Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

“ОИЛА — МУҚАДДАС ҚЎРҒОН”

16.05.2019 , 14:00

Оила муқаддас даргоҳ. Унда миллий қадрият ва анъаналаримиз ривож топади, эртанги кун эгалари – фарзандларимиз камолга етади. Шу боис оилани асраб-авайлаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

15 май – Халқаро оила куни муносабати билан Ўзбекистон ХДП Янгиқўрғон тумани кенгаши томонидан “Оила — муқаддас қўрғон” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда туман ҳокимлиги, Оила илмий-амалий маркази туман бўлими ва Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши масъул ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар, халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, унинг даҳлсизлигини таъминлаш, фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келганлигини эътироф этди. Таъкидланганидек, оилада миллий қадрият ва анъаналаримиз ривож топиши билан бирга эртанги кунимиз эгалари — фарзандларимиз камолга етади.

Эркин фикр алмашиш жараёнларида ажримларнинг учдан икки қисми қайнона ва келин ўртасидаги ихтилофларга тегишли экани айтиб ўтилди. Мавзу юзасидан ҳар бир иштирокчи ўз қарашларини билдирди. Маҳалладаги намунали оилалардан бири Хамидахон Мухиддинова ҳамда Ўктамхон Холматоваларнинг фикрлари барчани ўзига тортди. — Аслини олиб қараганда, қайнона ва келин оиланинг тинч, осуда ва фаровон бўлишига энг катта хизмат қиладиган оила вакилаларидир, — деди маҳалладаги намунали оила вакили Хамидахон Мухиддинова. — Иккисини аёл экани, бу уларнинг бир-бири билан яхши тил топиб кетишига хизмат қилиши ўрнига, асосий муаммога сабаб бўлаётгани таажжубли ҳолат. Қайноналар билан ўтказилган суҳбатлар чоғида: “яна мен қайнолалик қилмаяпман” қабилида ўз фикрларида қатъий туриб олиб, ҳеч тўғри йўлга юрмасликлари кишини ҳайрон қолдиради. “Келин менга ёқса, қўйган шартларимни бажарса, кейин ўғлим билан яшайди, бўлмаса йўқ”, дейишлари ҳаммасидан ўтиб тушади.

Ҳар бир инсон оилада дунёга келади ва оилада бахту камолга эришади, — деди туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, халқ депутатлари туман кенгаши депутати Нигора Абдурахманова. — Оила тинч бўлса, юрт тинч. Афсуски, айрим ёшлар томонидан муқаддас даргоҳнинг тиничлигини бузиб, уни қадрламай, ажралиб кетаётганлар ҳам бор. Оиладаги нотинчлик, ажримлар сабаб фақат эр-хотин азият чекмайди. Бундай ҳолатларда ўша оила фарзандлари – эртамиз эгалари бўлган ёшлар камолоти ҳам сўроқ остида қолади. Туманимизда оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича мунтазам чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон ХДП билан ҳамкорликда маҳаллаларда оилалар иштирокида тарғибот ишларини олиб бораяпмиз. Ажримлар камайиши учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.

— Халқимизда “Бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака кетади”, деган мақол бор, — деди туман бош имом хатиби Акмалхон Саппамов. — Динимизда оила масаласига бениҳоя жиддий эътибор қаратилади. Агар эр ва хотин мазкур қоидаларга амал қилишса, бир-бирларига нисбатан зиммаларидаги бурч ва масъулиятларини ҳис қилиб, сидқидилдан адо этишса, бундай оила бахт ва саодат қасрига айланади. Бундай намунавий оилада туғилган фарзандлар ҳам гўзал тарбия топадилар ва келажакда улардан жамиятга фойдаси тегадиган буюк инсонлар етишиб чиқади.

Давра суҳбати давомида ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида маърузалар тингланди. Қайд этилдики, оиланинг мустаҳкамлиги учун аёл ҳам, эркак ҳам бирдек масъулдир.

Тадбир давомида Навкент кўчасида истиқомат қилаётган Хамидахон Мухиддинова ҳамда Ўктамхон Холматовалар туман партия кенгаши томонидан “Энг намунали қайнона” номинацияси ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Шунингдек тадбир якунида Кораянтоғ, Сутлибулоқ, Қорасув маҳаллаларидаги олти ойдан буён нотич яшаб келаётган бешта оила аъзолари билан мулоқот қилиниб, улар маҳалла фаоллари иштирокида ярашитирилди.

 

Соҳиба ЖУМАНОВА,

Ўзбекистон ХДП Янгиқўрғон туман кенгаши раиси