Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

БЕШ ТАШАББУС, БЕШ ИМКОН

14.05.2019 , 10:00

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши ташаббуси билан Уйчи туманида туман ҳокимлиги, туман партия кенгашининг “Истиқбол” ёшлар қаноти, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ва бошқа бир қатор жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда “Эзгу ғоядан-эзгу мақсад сари!”шиори остида, “Беш ташаббус-беш имкон!” номли ёшлар форуми ўтказилди.

Туман марказидаги Маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтган мазкур форумдан кўзланган мақсад - ёшлар фаоллигини ошириш, интилишлар майдонини кенгайтириш, Давлатимиз раҳбарининг шу йил 19 март кунги видеоселектор йиғилишида кун тартибига киритган 5 та муҳим ташаббус асосида амалиётга жорий этилаётган янгича интилишлар самарадорлигига эришиш эди.

Ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга ҳамда истеъдодини юзага чиқаришларига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган “Истеъдод” шоусида ташаббускор ёшлардан шакллантирилган бадиий жамоаларнинг дастурлари кўриб чиқилди.

“Фантазинг” усулидаги ранг тасвир бўйича ёшларнинг ижодий ишлари кўргазмаси ва сотуви шоунинг ўзига хослигини таъминлади.

Футбол, шахмат-шашка, белбоғли кураш каби спорт мусобақалари уюшмаган ёшларнинг ҳам спорт соҳасидаги имкониятларини аниқлаб берди. Футбол бўйича маҳаллалардаги ёшлардан иборат “Омад-38”, “Пахтакор”, “Dream neam”, “Real” жамоалари беллашувида “Омад-38” жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Спортнинг миллий белбоғли кураш тури бўйича тумандаги 8-мактаб ўқувчиси Зебохон Носирова ғолиб деб топилди.

Ёшларнинг компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишлари учун туман маданият ва истироҳат боғида “Wi-Fi room” имкониятларидан фойдаланиш бўйича мастер-класс ўтказилди. Айнан шу танловда Ўктамхон Отавалиева ғолиб бўлди.

Китобхонлик тарғиботи бўйича депутатлар, фаол партия етакчилари кўмагида янги бадиий адабиётлар билан тўлдирилган “Book room” ташкил этилдики, мазкур танловда туман АРМ ходими Жамила Пўлатова, “Энг ёш китобхон” номинацияси бўйича эса Покиза Ахмаджановалар ғолиб деб топилдилар.

Форум доирасида бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркалари ташкил этилди. 2 нафар аёл-қиз кўргазма давомидаёқ доимий иш билан таъминланди.

— Педагогика коллежини тамомлагач, муносиб иш тополмаётгандим. Бугунги бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида Республика маънавият тарғибот маркази туман бўлимига ишга қабул қилиндим, — дейди миннатдорлик билан Машҳура Ахмаджанова.

ЎзХДП Марказий Кенгаши Ёшларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири Умрбек Бектемиров, партия вилоят кенгаши раиси Равшан Абдуллаев, Уйчи туман хокими Муҳаммадаюбхўжа Аппақов, депутатлар ва партия тарғиботчилари иштирок этган форум фаол ёшларни тантанали тақдирлаш маросимида Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Гулшода Абдулҳамидова ижро этган дилбар қўшиқлар иштирокчиларга завқ улашди. Форум якунида бир гуруҳ ёшлар партия аъзолик сафига қабул қилиндилар.

 

Жамолиддин МЎМИНОВ,

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши

Ёшларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири