Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

КЕЛАЖАК ЭГАЛАРИ УЧУН ҒАМХЎРЛИК

25.04.2019 , 18:00

Бугунги кунда юртимизда болаларни ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли ҳуқуқий база шаклланган десак ҳеч муболаға бўлмайди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормалар ўз ифодасини топган.

1989 йилда имзоланган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин ратификация қилган энг биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан ҳисобланади. 1992 йилда мазкур Конвенцияга қўшилиб, Ўзбекистон бола ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича бир қанча халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларни ўз зиммасига олди.

Амалдаги қонунчиликда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига, шунингдек уларнинг ҳимоясига алоҳида эътибор берилмоқда. Маълумки, бола ҳуқуқлари соҳасида қонунчиликнинг асосини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ташкил этади. Унга мувофиқ болада туғилиши биланоқ инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ, эркинликлари вужудга келади ҳамда улар давлат томонидан кафолатланади.

Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида бола ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қарийб барча қоидалар жам қилинди. Мазкур қонун ҳужжати Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган бола ҳуқуқларининг асосий ва қўшимча кафолатларини ўз ичига олган.

Жорий йилнинг 22 апрель куни қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори бу соҳада яна бир муҳим қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди. Қарор асосида бугун жойлардаги мавжуд муаммолардан бири ота-она қарамоғисиз қолган болаларни уй-жой билан таъминлашда уларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар “Меҳрибонлик” уйларига жойлаштирилган, васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи берилади.

Қарор асосида болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланади ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмаслиги белгилаб берилди.

Болалар таъминотини яхшилаш улар келажагига ғамхўрликни таъминлаш мақсадида 14 ёшга тўлган болалар ўзининг таъминоти учун ота ёки онасидан, агар уларнинг ҳеч бири билан бирга яшамаса бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳуқуқи берилмоқда.

Болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилиниши эса юртимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини билдиради.

Юртимизда эрта никоҳнинг олдини олиш бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири саналади. Бугун партия фаоллари жойларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида ташкиллаштирган тадбирларда ҳам, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларимизда ҳам эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари ҳақида кўп бора гапиряпмиз, чиқишлар қиляпмиз. Эрта никоҳ тўғрисидаги, оилалар билан тушунтириш ишлари олиб боряпмиз. Шундай бўлишига қарамай, баъзи фуқароларимиз “Бу менинг шахсий ҳаётим, сизнинг аралашингизга йўл қўймайман”,- дея ўз ҳуқуқларини рўкач қилиб, билганидан қолишмайди. Қарор асосида 2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш этиб белгиланиши бу мамлакатда соғлом оила ва соғлом авлодни вояга етказишга замин ҳозирлади, десак муболаға бўлмайди.

Қарорда “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилиши белгилаб берилди.

Мазкур қонунни қабул қилинишда болаларнинг ижтимоий ҳимояси йўлида Ўзбекистон Халқ Демократик партиясининг барча даражадаги партия ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари фаол иштирок этишлари ва асосий ташаббускори бўлишимиз керак.


Робия КАЗИМОВА,

Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.