларидан саналган “Ёш сиёсатчи” кўрик-танлови эса 2008 йилдан буён ўтказиб келинмоқда.

Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг иқтидор ва қобилиятларини рўёбга чиқариш ҳамда кўплаб ёшларни жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашаётган мазкур кўрик-танловда иштирок этиш истагини билдираётган ёшлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда.

“Ёш сиёсатчи” кўрик-танловининг 10 йиллиги муносабати билан ташкил этилган республика босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг энг иқтидорли сиёсий билимдонлари иштирок этишмоқда. Шунингдек бу йилги танлов юбилей сана бўлганлиги учун танловнинг вилоят босқичларида 2 ва 3 ўринни эгаллаган ёшлар ҳам танловнинг республика босқичини ўз кўзлари билан кўриш имкониятига эга бўлишди.

“Истиқбол” Ёшлар қаноти фаолиятини ҳамда “Ёш сиёсатчи” кўрик-танлови 10 йиллигини акс эттирувчи 5 дақиқали ролик намойиш этилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят кенгаши масъул ходими, “Ёш сиёсатчи-2013” кўрик-танловининг республика босқичи мутлоқ ғолиби Қозиева Мўтабар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг энг фаол ҳамкори, ёшларнинг севимли қўшиқчиси Шукуров Иззатилла Тоживой ўғли, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг энг фаол тарғиботчиси, “Ёш сиёсатчи-2017” кўрик-танловининг республика босқичи иштирокчиси Жалилов Мирсаид Бектош ўғли ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг яна бир энг фаол ҳамкори, ёшларнинг севимли қўшиқчиси Қўлдошева Адолат Солиевналар партия фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг хулосаларига кўра 3-ўринни Сурхондарё вилояти иштирокчиси Зарипова Рушана Робертовна, 2-ўринни Самарқанд вилояти иштирокчиси Халилов Сирожиддин Шерали ўғли эгалладилар. Ушбу кўрик-танловда энг юқори балл тўплаган Тошкент вилояти иштирокчиси Холбўтаева Покиза Муродулла қизи танловнинг Республика босқичи ғолиби деб топилди.

«Ёш сиёсатчи-2018» кўрик-танлови ғолиблари эсдалик совғалари, диплом ва номинациялар билан тақдирландилар. Шунингдек,  Танловда “Келажак бунёдкори, ”Энг билимдон иштирокчи”, “Энг фаол иштирокчи”, “Энг яхши нотиқ”, “Иқтидорли иштирокчи”, “Ташаббускор иштирокчи”, “Энг қатъиятли иштирокчи” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. 

 

 

 

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.