Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ЎЗБЕКИСТОНДА АЁЛЛАРГА КЎРСТИЛАЁТГАН ЭЪТИБОР БУТУН ДУНЁ НИГОҲИДА

08.11.2018 , 20:02

Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун барча шароитларни яратиб бериш, бир сўз билан айтганда ҳар бир ўзбек аёлининг ўзини бахтли ҳис қилишини таъминлаш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, жорий йилнинг 2 февраль куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиеёв томонидан қабул қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони барча ўзбек аёллари, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аёллар учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган аёлларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш борасида олиб борилаётган самарали амалий ишларига барчамиз гувоҳ бўлаяпмиз. Бугун Хотин-қизлар қўмитаси барча давлат ва жамоат ташкилотлари, жумладан, сиёсий партиялар билан ҳам ҳамкорликни тизимли йўлга қўйди. Хусусан, кейинги йилларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси билан Хотин-қизлар қўмитаси ўртасидаги ҳамкорлик янада кучайди. Ушбу ҳамкорлик нафақат марказда, балки барча туман ва шаҳарларда ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. Натижада ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган хотин-қизларни уй-жой, иш билан таъминлаш, муаммоларини ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан амалий ишлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Биргина мисол, партия Марказий Кенгаши ҳамда Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган “Аёллар ижтимоий ҳимояси-ижтимоий фаоллик пойдевори” мавзуси остида ўтказилаётган форумларда минглаб хотин-қизларнинг муаммолари хал қилинмоқда. Мазкур форумларда олис ва бориш қийин бўлган чекка-чекка қишлоқ аёллари ҳам қамраб олинаяпти.

Куни кеча бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда хориж тажрибасини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Тошкент шаҳрида “Мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилишда аёлларнинг ўрни: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Мазкур нуфузли тадбирда дунёнинг 30 га яқин давлатидан халқаро аёллар институтлари вакиллари, сиёсатдон аёллар ҳамда мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол бўлган аёллар иштирок этишди.

 Конференция давомида иштирокчилар Ўзбекистон аёлларининг жамият ва давлат бошқарувидаги мавқеи, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий йўналишлардаги фаол иштироки билан таништирилди, шунингдек, халқаро тажриба ва амалиёт ўрганилди. Жумладан, БМТ Бош котибининг махсус вакили Наталия Герман, ОБСЕ Раисининг гендер масалалари бўйича махсус вакили Меланне Вервир, шунингдек, Хитой, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Азарбайжон, Беларусия, Чехия давлатлари вакиллари томонидан Ўзбекистонда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, айниқса давлат раҳбарининг бу йўналишда олиб бораётган сиёсатига юқори баҳо берилди. Айниқса, бугунги кунда аёлларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини оширишга қаратилган саъй ҳаркатларни эътироф этиб, бу борада бой тажрибани хориж давлатларига оммалаштириш масаласини илгари сурди. Конференция ишида мамлакатимиздаги 10 мингга яқин маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис штати жорий этилганлиги, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ташкил этилганлиги ва бу фонд томонидан ижтимоий кўмакка муҳтож аёлларга моддий ёрдамлар кўрсатилаётгани, ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизларнинг уй-жой билан таъминланаётганлиги, “Мўътабар аёл” кўкрак нишонининг таъсис этилганига алоҳида қизиқиш билдирдилар ва ўз навбатида хорижий ҳамкорларимиз ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини юксалтириш, иқтисодий, сиёсий жараёнларда уларнинг фаоллигини янада ошириш, парламент ва давлат бошқаруви органларида аёллар роли ва имкониятларини кенгайтириш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдиришди.

Анжумандан ҳар бир иштирокчи хотин-қизлар йўналишида ишлаш юзасидан халқаро тажрибалар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Иштирокчилар анжумандан олган билим ва малака, хориж тажрибасини ўз фаолиятида қўллаб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда хотин-қизларнинг янада фаол иштирокини таъминлашга, ҳар бир аёлнинг оила ва жамиятдаги нуфузини оширишдек шарафли ишга бор куч ҳамда имкониятини ишга солишни ўз олдига мақсад қилиб қайтди.

Мен ҳам Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг кўп сонли аъзолари номидан ушбу нуфузли анжуманда иштирок этиб, ҳар бир маърузани диққат билан тингладим. Очиғи, хотин-қизлар билан ишлашда ҳали олдимизда турган, ўз ечимини кутаётган вазифалар анчагина экан.

  Мазкур вазифаларни фақатгина хотин-қизлар масалаларига масъуллар эмас, балки ҳар бир раҳбар, ҳар бир масъул ходим, қолаверса, ҳар бир шахс ўзини жавобгар деб ҳис этиши лозим, ҳар бир аёл аксида ўз онамиз, опа-синглимиз ва қизимизни кўрсаккина, улар муаммосига бефарқ бўлмаймиз. Чунки аёл ва оналаримиз билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир. 

 

Гулшан АСАТОВА,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири