Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ҲАР БИР МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН ТАҚДИРИ ЁТАДИ

12.04.2019 , 16:30

Бугунги кунда халқ билан мулоқотда бўлиш, мурожаатларга бефарқ бўлмаслик, раҳбарлар масъулиятини ошириш, уйма-уй, хонадонма-хонадон юриб, эл дарди билан яшаш ҳар соҳада ижобий натижалар бермоқда. Олиб борилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қарор ва фармонлар замирида халқимизнинг оғирини енгил қилиш каби эзгу мақсадлар мужассам.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам ўз фаолиятида “Жамоат-чилик қабулхонлари” орқали халқимизнинг оғирини енгил қилиш, муаммо ва камчиликларни электорат манфаатларидан келиб чиқиб ҳал этиш ишларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Жумладан, Қашқадарё вилоят, туман ва Қарши шаҳар партия кенгашлари томонидан ўтган 2018 йилда жами 638 та мурожаатлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг 58 фоизи ҳамкор ташкилотлар ва депутатлар орқали ҳал этилган. Жорий йилнинг I чораги давомида эса 173 нафар фуқаролар партия қошидаги “Жамоатчилик қабулхоналари”га мурожаат қилишган. Мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой, ер олиш масаласи, бандлик, ижтимоий нафақалар, ички йўллар, ичимлик суви ҳамда ижтимоий соҳадаги бошқа мурожаатлардир.

Электоратимиз вакиллари томонидан бўлаётган мурожаатларнинг аксар қисми ўз вақтида ҳал этилса, маълум қисми учун вақт талаб этилиши сабабли назоратга олинган. Жумладан, жорий йилнинг январ ойида Нишон туман кенгаши “Жамоатчилик қабулхонаси”га Оқ олтин маҳалла фуқаролар йиғи-нида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Гулнора Раҳимова иш масаласида мурожаат қилган. Мурожаат муаллифида шахсий тикув машина борлиги сабабли халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати Ҳ.Гуллиева ёрдамида Нишон туман Пахта тозалаш заводига касаначи сифатида ишга жойлаштирилди. Энда у ўз уйида ўтириб, ҳар ойда 800 дона этак, 112 та катта қоп тикиб, мазкур завод буюртмасини бажаради.

Муборак туман партия кенгаши “Жамоатчилик қабулхона”сига 2-гуруҳ ногирони Чориёрқул Авезов тумандаги “Кўҳна шаҳар” маҳалласида 8 нафар қариндошлари ҳамда ногиронлиги бор фарзанди билан яшаши, уйи таъмирталаблигини айтиб амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган. Мурожаат юзасидан туман ҳокимлигига хат билан чиқилди ҳамда 2019 йилда Чориёрқул Авезовнинг уйи таъмирланиши белгиланди. Яна бир мурожаатда Муборак туманидаги А.Темур маҳалласида яшовчи Гамаюнов Виктор Андреевич паспорт олишда муаммоларга учраётгани сабабли партиядан амалий ёрдам сўраган. Гамаюнов Виктор Андреевич 1948 йил 2 январда Украина Республикаси Львов шаҳрида туғилган. 1973 йил 23 декабрда Хоразм вилояти Урганч туманига кўчиб келган. 1986 йилдан буён Қашқадарё вилояти Муборак туманида яшаб келмокда, лекин фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжати йўқ. Ҳозирги кунда у соғлиги сабаб юра олмайди. 2016 йил 18 октябрда Муборак тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимида чап оёқ тизза бўғими соҳасидан экзартикуляция қилиш орқали операцияси бўлган. Ёлғиз яшайди, парваришга муҳтож. Қариялар уйига жойлаштириш учун фуқаролик паспорти керак бўлган. Мурожаатчининг тегишли хужжатлари ўрганилиб чиқилгач. халқ депутатлари Муборак туман Кенгаши депутати А.Парпиева ёрдами билан Навоий вилояти Кизилтепа тумани ИИБ ҳамда Қашкадарё вилояти Касби тумани ИИБ бошлиқларига хат ва сўровлар билан чиқиш орқали мурожаат ижобий ҳал этилди.

Жорий йилнинг январь ойида Қарши шаҳар кенгаши “Жамоатчилик қабулхонаси”га Рогузар МФЙда истиқомат қилувчи Очилова Лобар мурожаат қилиб, Қарши шаҳридаги 8-ўрта умумтаълим мактабининг 90 метрли ҳовли деворини қайта қуришга зарурат борлиги, мактабнинг 1978 йилда қурилган иккинчи биносини таъмирталаблигини инобатга олиб амалий ёрдам беришни сўраган. Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Р.Муртазаев ҳамда Қарши шаҳар Молия бўлими бошлиғи Ш.Ашуровлар билан биргаликда мурожаат ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилган. Молия бўлими томонидан мактаб учун 276 миллион сўм пул ажратилиб, бугунги кунда қурилиш ишлари якунланди. Яна бир мурожаатда Дарвозатутак МФЙ 1-Кўлбўйи кўчаси 1-уйда истиқомат қилувчи Феруза Файзилова ҳамда ушбу кўчанинг 6-уйида истиқомат қилувчи Рашидов Ҳамидлар соғлигини тиклаш юзасидан мурожаат қилишган. Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Х.Панаева томонидан вилоят 1-сонли шифохонасига 7 кун давомида бепул даволанишлари учун амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, депутат Х.Панаева томонидан Дарвозатутак МФЙ Садриддин Айний кўча  50-уйда истиқомат қилувчи Нигора Остонова ва ушбу кўчанинг 34-уйида истиқомат қилувчи Гўзал Имоноваларга Ҳамкорбанк акциядорлик тижорат банкидан 3 миллион сўмдан кредит олишда амалий ёрдам берилди.

Жорий йилнинг март ойида Қарши шаҳар кенгаши “Жамоатчилик қабулхонаси”га Мустақиллик МФЙ Ўзбекистон Қуролли кучлари кўчаси 7/2 хонадонда истиқомат қилувчи Насиба Гелдиёрова 2 сотихли ер майдон олишда партиядан амалий ёрдам сўраган ва бу мурожаат Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Ж.Амиров томонидан ижобий ҳал қилинди.

Фаол депутатлардан яна бири Яккабоғ туман Кенгаши депутати Назира Элмуродова томонидан тумандаги Учтепа МФЙ Тошлоқ қишлоғида яшовчи Бобоназар ота Қудратовга Қарши шаҳри Тиббиёт бирлашмасига даволаниши учун бепул ордер олиб берилди.

Бу каби мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Жамоатчилик қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар ўша ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидан келиб чиқмоқда. Хусусан, шаҳар аҳолиси кенгайиб, янги уйлар қурилиши муносабати билан Қарши шаҳрида уй-жой ва ер олиш масаласи, чекка туманларимизда бандлик, банкдан кредит олиш, ичимлик суви ва коммунал тўловлардаги муаммолар кўпроқ учраб турибди. Бироқ, биз ҳеч қайси мурожаатни бефарқ қолдирмаслигимиз, электоратимиз вакилларининг ишончини доимо қозонишимиз керак бўлади.

 

Шаҳло ХУДОЙҚУЛОВА,

Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши бўлим бошлиғи.