Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ЎЗБЕКИСТОН ХДП МАРКАЗИЙ КЕНГАШИНИНГ X ПЛЕНУМИ БЎЛИБ ЎТДИ

01.11.2018 , 17:00

Бугун Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг X-пленуми ўтказилди. Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республика, вилоятлар, Тошкент шаҳар кенгашлари раҳбарлари, партия экспертлари, фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Пленумда асосий эътибор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ҳамда 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар Дастурлари ижросининг бориши, партия олдида турган навбатдаги вазифалар муҳокамасига қаратилди.

Пленумда таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузаси ҳамда 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси сиёсий партияларнинг ишини сифат жиҳатидан янгилаш, уларнинг жамиятдаги обрў-эътиборини кўтариш, давлат ва жамият бошқарувида ҳал қилувчи кучга айлантириш борасидаги асосий вазифаларини белгилаб берди.

Шу вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз фаолиятини қайтадан танқидий-таҳлилий кўриб чиқиб, иш услуби ва сифатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича ўзининг стратегик жиҳатдан кенг кўламдаги мақсадларини белгилаб олди.

Ўтган даврда, партия Дастури қайтадан таҳлил қилиниб, янгитдан ишлаб чиқилди. Партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, депутатлик бирлашмаларининг ишини фаоллаштириш, партия аъзоларининг ташаббускорлигини ошириш, мафкура йўналишидаги ишларини янги босқичга олиб чиқиш, ёшлар ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, кадрлар танлаш ишларини янада такомиллаштириш, партиянинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш бўйича йўл хариталари белгилаб олинди.

Маърузада белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, депутатлик бирлашмалари фаолиятида ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш, аҳолининг турмуш тарзи ва фаровонлигини таъминлашга тўсиқ бўлаётган муаммолар ечимига асосий эътибор қаратилганлиги қайд этилди. Жумладан, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан киритилган 19 та қонун лойиҳасининг, партия электорати манфаатига бевосита тааллуқли бўлган 10 тасини ишлаб чиқилишида фракция аъзолари бевосита иштирок этди. Бундан ташқари, партия фракцияси ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасини ялпи йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг “Соғлиқни сақлаш соҳасига оид ислоҳотларнинг амалга оширилиш ҳолати тўғрисида”ги ахбороти, “ҳукумат соати” доирасида эса Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Пленумда ўтган давр мобайнида, фракциянинг назорат-таҳлил фаолиятида “Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини ҳамда “Қонун ҳужжатларига мувофиқ ногиронликни белгилаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги режалар тўғрисида” Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг фракция билан биргаликда кенгайтирилган йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси раҳбарининг ахборотлари эшитилганлиги эътироф этилди.

Таъкидаланганидек, фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан биргаликда республикамизда “Меҳрибонлик уйлари”да таълим-тарбия олаётган вояга етмаганларнинг қонуний хуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, етим болаларнинг яшаш, таълим олиш хуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар” юзасидан Халқ таълими вазири биринчи ўринбосарининг ахбороти эшитилди.

Партия фракцияси, партия ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ҳамкорлигида Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликларининг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари фаолияти билан боғлиқ 180 та масала партия гуруҳларида, 115 та масала тегишли доимий комиссияларда ҳамда 68 та масала сессиялар кун тартибига киритилиб, улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қўвватлаш “Нуроний” жамғармаси, Кўзи ожизлар, Карлар жамияти, Ногиронлар ассоциацияси билан имзоланган меморандум доирасида, меҳнат ва уруш фаҳрийлари пансионатлари, “Саховат”, “Мурувват” ва “Меҳрибонлик” уйлари, ногирон болалар учун мактаб интернатларининг таълим сифати, уларнинг моддий-техник базаси, тиббий хизмат кўрсатиш каби масалалар тизимли равишда ўрганиб борилди. Аниқланган 67 та масала партия гуруҳларида, 46 та масала доимий комиссияларда ва 33 та масала сессиялар кун тартибларига олиб чиқилиб, муҳокама қилинди.

Олиб борилган ҳамкорликдаги ишлар натижасида, партиямиз электоратини ўйлантираётган муаммолар ечимига қаратилган Ўзбекистон Республикасининг Оила Кодексига, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 37-моддасига, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида ҳамда “Иссиқлик таъминоти тўғрисида”ги қонун лойиҳасига таклифлар тайёрланди.

Партия электорати манфаатларини таъминлашга қаратилган “Доимо эътиборимиздасиз!” ҳамда “Ҳар бир инсонга меҳр-мурувват кўрсатиш – бурчимиз!” лойиҳаларида 200 дан ортиқ маърифий-йўқлов тадбирлари амалга оширилди.

Жойларда уюшмаган ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ишсиз ёшларнинг ташаббус ва таклифларини ўрганиш ва уларни иш билан таъминлаш мақсадида ўтказилган лойиҳалар ва акциялар натижасида 50 мингдан зиёд ёшлар қамраб олинди, 1000 дан ортиқ маҳаллалардаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилаларга ташрифлар уюштирилиб, муаммолари ўрганилди ва 200 дан ортиқ ёшларга ишга жойлашиш, банклардан имтиёзли кредитлар олишга ҳамда 22 нафар имконияти чекланган, кам таъминланган оилаларнинг иқтидорли фарзандларига ўз ишларини бошлашга амалий ёрдамлар берилди.

Қишлоқ аҳоли пунктларида аҳолининг кам таъминланган қатламлари, улар орасида айниқса хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган “Ижтимоий кўмак – ташаббускорликка йўл очмоғи керак” лойиҳаси доирасида 3000 дан ортиқ кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилаларга ташрифлар уюштирилиб, муаммолари ўрганилиб, ечимида амалий кўмаклар берилди.

Кадрлар масаласи борасидаги ишларни янада ривожлантириш, етук мутахассисларга бўлган талабни қондириш, ўз сиёсий позициясига эга ва янгиликка интилувчан ходимларни қўллаб-қувватлаш, янги тайинланган ва сайланган ходимларни касбий салоҳиятини ошириш ва рағбатлантириш мақсадида 28 нафар туман ва шаҳар ходимларини вилоятда, вилоят, туман ва шаҳар ходимлари партия Марказий Кенгашида амалиёт ўтаб, ўз билим ва малакаларини оширдилар.

Пленумда, амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, партия фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ҳали ечимини кутаётган масалалар мавжудлиги ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди. Жумладан, мафкуравий, хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш йўналишларидаги ишларини мазмун-моҳияти жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, хусусан, фаолиятга инновацион ёндашув, янгича ғоя, янги қарашлар ва янги изланишлар татбиқ этиш чораларини кўриш, оммавий ахборот воситаларида партия фаолларининг юртимизда кечаётган кенг ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, муҳим сиёсий воқеалар ҳамда қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан партиянинг муносабатини янгича ёндошув ва қарашлар билан намоён қилиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, парламент ва депутатлик сўрови институтидан янада самарали фойдаланиш, бошланғич ташкилотлари аъзолари ташаббускорлигини ошириш, уларнинг фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, партия тизими учун малакали кадрлар танлаш ишларини янада такомиллаштириш, етук мутахассисларга бўлган талабни қондириш, интилувчан, янги инновацион ғоялар асосида фикр юритадиган ёшларни партияга кенг жалб қилиш ва бошқа вазифалар турибди.

Мазкур масалалар юзасидан Пленум томонидан қарор қабул қилиниб, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини кучайтиришга қаратилган тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, Пленумда ташкилий масалалар кўриб чиқилиб, Мехрожиддин Қобилович Дархонов ҳамда Варисова Мақсуда Азизовналар Ўзбекистон Халқ Демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосарлари лавозимига сайланишди.

Пленум кун тартибидаги масалалари бўйича Ўзбекистон ХДП Марказий кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.