Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ПАРТИЯ КАДРЛАРНИНГ БИЛИМ ВА ТАШАББУСКОРЛИГИ, НОТИҚЛИК ҚОБИЛИЯТИ ОШИРИЛМОҚДА

15.05.2019 , 11:00

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан Ўзбекистон Давлат Тарихи музейида “Партия ходимларида лидерлик хислатларини ривожлантириш технологиялари ҳамда нотиқлик кўникмаларини шакллантириш йўллари” мавзусида ўқув семинар ўтказилди.

Семинарда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят кенгашлари маъсуллари, туман ва шаҳар кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Семинарда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда сиёсий партияларнинг ўрни тобора ортиб бораётганлиги эътироф этилди. Таъкидланганидек, сиёсий партия илгари сураётган ғоялардан жамоатчилик кенг хабардор бўлиши, айни пайтда уларни қўллаб-қувватлаши, тарғиботнинг таъсирчанлигини кучайтириш лозим. Албатта, бу ўз-ўзидан бўладиган жараён эмас. Сиёсий партия бу борада ташаббускор, фаол етакчиларига суянади. Шу боисдан ҳар бир етакчида лидерлик хусусиятларини шакллантириш лозим. Чунки, лидерлик санъат бўлиб, одамларга таъсир ўтказиш, уларни ишонтириш, маълум мақсадлар сари етаклашни билдиради.

Бугун мамлакатимизда бешта сиёсий партия вакиллик органидаги ўринлар учун кураш олиб борар экан, қайси бири фаол бўлса ва халқнинг кўнглидан муносиб жой олсагина, у албатта эртага сайловларда ғалабага эришади,—деди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова. — Шу орқали ўз мақсадларини амалга ошириш имкониятига эга бўлади. Яна бир жиҳат ҳар бир сиёсий партиянинг ходими ўз олдига катта мақсадларни қўйиб, жамиятда фаол бўлиш учун интилса кўзлаган мақсадларини тўғри амалга оширган бўлади.

Машғулотларни филология фанлари номзоди, доцент, нотиқ Рахимбой Жуманиёзов олиб борди. У сўз ва иш бирлигига амалга қилганларгина лидер бўла олишини эътироф этилиб, бунинг учун эса кўпроқ китоб ўқиши, амалиёт билан назарияни ўзаро бирлаштира олиши кераклигини уқтирди.

У партия ходимларида нутқ маданияти ва нотиқлик маҳорати, шунингдек тарғибот-ташвиқот ишларида нутқ таъсирчанлигига алоҳида тўхталиб ўтди. Маърузачи ҳар бир сиёсатчининг имижини шаклланишида нотиқлик маҳоратининг ўрни ҳақида ҳам фикрлар билдириб, ҳар бир партия ходим иш фаолиятида нутқ маданиятига риоя қилиши, доимий равишда ёзма ва оғзаки нутқини ошириб бориши зарурлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

—Сизнинг яхши нотиқ бўлиш йўлидаги интилишингиз тез ва муваффақиятли рўёбга чиқиши учун тўртта қоидага риоя қилишингиз лозим, — дейди нотиқ Рахимбой Жуманиёзов.— Биринчиси, нутқингизни мақсадга эришмоқ учун кучли ва мустаҳкам сабабга эга бўлган ҳолда бошланг. Иккинчиси, нима демоқчи эканингизни қатъий равишда аниқлаб олинг. Учинчиси, ишончни намоён қилинг. Тўртинчиси, амалда қўлланг. Аҳоли ўртасида тарғибот олиб бориш жараёнида ушбу тавсиялар асосида иш олиб борсангиз, кўзлаган мақсадга албатта эришасиз. Ушбу тавсияларни амалда бир қўллаб кўришнингиз мумкин. Ўзингизга ёққан бир мавзуни танлаб олиб, беш дақиқалик маъруза тайёрланг. Уни ёлғиз ҳолда бир неча маротаба машқ қилинг. Сўнг, агар иложи бўлса, мўлжалланган аудиторияда ёки дўстларингиз олдида бутун кучингизни сарфлаган ҳолда сўзга чиқинг. Натижасини кўрасиз.

Эркин фикр алмашиш жараёнларида партиялар ўртасида соғлом рақобатга киришиш, уларнинг фаолияти самарадорлигини такомиллаштириш, кадрлар малакасини ва иш тажрибасини ошириш, уларнинг ижтимоий-сиё­сий фаол­лигини кучайтириш, сиёсий-ҳуқуқий билимларини янада мус­таҳкамлаш мавзуларида фикр алмашилди.

—Партия тарғиботини маҳаллалар, таълим муассаслари, корхона ва ташкилотларда олиб борамиз, — деди Ўзбекистон ХДП Ангрен шаҳар кенгаши раиси Озода Жабборова. — Биласизми, тадбирларда маъруза қилиш жараёнимда қандайдир ички қўрқув, ҳаяжон бўлади. Шунчалик ҳаяжонга тушаманки, фикрларим тўзиб, уни ифодалаб беролмайман. Бугунги семинарда нотиқлардан ўзимда ушбу қўрқувни йўқотиш, ўзимга бўлган ишончни мустаҳкамлаш кўникмаларини олдим. Шуни англадимки, қўрқув ўзига бўлган ишончсизлик, ишончсизлик эса тажрибанинг етишмаслигидан экан. Ушбу семинарда олган билимларимни эртагагаёқ ўтказадиган тадбирларда синовдан ўтказаман.

Семинарда бугун сиёсий партия ташкилоти етакчиси зиммасида катта масъулият турганлиги, у партия ғояларини ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этиши кераклигига эътибор қаратилди. Қайд этилдики, партия етакчиси ҳаётда, жамият­да бошқалардан бир қадам олдинда юриши талаб этилади. Дунёда ва мамлакатда бўлаётган жараёнларни мунтазам кузатиб бориши, воқеа-ҳодисалар ҳақида ўз фикри, мус­тақил позициясига эга бўлиши керак. Маърузаларда етакчида лидерлик салоҳияти кучайтириш, партиянинг дастурий ғояларини ҳаётга кенг татбиқ этиш, тарғибот жараёнида сиёсий технологиялардан кенгроқ фойдаланиш каби масалаларга эътибор қаратилди.

—Омма олдида нутқ сўзлаш доимо масъулиятли иш ҳисобланган,— Ўзбекистон ХДП Юнусобод туман кенгаши раиси Равшан Абдуқодиров.— Ҳатто, ўнта одамнинг олдида гапириш жараёнимизда қандайдир кескинлик, қандайдир руҳий зарба, қандайдир ҳаяжон бўлади. Баъзида аудиториядан саволлар тушади, турли босимлар бўлади. Буларнинг барчасини енгиш учун аввало партия тарғиботчиларида ўзига бўлган ишонч бўлиши лозим. Шунингдек, аудиторияда маъруза чоғида қуруқ ваъзхонлик билан чекланиш керак эмас экан. Бу одамларни зериктириб, партия ғояларига эргаштирмас экан. Очиғи, мана шундай қуруқ маърузабозлик асосида ўтказилган тадбирларда иштирок этиб, бунга гувоҳ бўлганмиз.

Сиёсатшунос олимлар ташкил этилаётган ҳар бир семинар-тренингни партиямиз фаолияти учун керакли мавзуларга бағишланган маърузалар, қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтказиш зарурлиги юзасидан тавсиялар беришди. Шунингдек, мамлакатимиз ҳаётидаги долзарб воқеаларга бағишланган махсус машғулотлар ўтказиш, тарғибот ишида ахборот-таҳлилий ва услубий қўлланмалардан самарали фойдаланишимиз талаб этилади. Албатта, бунда сиёсатшунослар, мутахассислар билим ва тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Сиёсий ўқув машғулотларида, бугун одамлар узундан-узун, умумий фикрлардан иборат маърузаларга муҳтож эмаслиги, тарғиботчилар кўпроқ таҳлил, ҳаётий мисоллар, одамлар қалбига кириб борадиган йўллардан фойдаланган ҳолда иш олиб бориши зарурлиги таъкидланди.

Семинарнинг иккинчи қисмида иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда сайловга оид технологиялар бўйича интерактив машғулотлар ўтказишди. Машғулотларда барча партия етакчилари ўзаро баҳсга киришиб, мавзу юзасидан фикрларини билдирдилар.

—Партия дастурий мақсад ва вазифлари тарғиботини олиб бориш ва бу ишларда аҳолини фаол иштирок этишга чақириш мобайнида партия етакчисидан билим ва малакадан ташқари нотиқлик кўникмаси юқори даражада бўлиши лозим, — деди Ўзбекистон ХДП Оққўрғон туман кенгаши раис Сайидвали Ахмедов. — Партиямиз ғояси аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш экан, аҳоли ўртасида олиб бораётган тарғибот ишларида аҳолини ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, кўпчилик етакчиларимизнинг сиёсий ва нотиқлик кўникмалари талаб даражасида эмаслигини ҳам яширишнинг хожати йўқ. Ахир, биз ислоҳотларнинг тарғиботчисимиз. Бугунги семинарда бу борада етарли билим ва кўникмаларга эга бўлдик.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.