Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ЎЗ ФИКРИНИ ЭРКИН БИЛДИРАДИГАН ЁШЛАР

08.11.2018 , 10:00

демократик ислоҳотларга куч-қувват беради

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон ХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти «Ёш сиёсатчи — 2018» кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят босқичлари ғолиблари иштирок этди. Ёш сиёсатчилар учта шарт асосида ўз билимларини синовдан ўтказишди. Танловдан сўнг фаол ёшлар мухбирларимиз билан суҳбатда ўз таассуротлари, хулосалари, таклифлари ва орзулари ҳақида гапириб беришди.

 

Покиза ХОЛБЎТАЕВА, Бекобод тумани техника иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси, «Ёш сиёсатчи — 2018» танлови ғолиби (Тошкент вилояти):

Аҳолининг эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ҳимоя қилаётгани, бандлик масаласига устувор вазифа сифатида қараётгани учун Халқ демократик партиясини танлаганман. Ушбу танловда катта қизиқиш билан иштирок этдим ва ғолиб бўлдим. Ҳаяжоним, хурсандчилигимни сўз билан таърифлаб беролмайман.

Оилада 4 қизнинг кенжасиман. Опаларим яхши ўқиган. Улардан жуда ҳам миннатдорман. Опаларимга муносиб сингил бўлиш учун ҳам яхши ўқишга, намунали бўлишга интилганман. Келажакда ташқи ишлар вазирлиги тизимида ишламоқчиман. Мақсадим — ногиронлиги бўлган шахсларни ҳам ишли қилиш имкониятига эга инвесторлар билан ҳамкорлик қилиш. Болалар ва оналарни ҳимоя қилиш ташкилотлари кўп. Уларни юртимизга янада кўпроқ жалб қилиш учун элчи бўлиш керак, деб ўйлайман. Агар вақт ўтиб, танлаган касбимни ўзгартириш керак бўлиб қолса, тадбиркор аёл бўлардим. Ана шунда ҳам эҳтиёжманд кишиларга қўлимдан келган ёрдамни аямасдим.

 

Сирожиддин ХАЛИЛОВ, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўқитувчиси, иккинчи ўрин соҳиби (Самарқанд вилояти):

Сиёсатга, иқтисодий ўзгаришларга қизиқаман. Иқтисодиёт фанлари доктори даражасини олиш учун ҳаракат қиляпман. Танловда иккинчи бор қатнашишим. Ўтган сафар вилоят босқичида ҳам иккинчи ўринни олганман. Мен учун асосийси ғолиблик эмас. Ўйлайманки, ҳар бир иштирокчи учун жараёнда пишиш муҳим.

Бугун талабаларни қизиқтириш жуда қийин. Шу боисдан уларга дунёдаги иқтисодий ислоҳотлар ҳақида кўпроқ маълумот беришга, халқаро тажрибалар билан ўртоқлашишга ҳаракат қиламан. Танловга қатнашиш давомида одамлар қаршисида ўзимни қандай тутиш, тингловчиларнинг эътиборини тортишни ўргандим, эркин сўзлаш маҳоратим ошди, деб ўйлайман.

 

Рушана ЗАРИПОВА, Термиз давлат университети талабаси, учинчи ўрин соҳиби (Сурхондарё вилояти):

— Татар қизиман, ўзбек тилини, халқини ва ватанимни севаман. Вилоятимизда 100 га яқин афғон ёшлари таҳсил олади. Улар билан дўстлашиб олганмиз. Уларда ҳам ўзбек халқидан миннатдорлик кайфияти юқори. Ўқишга, ўзбек тилини ўрганишга бўлган иштиёқлари баланд. Афғон дўстларим танловнинг ҳудудий босқичида мени қўллаб-қувватлаш учун келишганидан жуда хурсанд бўлдим.

Танлов ҳақида тўхталадиган бўлсам, таклифларим бор эди. Иштирокчилар учун мажбурий форма тартиби бекор қилинишини истардим. Чунки кўпчилик узоқ йўлдан келади. Ҳамма ўзига қулай кийимда бўлиши керак, деб ўйлайман. Менимча, ёшларни эшитиш, уларнинг фикрларига эътибор қаратиш ва, албатта, улар билан ҳисоблашиш керак. Ҳудудлардаги партия ташкилотлари суст ишлайди. Шунинг учун танловнинг янгиланган низоми бизга тўлиқ тушунтирилмаган. Натижада танлов учун тайёрлаб келган лойиҳамни бир кечада ўзгартиришга мажбур бўлдим. Бу, албатта, кайфиятимга, иштиёқимга таъсир қилди. Лекин ўзим тайёрлаб келган дастлабки лойиҳамни амалга ошираман.

 

Шаҳло ОРЗИЕВА, Ўзбекистон ИИВ Навоий академик лицейи ўқувчиси (Навоий вилояти):

— Онам — депутат. Шунданми, ҳуқуқ соҳасига қизиқишим баланд. Одамлар билан суҳбатлашиш, уларни эшитишга ва ўрганишга қизиқаман. Танловнинг биринчи шарти «Халқ билан мулоқот; муаммо ва ечим», деб номланди. Шунга асосан одамларнинг муаммоларини ўргандик.

Масалан, туманимизда 1977 йилда 40 хўжаликка мўлжалланган трансформатор ўрнатилган экан. Айни пайтда хўжаликлар сони 173 тага етган, янги трансформаторга эҳтиёж катта. Муаммони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри туман электр тармоқлари корхонасига бордим. Лекин у ерда мени жиддий қабул қилишмади, гапларим эътиборсиз қолдирилди. Ана шу кайфиятимга таъсир қилди. Фуқаронинг ёши, жамиятдаги мавқеидан қатъи назар, уни эшитиш, мурожаатини ўрганиш керак, деб ҳисоблайман. Ҳудудимиздан сайланган депутат ёрдами билан муаммо ҳал этилди.

 

Салоҳиддин МЕҲРИЕВ, Бухоро солиқ коллежи ўқувчиси (Бухоро вилояти):

Танловга келишдан олдин депутатлар билан биргаликда Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатларни ўргандик. 150 дан зиёд мурожаатда ногиронлик аравачалари сўралган экан. Мутасадди ташкилотлар ёрдамида уларнинг истаклари қондирилди. Депутатлар билан аҳоли хонадонларида ҳам бўлдик. Кўпроқ 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар билан суҳбатлашдик. Уларнинг орзу мақсадлари, ҳаётга бўлган интилишини кўриб, боримни бергим келди. Эътиборга муҳтож инсонларни ёлғизлатмаслик, уларга меҳр улашиш кераклигини ҳис қилдим.

Масалан, бир йигит билан танишдик. Унинг оёғи фалаж. Акаси мана шу хасталикдан оламдан ўтган экан. Лекин у таслим бўлмаяпти. Уйида компьютер тузатиш билан шуғулланаркан. У ўз ҳунарини бошқаларга ҳам ўргатиб, шогирд таёрламоқда. Партиямиздан телевизор олишда ёрдам сўради. Унинг мурожаати ҳал этилди.

Келгусида барча учун шароит яратилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари ҳам фаол ҳаёт кечиришларини истайман. Бунинг учун яхши ўқиб, бор билимимни ишга солишга ҳаракат қиламан.

 

Шаҳноза ТОШҚУЛОВА, Ўзбекистон Миллий университети талабаси (Тошкент шаҳри):

Шу вақтга қадар ҳеч бир ютуққа осонликча эришмаганман. Иккки йил давомида юқори балл билан олийгоҳга киролмадим. Учинчи йили эса Ўзбекистон Миллий университетига грант асосида ўқишга қабул қилиндим. Икки муаллифлик китобимни чоп этилиши ҳам осон бўлмади. Аммо ҳар бир омадсизликдан сабоқ олиш лозимлигини англадим ва бу менга панд бермади.

Тошкент шаҳар босқичида ютганимни эълон қилишганида кўпчилик норози бўлганди. Бир нечта иштирокчилар ҳакамларни менга ён босганликда айблашди. Ваҳоланки, Сирдарёда истиқомат қилаётган, ЎзХДП аъзоси бўлган дадамдан бошқа партияга алоқадор инсонларни танимаганман. Танловнинг республика босқичида ҳам норозиликлар бўлди. Англашилмовчиликлардан фожиа ясамаслик керак, деб ўйлайман.

 

Шаҳлохон ЙЎЛДАШАЛИЕВА, хусусий тадбиркор (Андижон вилояти):

Биринчи ва иккинчи шартларда ўзим кутган натижани қўлга киритдим. Учинчи шартда камроқ балл тўпладим. Бундан хафа эмасман. Мен учун энг муҳимииштирок. Тайёргарлик жараёни жуда қизиқ кечди. Туманимиздаги кўплаб маҳаллаларни яёв кездим. Хонадонма-хонадон юриб, ечимини кутаётган масалалар кўп эканлигини ўз кўзим билан кўрдим. Энг катта муаммо ишсизлик эканини билдим. Шаҳрихон туманидаги 6 нафар ногиронлиги бўлган аёл иссиқхонага ишга жойлашишига кўмаклашдим. Иссиқхона раҳбарини Ўзбекистон савдо-саноат палатасига аъзо бўлишга ундадим. Натижада уларнинг экспорт ҳажми ортадиган бўлди. Мен танлов сабабли қанчадан-қанча яхши ишлар амалга ошиши мумкинлигидан хурсандман.

 

Сапура ҚАЙПНАЗАРОВА, Қорақалпоқ давлат университети талабаси (Қорақалпоғистон Республикаси):

Болалигим Оролбўйида ўтди. «Кемалар қабристони» бизнинг ўйин майдонимиз бўлди. Мўйноқ аҳолиси кўп йиллар давомида тоза ичимлик сувидан қийналишарди. Шукрки, узлуксиз тоза ичимлик суви етказиб бериш йўлга қўйилди. Илгарилари туманимизда сайёҳларни деярли учратмасдик. Ҳозир эса кўчалар одамларга тўла. Музейлар очиляпти, турли фестиваллар ўтказиляпти.

Биласизми, Мўйноқда истеъдодли ёшлар кўп. Аммо улар спорт билан шуғулланиши учун етарлича шароит яратилмаган. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, ногиронлиги бўлган ёшларга бепул шашка, шоҳмот машғулотларини ўтяпман. Танловда қатнашиб, тажрибам ошди, янги ғоялар билан қайтаяпман.

 

Умид КАРИМОВ, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти талабаси (Қашқадарё вилояти):

Танловда барча қатнашчиларнинг чиқишларини диққат билан кузатдим. Тақдим этилган лойиҳаларда кўтарилган муаммоларнинг ечимига қандай ёндашилгани билан қизиқдим. Очиғини айтсам, ҳакамлар ҳаракатлари мени қониқтирмади. Юқори ўринни эгаллаган иштирокчиларнинг лойиҳаларида масала кўтарилдию, асосли ечими кўрсатиб берилмади.

Бугунги кунда республикамиз бўйича сурдо тилини мукаммал биладиган ўқитувчилар сони 17 нафарни ташкил этади. Бу кўрсаткич билан фахрланиб бўлмайди, албатта. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Сурдо-таржимонлик марказини очишни режалаштирганман. Марказ қошида махсус ўқув курслари ташкил этилади. Битирувчилар бандлиги таъминланади. Яъни, гапириш қобилиятига эга бўлмаган инсонларга ўз хизматимизни таклиф этамиз. Шунингдек, зиёратгоҳларга шу тоифадаги ногиронлиги бўлган сайёҳлар келганда ҳам яқиндан кўмак беришимиз мумкин. Мен ўз лойиҳамнинг ижтимоий аҳамияти катта, деб ўйлайман.

 

Анвар Жумаев, Жиззах давлат педагогика институти талабаси (Жиззах вилояти):

Одатда тўнғич фарзанднинг масъулияти ўзгача бўлади, дейишади. Лекин ака-опаларингдан кам бўлмай, қийинчиликларни енгиб ўтиш ҳам осон эмас. Оилада беш нафар фарзандмиз, мен кенжасиман. Икки опам ва икки акам олий маълумотли. Опам айни вақтда илмий ишини ёқлаш арафасида.

Олий Мажлис биносида олган таассуротларимни яқинларимга гапириб бергим келяпти. Бир зум депутатларимизнинг ўрнида ўзимни тасаввур этиб янада ҳаяжонландим.

«Обод қишлоқ» дастури бизнинг вилоятимиздан, «Манас» қишлоғидан бошланди. Ўзим Зафаробод туманида истиқомат қилсамда, манаслик дўстларим кўп. Уларнинг уйига борганимда ўзгаришларни кўриб, лол бўлиб қолдим. Қисқа фурсатда шунча иш қилиш мумкинлиги хаёлимга ҳам келмаганди.

Танлов жараёнида бир фикрга келдим. Қишлоқ ёшларини ижтимоий ҳимояси, спорт ва санъат билан шуғулланиши учун шароит яратиш лойиҳаси устида ўйлаб кўрмоқчиман.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.

Санжар ШОТЎЛАГАНОВ олган суратлар.