Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

АЙРИМ ДЕПУТАТЛАР ҚЎЛ КЎТАРИШДАН НАРИГА ЎТМАЯПТИ

06.11.2018 , 16:00

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши пленуми танқидий руҳда ўтди

Аввал хабар берганимиздек, 1 ноябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топган сана муносабати билан партия Марказий Кенгашининг пленуми бўлиб ўтди. Унда партия Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республика, вилоятлар, Тошкент шаҳар кенгашлари раҳбарлари, партия экспертлари, фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Пленумда асосий эътибор Президентимиз бошчилигида 2017 йил июль ­ойида парламентда ўтган видеоселектор йиғилишидаги маъруза ҳамда парламентга йўлланган Мурожаатномада ­белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурлари ижроси, партия олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига қаратилди.

Пленумда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов маъруза қилди.

 

— Мамлакатимиз раҳбари маърузаларида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, ўзаро манфаатли ташқи сиёсат масалаларида илгари сурилган ғоялар ва бу жабҳада белгилаб берилган вазифалар парламентимиз ва сиёсий партиялар фаолиятига янгича мазмун-моҳият олиб кирилишига асос бўлди, — деди партия етакчиси. — Таъкидлаш лозимки, билдирилган танқидий-таҳлилий фикрлар партиямизнинг мақсад ва вазифаларини самарали амалга ошириш, электорат манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш учун мустаҳкам замин яратди. Фаолиятимизни электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик ташаббуслари билан чиқиш, ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган муҳим масалаларга ечим топиш ҳамда дастурларнинг ижроси юзасидан депутатлик ва парламент назоратини олиб боришга йўналтирдик.

Хусусан, фракциямиз, жойлардаги партия гуруҳлари томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, уларнинг ҳудудий бошқармалари, бўлимларининг ҳисобот ва ахборотларини ҳар чоракда эшитиб бориш йўлга қўйилди. Ушбу эшитувлар якуни бўйича Қонунчилик палатаси Дастурнинг ҳудудлар ва тармоқлар кесимида сўзсиз бажарилишини таъминлаш, бу йўналишда депутатлар корпуси ва ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш, кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантиришни рағбатлантириш ҳисобига иш ўринлари яратиш, келгуси йиллар учун мўлжалланган дастурларни ишлаб чиқиш механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган тегишли қарорлари қабул қилинди. Қонун лойиҳалари бўйича фракция аъзолари томонидан партия дастурий мақсад ва ғоялари акс этган 300 дан ортиқ таклифлар ишлаб чиқилиб, масъул қўмиталарга тақдим этилди. Эътиборлиси, билдирилган таклифларнинг 200 га яқини инобатга олинди.

Парламент назоратининг янги шакли бўлган «Ҳукумат соати»га фуқароларни ўйлантираётган долзарб масалалар киритилмоқда. Жойларда янги иш ўринлари яратиш борасидаги камчиликлар, ахборотлардаги расмиятчиликлар ва аҳолини безовта қилаётган бир қанча муаммолардан келиб чиқиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ахбороти эшитилди.

Ўтган давр мобайнида фракциянинг назорат-таҳлил фаолиятига оид ишлари ҳам муҳим аҳамият касб этди. «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ижроси ҳамда «Қонун ҳужжатларига мувофиқ ногиронликни белгилаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги режалар тўғрисида» Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси раҳбари, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан биргаликда Меҳрибонлик уйларида тар­бия­ланаётган болаларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, етим болаларнинг яшаш, таълим олиш хуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар» юзасидан халқ таълими вазири биринчи ўринбосарининг ахборотлари эшитилди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ташаббуси билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликларининг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари фаолияти билан боғлиқ 180 масала партия гуруҳларида, 115 масала доимий комиссияларда ҳамда 68 масала сессиялар кун тартибига киритилиб, улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Ногиронлар, Кўзи ожизлар, Карлар жамиятлари, «Нуроний» жамғармаси, Ногиронлар ассоциацияси билан ҳамкорликда меҳнат ва уруш фахрийлари пансионатлари, «Саховат», «Мурувват» ва «Меҳрибонлик» уйлари, ногирон болалар учун мактаб интернатларидаги таълим сифати, уларнинг моддий-техник базаси, тиббий хизмат кўрсатиш каби масалалар ўрганилди. Аниқланган 67 масала партия гуруҳларида, 46 масала доимий комиссияларда ва 33 масала сессияларда кўрилди.

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида «марказ — вилоят — туман» тизими жорий этилди. Бунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иш услубини вилоят Кенгашига, вилоят Кенгаши тажрибасини эса туман-шаҳар Кенгашларига етказиш йўлга қўйилди. Қонун лойиҳаларини маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларида ва партия фаоллари иштирокида кенг муҳокама қилиш, хулоса ва таклифлар олиш механизми яратилди. Шунга кўра, 40 дан ортиқ қонун лойиҳалари жойларда муҳокама қилиниб, улар бўйича олинган 250 дан ортиқ фикр-мулоҳазалар умумлаштирилди ва фракцияга тақдим этилди, — деди Ҳ.Кетмонов.

Айтиш керакки, партиямиз ҳар бир йўналишни қайта кўриб чиқиб, «йўл хариталари»ни тузди. Шунга кўра, асосий эътибор халқ билан мулоқот қилиш, хонадонма-хонадон юриш, Жамоатчилик қабулхоналари ишини замонавий қарашлар асосида ташкил қилиш, жойларда режа-графиклар асосида сайёр қабулларга чиқиш биринчи галдаги вазифалар этиб белгиланди. Натижада 12 000 нафарга яқин фуқаро билан мулоқотлар ўтказилганда 6 806 масала кўтарилди. Уларнинг 72 фоизи ижобий ҳал этилди.

Президентимиз томонидан қабул қилинган қарор ва фармонлар, йиғилишлар, маърузаларда белгиланган устувор вазифалар ҳамда юртимизда амалга оширилаётган муҳим сиёсий жараёнлар юзасидан партиянинг Марказий ва маҳаллий кенгашлари томонидан сиёсий ўқувлар ўтказилди. Ушбу ўқув-машғулотлари учун 10 номдаги ўқув услубий қўлланма, ёрдамчи услубий материаллар ва маъруза матнлари тайёрланиб, жойларга фойдаланиш учун юборилди.

Партия тизимида хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш йўналишлари фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, хотин-қизларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш ҳамда ёшлар билан ишлаш борасида мақсадли лойиҳаларни ўз ичига олган алоҳида «йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Уни республиканинг туман (шаҳар)лари, қишлоқ ва овулларида босқичма-босқич амалга ошириш вазифаси белгилаб берилди.

Маълумки, БПТлар партия ишини кўрсатиб берувчи муҳим бўғин ҳисобланади. Шунинг учун уларнинг ишини такомиллаштириш доимий диққат марказимизда. Масалан, минтақаларда ҳафтанинг ҳар пайшанба куни «БПТлар билан ишлаш куни» сифатида жорий этилди. Ҳозирга қадар 800 га яқин бошланғич ташкилотлар билан алоқани тиклашга эришилди, — деди партия раҳбари.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳали эътибор қаратишимиз керак бўлган масалалар оз эмас. Жумладан, партиямизнинг дастурий мақсад ва ғояларини тарғиб қилишда (Марказий Кенгашдан тортиб вилоят кенгашларигача) мафкуравий ишлар талаб даражасида эмас. Ушбу йўналишдаги баъзи тадбирларимиз мазмун-моҳияти жиҳатидан кўпроқ маданий-маърифий, кўнгилочар тадбирларга ўхшаб қолмоқда. Ваҳоланки, тадбирларда биринчи даражада партия­нинг сиёсий позицияси ўз ифодасини топиши керак. Оммавий ахборот воситаларида чиқишлар ҳам сусайиб кетмоқда. Айниқса, юртимизда кечаётган кенг ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, муҳим сиёсий воқеалар ҳамда қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан партиянинг муносабатини билдириш бугунги кунда биз хоҳлаган талабда ташкил этилмаяпти. Марказий Кенгаш Ахборот хизмати талаби билан берилаётган муносабатларда ҳам партия масъул ходимларининг шахсий фикрлари акс этмаётгани кузатилмоқда.

Депутатлик бирлашмаларининг ҳаммаси ҳам жойларда аҳоли вакиллари билан учрашиб, аниқ ҳолатни ўрганиш, ижро ҳокимияти устидан парламент ва депутатлик назоратини олиб бормаяпти, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича депутатлик сўрови институтидан самарали фойдаланмаяпти. Зотан, партиянинг сайловларда берган ваъдаларини амалга оширувчи ҳақиқий куч бу — депутатлик корпуси ҳисобланади. Айрим депутатлар ўз ваколатлари ва масъулиятини ҳа­мон тўлиғича анг­лаб олмаяпти: на бир масала юзасидан аниқ ташаббус, на сайловчилари билан мулоқоти бор... Улар Кенгашлардаги сессия ва доимий комиссия йиғилишларида иштирок этиб, қўл кўтариб, тасдиқлаб беришдан бош­қасига ярамаяпти.

 Партиянинг ёшларга оид сиё­сатини юргизишда ҳам ҳанузгача эскича қараш ва тадбирбозликдан воз кечилмаяпти. Кадрлар билан ишлаш масаласидаги фаолиятимиз ҳам айтарлик даражада қониқарли эмас. Ҳусусан, кадрлар захирасининг номига шакллантирилгани, уларнинг ўқуви ташкил этилмаётгани бу борадаги ишларни жонлантиришни талаб этади.

Ушбу камчиликлардан келиб чиқиб, пленумда қуйидаги вазифаларни амалга ошириш таклиф этилди:

Биринчидан, партиянинг мафкуравий ишларини янада жонлантириш, интерфаол маш­ғулотлар, дебат ўтказиш усуллари, тарғиботнинг замонавий технологияларини чуқурроқ ўрганиш;

Иккинчидан, электорат манфаатларига дахлдор масалаларни вакиллик органларига олиб чиқиш ва ҳал этишда депутатлик гуруҳларимизнинг ташаббускорлигини ошириш;

Учинчидан, депутатларнинг ўз сайловчилари билан мулоқот қилиш бўйича масъулиятини ошириш, ижрочи котиблар билан биргаликда партия гуруҳлари аъзоларининг муносабатини шакл­лантириш;

Тўртинчидан, партиянинг ёшлар сиёсатини амалга ошириш юзасидан қабул қилинган «Стратегия»нинг ижросини тўлиқ таъминлаб бориш;

Бешинчидан, хотин-қизлар ўртасида олиб борилаётган ишларни фаоллаштириш, бунда, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган опа-сингилларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш ишларини жадаллаштириш;

Олтинчидан, кадрлар салоҳиятини ошириш, партия сафига салоҳиятли, обрў-эътиборга эга бўлган кадрларни жалб этиш ҳамда вакиллик органларига кўрсатиладиган номзодлар базасини шакллантириш;

Еттинчидан, моддий-техник базани тиклаш юзасидан тасдиқланган «йўл харитаси» ижросини тўлиқ таъминлаш.

Кўриб турганингиздек, барчамизнинг олдимизга аниқ вазифалар қўйилмоқда. Шулардан келиб чиққан ҳолда, минтақавий кенгашлар депутатлик гуруҳлари билан биргаликда, ушбу йўналишда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини аниқ белгилаб олишлари ва изчиллик билан ижро этишлари талаб этилади. Шуни унутмаслигимиз керакки, бу борадаги фаолиятимиз, илгари сурадиган ғоя ва ташаббусларимиз нафақат электоратимиз манфаатларини таъминлашга, балки пар­тиямизнинг жамиятдаги нуфузини оширишга хизмат қилади, деди Ҳ.Кетмонов.

Пленум якунлангандан кейин айрим иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

 

Мақсуд НУРУЛЛАЕВ, Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши раиси:

— Пленум давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни тинглаб, фаолиятимизнинг барча йўналишларида ҳали амалга оширишимиз лозим бўлган ишлар кўплигини англадим. Масалан, ишлаш учун хорижга чиқиб кетаётган ёшларимиз тақдири билан қанчалик қизиқяпмиз? Уларнинг фикрлари, ўйлари, ҳаёт тарзини ўрганиб, муаммоларнинг ечими бўйича амалий натижага эриша оляпмизми? Саволлар кўп. Жавоблар эса бизни қониқтирмайди.

Шунингдек, тадбир ўтказишни режалаштирганимизда расмиятчиликдан қочиб, юзма-юз самимий суҳбат қурса бўладиган муҳитни юзага келтиришга ҳаракат қилишимиз лозим. Хулқида ўзгариш бор йигит-қизлар билан ҳам шунчаки гаплашмасдан, психологлар, мутахассислар кўмагига таяниш зарур бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат. Бандликни таъминламасдан туриб, ҳудудлардаги муаммоларга ечим топиш мушкул. Навоий вилоят кенгаши бу борада қатор ишларни амалга оширмоқда. Ҳамкорликда меҳнат ярмаркалари ташкил этилмоқда. Афсуски, бундай ярмаркалар кутган натижани бермаётганини тан олишимиз керак. Бу эса янгича ёндашувлар вақти келганини англатади.

 

Раҳимберган ЮСУПОВ, Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси:

— Пленум давомида ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хоразм ви­лоят ҳамда туман (шаҳар) партия кенгашлари томонидан ҳудуддаги барча ногиронлиги бўлган шахслар рўйхати, уларнинг манзиллари тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилди. Улар ҳолидан хабар олиш орқали муаммолар ўрганилмоқда ҳамда камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, бугунги кунда Хоразм вилоятида жами 35541 нафар фуқаро турли тоифадаги ногиронлик бўйича рўйхатда туради. Шундан 5952 нафари ўн олти ёшгача бўлган болалардир. Уларнинг 1473 нафари 17 та махсус мактабгача таълим муассасаларида тарбияланмоқда. 2315 нафари умумий ўрта таълим мактабларида, 921 нафари уйда якка тартибда, 1487 нафари ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатларида таҳсил олади. 534 нафари эса тиббий хулоса асосида таълимга лаёқатсиз, деб топилган. Эндиги масала эса ногиронлиги бўлган ўқувчиларни ўқув қуроллари ҳамда дарсликлар билан етарли даражада таминлашдир. Бу борада халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари йиғилишларида 16 та, доимий комиссиялар йиғилишларида 11 та масала кўриб чиқилиб, 5 таси сессия муҳокамасига киритилган. Тегишли қарорлар қабул қилиниб, айни вақтда ижроси назоратга олинган.

Ўтган ўқув йилида ўрта махсус ўқув юрт­ларини 17 нафар ногиронлиги бўлган ёш битирган бўлса, шундан 9 нафари партия кўмагида ишга жойаштирилди. Депутатларимиз ташаббуси ва таклифлари асосида Урганч давлат университетининг талабалар турар жойида истиқомат қилувчи ногиронлиги бўлган талабаларнинг ётоқхонада яшаши учун тўловлар камайтирилди.

Албатта, кимгадир нимадир олиб бериш билан муаммо тўлиқ ҳал бўлиб қолмайди. Масаланинг асл моҳиятини англаб, келажакда бошқа инсонлар ҳам шу муаммога дуч келишининг олдини олишимиз керак.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА, Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси:

— Партия кенгашлари ходимлари ва депутатларнинг масъулиятини кучайтириш, уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш алоҳида аҳамият касб этишини таъкидламоқчиман. Чунки ҳар биримиз ўз вазифамизни сидқидилдан, масъулият билан бажарсак, партиямизнинг обрўси ошишига, электоратимиз ишончини қозонишга хизмат қилган бўламиз.

Жорий йилнинг ўтган даврида Сурхондарё вилоят, туман, шаҳар партия кенгашлари томонидан 800 нафардан ортиқ оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган хотин-қиз ҳолидан хабар олинди. Мулоқот мобайнида 400 дан ортиқ ­муаммолар аниқланиб, 336 тасининг ижобий ечимига эришилди. Шунингдек, 500 нафарга яқин хотин-қиз ишга жойлаштирилди. 86 нафари ўз ишини очиш, томор­қада ишлаш, паррандачилик билан шуғулланиш учун банклардан кредит олишди, 72 нафарига эса оилавий тадбиркорлигини бошлашига кўмак берилди.

Албатта, юқорида келтирилган рақамлар билан мақтаниб бўлмайди. Вилоят миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар оз эмас. Масалан, хотин-қизлар бандлиги масаласи. Бу ижтимоий аҳамиятга эга муҳим вазифа. Янги таклиф, янги ёндашувлар керак.

 

Равшан АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси:

— Ўтган даврда халқ депутатлари Навоий вилоят ва туман Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳи азолари ташаббуси билан муайян ишлар амалга оширилди. Лекин бугунги кун талабига кўра, натижалар билан мақтанмасдан, фаолиятимизга танқидий-таҳлилий қараш талаб этилади.

Яна бир масала. Партиямиз етакчиси маҳаллий Кенгашлардаги баъзи депутатлар билан алоқа узилиб қолганини таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам, ҳали партия ташкилоти ходими ёки ҳудуддан сайланган депутат бирор марта учрашмаган қанчадан-қанча ишсиз аҳоли, ёшлар, хотин-қизлар бор. Афсуски, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш, мамлакатимиздаги ўзгаришлар жараёнига фаол жалб этиш бўйича депутатлик корпусларининг таъсири сезилгани йўқ.

Шу ўринда савол туғилади: бундан ке­йин одамлар пуч ваъдаларга эргашмаслигини улар билишмайдими? Бугун одамларнинг кайфияти, дунёқараши мутлақо ўзгарган. Сайловчилар энди амалий ишларга қараб баҳо беришни ўрганмоқда. Ҳамон мудроқ кайфиятда юрган депутатларимизни огоҳликка чақиришимиз лозим. Шунинг­дек, кейинги сайловлар ишига виждонан ёндашадиган, эл орасида обрў қозонган инсонлар номзодини кўрсатиш муҳим вазифадир.

Куннинг иккинчи ярмида пленум иштирокчилари Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топган сана муносабати билан ташкил этилган байрам дастурига таклиф этилди. Партия Марказий Кенгаши раиси Ҳ.Кетмонов йиғилганларни партиянинг 27 йиллиги билан самимий табриклаб, бир гуруҳ фахрийлар, фаол депутат ва ходимларга эсдалик совғалари топширди. Санъаткорларнинг гўзал кўй-қўшиқлари кўнгилларни хушнуд этди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.