Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

САЙЛОВ ВА СИЁСИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАР

09.11.2018 , 9:10

Етакчилик нима? Ҳар қандай раҳбар ёки бошқарувчи ҳам лидер саналадими?

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан «Тараққиёт стратегияси» марказида ўтказилган сайлов ва сиёсий технологиялар мавзусига бағишланган семинар қизиқарли саволлар билан бошланди.

Дарҳақиқат, барча раҳбарни ҳам намунали етакчи, деб айта олмаймиз. Чунки лидерлик санъат бўлиб, одамларга таъсир ўтказиш, уларни ишонтириш, маълум мақсадлар сари етаклашни билдиради.

Ушбу масалага кенгроқ қарасак, ҳар қандай тараққиёт йўлини тутган давлатда аҳолини сиёсий жараёнларга жалб этиш, уларнинг сиёсий маданиятини ошириш муҳим вазифалардан саналади. Семинарда шу ҳақда фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Бугун сиёсий технологиялардан кенгроқ фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга, — деди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Меҳрожиддин Дархонов. Мисол учун, ташкил этилаётган ҳар бир семинар-тренингни партиямиз фаолияти учун керакли мавзуларга бағишланган маърузалар, қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтказиш зарур. Шунингдек, мамлакатимиз ҳаётидаги долзарб воқеаларга бағишланган махсус машғулотлар ўтказиш, тарғибот ишида ахборот-таҳлилий ва услубий қўлланмалардан самарали фойдаланишимиз талаб этилади. Албатта, бунда сиёсатшунослар, мутахассислар билим ва тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Чиндан ҳам, шиддатли ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар ҳар бир сиёсий партиянинг доимгидан кўра фаоллик билан ҳаракат қилишини талаб этмоқда, — деди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ўқитувчиси, социология фанлари доктори Абдулла Абдухалилов.Сиёсий партияларнинг фаоллиги фуқароларнинг турмуш фаровонлигига хизмат қилади. Бу эса сайловларда партиянинг қандай иштирок этишига боғлиқдир. Ҳозирда ривожланган демократик давлатларда сайлов жараёнларида фойдаланиш учун 400 дан ортиқ сайлов технологиялари қўлланмоқда. Алоҳида эътибор қаратиш керакки, бундай технологиялар демократик реалликка қараб қўлланади.

Сайлов технологиялари деганда сайловларда мақсадга эришиш учун қўлланма бўладиган аниқ стратегик режа тушунилади. Қонун чегарасида қандай услуб қўлланилишидан қатъи назар мақсад аниқ ғалабага эришиш бўлиши керак. Яъни, номзодлар «мен ҳокимиятга аниқ эришаман», «мен сайловда аниқ ғалабага эришаман», «мен буни қила оламан», деб ҳаракат қилиши керак. Ана шунда натижа бўлади. Агар номзод «бир омадимни синаб кўрайчи», «бир гап бўлар» қабилида иш қилса, натижа ҳам шунга яраша бўлиши аниқ.

Энг аввало муҳит танлай билиш ва унга мослашишдир. Бу ҳар бир сайлов технологияларининг амалга ошиши учун муҳим бўлган жиҳат ҳисобланади. Партия ходими ёки номзод қайси сиёсий технологияни қандай муҳитда қўллашни билиши керак. Ҳар бир сиёсий технология услубларини қулай муҳит шаклланганида тўғри ишлата билиш лозим. Қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари билан тиббиётдаги кашфиётлар ҳақида гаплашиб бўлмайди. Оддий одамлар олдида академик доирадаги илмий терминлар билан маъруза қилинмайди. Шу жиҳатларга эътибор бериш зарур. Демак, аудиториянинг таркиби, ёши, ижтимоий ҳолати, ҳаттоки оилавий аҳволигача инобатга олиниши талаб этилмоқда.

— Таъкидланганидек, номзодларнинг ишончли вакиллари тўғри танланиши керак, — деди ЎзХДП фаоли, «Билим» ахборот-кутубхона маркази раҳбари Ҳафиза Каримова. — Айтайлик, ишончли вакил машҳур юлдузлар, спорт мусобақалари совриндорлари бўлса, унинг номзодни қўллаб-қувватлашини айтиши ва бошқаларни ҳам шунга даъват қилиши жуда яхши самара беради.

Ўтган сайловларнинг бирида шундай тажриба қўлланилган. Парламент депутатлигига 4 номзоднинг барчаси салоҳиятли. Ким ютишини олдиндан ҳатто тахмин қилиш мушкул эди. 3 нафар номзодни ортда қолдириш учун бир номзод жуда яхши услуб ўйлаб чиққан эди ўшанда. Ўзбекистондаги машҳур чемпионни учрашув залига таклиф қилди. Чемпион ушбу номзоднинг ишончли вакили эканини айтиб, уни мақтаб кетди. Натижада ҳамма шу номзод атрофида йиғилиб, унга овоз беришини айта бошлади. Қаранг, қолган номзодлар ҳам салоҳиятли эди, бироқ сайловда ютқазди. Чунки улар сайлов технологияларидан самарали фойдалана олмади.

Сиёсий ўқувда, шунингдек, бугун одамлар узундан-узун, умумий фикрлардан иборат маърузаларга муҳтож эмаслиги, тарғиботчилар кўпроқ таҳлил, ҳаётий мисоллар, одамлар қалбига кириб борадиган йўллардан фойдаланган ҳолда иш олиб бориши зарурлиги таъкидланди.

Семинарнинг иккинчи қисмида иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда сайловга оид технологиялар бўйича интерактив машғулотлар ўтказишди.

 

Зилола АНВАРОВА