Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ОИЛАЛАР МУСТАҲКАМЛИГИ-ИЖТИМОИЙ БАРҚАРОРЛИКНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ МУҲИМ ШАРТИ

15.05.2019 , 11:30

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан Олий ва ўрта Махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва маърифат марказида 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан “Оилалар мустаҳкамлиги – ижтимоий барқарорликни таъминлашнинг муҳим шарти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши маъсул ходимлари, Республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита маъсуллари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашидаги партия гуруҳ аъзолари, талаба ёшлар, намунали ва ёш оилалар ҳамда ОАВ ходимлари қатнашди.

Тадбирда оила жамиятнинг асоси ҳисобланиши,у мустаҳкам бўлса, жамият, мамлакат ҳам мустаҳкам ва барқарор бўлиши эътироф этилди. Таъкидланганидек, оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи ришта никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки, оила қуриш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлодни тарбиялаш ва ҳаётда ҳалол-ҳаромни ажратиш каби муҳим масалаларнинг ҳаммаси шаръий никоҳга боғлиқдир. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. Оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш борасида партия ташкилотларида тизимли чоралар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

—  Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади, —  дейди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Гулшан Асатова.  — Оила институтини мустаҳкалаш, ҳудудларда оилавий ажримларнинг келиб чиқиш сабаб ва оқибатларини ўрганиш, айниқса, эрта никоҳ, оилалардаги низоли ҳолатлар ва ажрашишларнинг олдини олиш бўйича жойларда ҳамкорликда мақсадли ва режали тадбирлар ташкил этилмоқда. Ўтказилган мониторингларимиз натижасида Андижон (31,3%), Тошкент шаҳрига (19,4%), Сурхондарё (5,6%) ва Тошкент вилоятлари (2,8%)да оилаларнинг ажралиш ҳолатлари мавжудлиги маълум бўлди. Ҳамкор ташкилотларимиз билан ушбу ҳудудларда “Оила муқаддас даргоҳ”, “Эрта турмушнинг олдини олиш”, “Ёшларни оилага тайёрлашда ота-оналарнинг ўрни” каби мавзуларда тарғибот тадбирларини ўтказиб келинмоқда.

Тадбирда оилаларнинг давлат томонидан муҳофаза қилиниши Ўзбекистон Респуликасининг Конститутцияси, Оила, Меҳнат кодексларида ва бошқа қонунларда мустаҳкамлаб қўйилганлиги, Ўзбекистон ХДП томонидан кам таъминланган ҳамда ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қилинаётган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Давра суҳбати давомида мутахассислар ҳамда кўп йиллик ҳаёт тажрибасига эга бўлган оила вакиллари оилани мустаҳкам тутиш асослари тўғрисида ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

—  Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади, — деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Илҳомжон Исломович. —  Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Бунда оила аъзоларининг, айниқса, эр ва хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади. Абу Дардо розияллоҳу анҳу аёлига шундай деган: “Ғазабим келганда мени рози қилишга урун, сенинг ғазабинг келганда мен сени рози қилишга урунай. Акс ҳолда бирга яшай олмаймиз”. Ҳаёт жуда мураккаб жараён. Гоҳи шодлик, гоҳи ғам деганларидай оилада эр ва хотин ўртасида ҳам турли сабаблар ила келишмовчиликлар бўлиб туради. Шошқалоқлик, жаҳлнинг тез чиқиши, қаноатсизлик, манманлик, тирноқ остидан кир қидирмоқлик оилавий муносабатларга путур етказади. Шуни айтиб ўтиш жоизки, эр хотинининг бир ёмон хулқидан норози бўлса, унинг бошқа яхши томонлари ҳам бор эканлигини унутмасин. Аёл ҳам ўрни келганда ғазабини ютиши, гарчи ёқмасада, оилавий ҳурмат юзасидан баъзи нарсаларга чидашга одатланиши лозим. Маънавий жиҳатдан бир-бирига сабр қилиш лозим бўлганидай, моддий жиҳатдан ҳам қаноатли ва сабрли бўлиш жуда муҳимдир.

—  Мен онамдан оила ва унинг нечоғлиқ қадрли эканлигини, фарзандларнинг камол топишида оиланинг ўрни ва аҳамияти борасида кўп эшитганман,  —  деди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси Нулуфар Азизова. — Бироқ бугунги тадбирда бутун бошли жамиятимизда оилаларни мустаҳкамлаш ва уни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш борасида муҳим чора-тадбирлар олиб борилаётганлиги ҳақида ҳамда оилавий муносабатларга оид ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида батафсил маълумотларга эга бўлдим. Ўзимга мақсад қилиб олдимки ҳаётимда оиламни муқаддас деб биламан ва фарзандларимнинг бахтли яшашлари учун меҳрибон оналик вазифасини бажараман шунингдек кундалик ҳаётимда ўзимнинг бурчимни виждонан бажаришим кераклигини англаб етдим.

Тадбир давомида энг намунавий оилалардан 4 нафари “Намунавий оила” Дипломи билан тақдирланди. Олмазор туманининг Чимбой маҳалласида истиқомат қилувчи Шуҳрат Файзиевлар оиласининг бекаси ўз хурсандчилигини яшира олмай қуйидагиларни баён қилди.

— Менинг оилам энг намунали оила деб топилганидан бошим осмонга етди,  —  деди Шуҳрат Файзиев. —  Ҳақиқатдан ҳам турмуш ўртоғимга бўлган муносабатим, ишончим, ўзаро ҳурмат ва эҳтиромларимизнинг фарзандларимиз тарбиясидаги ўрнини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмас экан. Бугун катта фарзандим “онажон мен сиз ва отамни жуда яхши кўраман, сизларга ўхшагим келади” деган сўзларини эшитганимда биласизми? Бехосдан кўзларимга ёш келиб, тўғри йўлдан бораётганлигимни англаб етдим. Унинг исботи мана бугун менинг оилам энг намунали оила деб эълон қилинди. Ёшларга маслаҳатим ҳар ким ўз бурчини билиб ҳалол меҳнат билан ҳаёт кечирсин. Оилани муқаддас деб билиб, уни мустаҳкамлаш учун масъул эканлигини ҳар доим ёдида турмоғи керак.

Ўзбекистон ХДП Маркази Кенгаши раиси ўринбосари Олий Мажлиси Сенати аъзоси М. Ворисова тадбирни якунлар экан, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашдек муҳим вазифаларни бажаришда оилаларнинг ўрнини янада кучайтириш, бу борада давлат, нодавлат, жамоат ташкилотлари билан биргаликда ҳар бир шахс маъсул эканлиги юзасидан фикр билдириб, тегишли тавсиялар берди. Бундай тадбирларни тизимли равишда давом эттиришга келишиб олинди.

Шунингдек, давра суҳбати якунида оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг мустаҳкамлигини ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Жанаберген ЮСУПБАЕВ,

Ўзбекистон ХДП фаоли.