Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ПАСТДАРҒОМ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ 47 НАФАР БЕМОР БОЛА ОПЕРАЦИЯСИ ХАРАЖАТЛАРИНИ ЗИММАСИГА ОЛДИ

04.06.2019 , 15:30

Паст Дарғом туман тиббиёт бирлашмасидан берилган маълумотга кўра, ҳозир туманда 18 ёшгача бўлган болаларнинг 123 нафари туғма юрак нуқсонидан азият чекмоқда.

 

— Туғма юрак нуқсонли болалар тўлиқ кардиолог врачлар кўригидан ўтказилган, — деди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари А.Ўтаев. — Бизнинг қўлимиздан келгани даволаниши учун тегишли муассасаларга ордер беришдир. Улар 2020 йил охиригача операция қилинувчилар навбатига ҳам киритилган. Ҳозиргача бемор болаларнинг 23 нафари Тошкентда операция қилинган. 1 нафари Россияда, 3 нафарининг ота-онаси Ҳиндистонда даволатиб қайтишди. Аммо бундай мураккаб жарроҳлик амалиётига сарфланадиган харажатларни ҳамма ота-оналарнинг ҳам ҳамёни кўтаравермайди.

Мутахассислар ташҳисларига асосланиб, 2008-2018 йилларда туғилган 47 нафар болани зудлик билан операция қилиш орқали соғлом ҳаётга қайтариш мумкинлигини туман ҳокими Шунқор Худойбердиевга билдирдик ва бу борадаги таклифларимизни айтдик.

«Биласиз, Самарқанд шаҳридаги вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасининг юрак хирургияси бўлимида бундай операциялар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Дўхтирлар билан боғланиб, вазиятни тушунтиринг. Бу болаларнинг ҳаёти бизга керак. Операция учун сарфланадиган маблағни ҳокимлик зиммасига олади», деди ҳоким.

Биринчи бўлиб 8 ёшли Шерзод Сайфуллаев малакали шифокор Мақсуд Саидов томонидан операция қилинди. Жарроҳлик амалиётидан сўнг боланинг онаси билан суҳбатлашдик.

— Тошкентга ҳам олиб бордим. Шифокорлар иккинчи босқичда операция қилинишини, лекин яшаб кетишга кафолат йўқлигини айтишди. Туман ҳокимлигига мурожаатимдан сўнг, Яратганнинг ўзи йўлимизни ўнглади. Самарқандда шу дард билан туғилган болаларни даволаш муассасаси иш бошлаган экан. Болажонимнинг дардига бефарқ қарамаганларга раҳмат, операцияга сарфланадиган маблағни ҳам тўлашибди, — деди Муниса Турсунова.

— Бу ердан чиққач, кўп ўқийман. Ё ҳоким бўламан, ё дўхтир. Мен ҳам худди ана шу одамлардай дардманд беморларга ёрдам бераман, — деди Шерзоджон.

— Ўтган йил май ойидан буён туғма юрак нуқсони бор болаларни ҳаётга қайтараяпмиз, — деди шифокор Мақсуд Саидов. — Вилоят ҳокимлигидан миннатдормиз. Қиймати 2 миллиард сўмлик оксигенатор тиббиёт асбобини олишга маблағ ажратди. Шарт-шароитлар яратилди. Шу сабаб Самарқандда ҳам мураккаб бу амалиётни муваффақиятли амалга ошириш имкони туғилди.

— Туғма юрак нуқсонли беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилиши учун 23 турдаги дори-дармонлар зарур бўлади. Бу камида 14 миллион сўм дегани. Паст Дарғом туман ҳокими биринчи бўлиб бу харажатларни тўлаш ташаббуси билан чиққани халқимизга хос мурувват намунаси. Хаста болаларга меҳр-мурувват кўрсатилиши бошқа давлатлардан келиб мураккаб операцияларда қатнашаётган ҳамкасбларни ҳам лол қолдирди. Чунки харажатларнинг ўзи салкам 750 миллион сўмни ташкил этади. Яна бир муҳим жиҳати, ҳозир ана шу болаларнинг ҳар бирига 450 минг сўм атрофида нафақа тайинланган. Операциялардан сўнг бу болалар буткул соғаяди. Яъни, нафақага эҳтиёж ҳам, зарурат ҳам қолмайди. Худо хоҳласа, уч ой атрофида бу болаларнинг ҳаммаси соғлом ҳаётга қайтади.

Суҳбатдан сўнг шифокорлар ижозати билан палаталарни кўздан кечирдик. Ҳар бир хона фасллар, эртаклар тафсилотига мос жиҳозланган. Хоналарга бўйларканмиз, оналарнинг ёруғ чеҳралари, операциядан бир муддат ўтиб юзлари тиниққан болажонларнинг ўйинчоқлар билан «машғул»ликларини кўрдик.

 

Бахтиёр ШУКУРОВ,

халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари.