Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

СЕКТОРЛАРДА ИШЛАР СОЗМИ?

25.04.2019 , 17:20

депутатлар бунга қачон эътибор қаратишади

Президентимизнинг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижроси юзасидан шаҳар ва туманлар кесимида ташкил қилинган тўртта секторда йилнинг ўтган даврида қилинган ишлар юзасидан барча туман сессияларида сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Аввало, Юртбошимиз ташаббуслари билан ҳудудларнинг секторларга бўлиниши ва секторлар штаби ташкил қилиниб, уйма-уй юриш орқали фуқароларнинг муаммолари аниқланиши муҳим тадбир бўлганини қайд қилиш керак. Секторларда тузилган ишчи гуруҳи аъзолари қатъий график асосида хонадонларни 180 кунда тўлиқ ўрганиб чиқиши режалаштирилган.

Сессияларда секторлар раҳбарлари ўз ҳисоботларида кўпи билан икки варақ қоғозда ўтган даврда қилинган ишлар ҳақида мухтасар маълумот беришди. Ана шу бир бирига мисли эгизакдек ўхшаб кетадиган ҳисоботларда партиямиз электорати ҳисобланмиш аҳолининг кам таъминланган қатламини ўрганиш борасида кўпи билан тўрт қатор маълумотлар келтирилган. Яъни, муаммолари “Сектор раҳбари ва ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, ишсиз фуқаролар ёки ногиронлиги бўлган оилалар бўйича алоҳида рўйҳат шакллантирилиб, уларга амалий ёрдам бериш чоралари кўрилмоқда”, дейиш билан чекланилди, холос.

Агарда ҳар бир секторга камида ўнта маҳалла кириб, бу маҳаллаларда ўртача етти-саккиз нафар кам таъминланган оила мавжудлигини инобатга олсак, айнан ана шу ижтимоий ҳимояга муҳтож хонадонлар сони оз эмаслиги маълум бўлади.

Ҳисоботларда аниқ рақамларни кўрмадик. Шаффофлик шароитида факт ва рақамларни яширишнинг ҳожати йўқ. Қолаверса, ҳар бир сектор ҳудудидан камида саккиз нафар туман кенгаши депутати бор.

Буларни айтишдан мақсад, сектор раҳбарларининг ушбу йилдаги илк ҳисоботлари ими жимида ўтгани, бирорта депутат уларга савол билан мурожаат қилмагани англашилади. Бундан эса икки хил хулоса чиқариш мумкин: ёки депутат ўзининг сайлов округидаги ҳақиқий аҳволни яхши билмайди,ёки сектор раҳбари бўлган масъул раҳбарларга қарши боришни истамайди, андиша қилади.

Қачонгача деган табиий савол туғилади. Юртбошимиз томонидан депутатларга катта ваколатлар берилиб, улардан қатъийятлик, доимо ўз сайловчилари орасида бўлиш талаб қилинаётган бир пайтда бу ҳолатни кечаги кундан қолган лоқайдлик деб аташ мумкин. Президентимиз беҳудага депутатларни уйғонишга чақирмаган эканлар.

.Бир қараганда, сессиялардаги ҳисоботлар, шу ҳақдаги маҳаллий нашрлардаги ахборотни ўқиб, секторларда ишлар яхши деган тасаввур уйғонади. Ҳаммаси жойида, фуқароларнинг муаммолари ўз вақтида ечимини топмоқда, ҳамма бундан мамнундек. Аммо...

Ҳали ҳамон Халқ қабулхоналарига мурожаат қилаётганлар сони камайгани йўқ. Вилоят ҳокими ўтказаётган ҳудудлардаги сайёр қабулларда мурожаат қилиш учун жамланган тирбанд навбатга кўзимиз тушади. Партиямиз қошидаги жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатлар сонида ҳам пасайиш йўқ. Бу нима?

Назаримда, секторларда ишлар юзаки, қоғозларни тўлдириш учунгина қилинаётгандек. Бунда маҳалла фуқаролар йиғинларидан олинган оилалар ҳақдаги маълумотлар шунчаки ҳисоботларга тиркаб қўйиладигандек.

Хўш, шундай экан, депутатлар нега жим? Уларнинг секторлар фаолиятига аралашиш ваколати йўқми? Майли, шундай дейлик, ҳеч бўлмаганда сессиялардаги сектор раҳбарлари ҳисоботлари давомида ўзи сайланган ҳудудда ўрганилган оилалар ҳақида сўраши мумкин эдику?

Депутатлар ҳам, партия фаоллари ҳам ўз иш фаолиятларини кескин ўзгартирадиган вақт келди.

Балки, бу қатъиятликни кейинги сайловларда сайланадиган депутатлар кўрсатишар?


Муқаддас НАРҚУЛОВА,

Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши

Мафкура ва тарғибот-ташвиқот масалалари бўлими бошлиғи