Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ТЕРГОВ ҲАМДА СУДДАН ЯШИРИНГАН ҚИДИРУВДАГИ ШАХСЛАРГА НИСБАТАН ҚАНДАЙ ЧОРАЛАР КЎРИЛАДИ?

12.06.2019 , 14:50

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Қонунчилик палатаси мажлиси муҳокамасига киритилиши режалаштирилаётган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Партия фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов иштирок этди. У Олий Мажлис Қонунчилик палатасида фаолият юритаётган Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари билан яқиндан танишди. Шунингдек, юртимизда олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотларда партия ва унинг Парламентдаги фракцияси бирдек фаол иштирок этиши, ушбу ислоҳотларда партия позициясини намойиш этиш, партия Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатликда иш юритиш бўйича ўз таклифларини берди.

Йиғилиш кун тартибига кўра дастлаб фракция аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар ва қизғин муҳокама қилдилар.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси мамлакатимизда ташқи меҳнат миграция тизимини, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни ҳамда меҳнат органлари тузилмасини такомиллаштириш ва аҳолини иш билан таъминлаш ишларини мустаҳкамлаш, шунингдек меҳнат ва меҳнат муҳофазаси масалалари, бандлик соҳасида белгиланган кафолатларнинг таъминламаслик, вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланиш, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш ҳамда иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилмаслик каби ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган. Муҳокамалар чоғида мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда ҳаётий нормалар билан бойитилгани, тўғридан-тўри ишлайдиган моддаларнинг киритилганини фракция аъзолари томонидан эътироф этилди. Хусусан, қонун лойиҳаси идоравий манфаатларни ифода этувчи нормалар фуқаролар манфаатини кўзлаб қайта кўриб чиқилди ва амалиёт билан уйғунлаштирилди.

Шунингдек, йиғилишда “Жиноятчиликка қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси кўриб чиқилди.

Эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш орқали ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида охирги икки йил давомида жиноятчилик кескин камайишига эришилди. Хусусан, 2017 йилда жиноятчилик 16 фоизга, 2018 йилда эса 33,5 фоизга камайганлиги қайд этилди. Шу билан бирга, ушбу соҳада амалга оширилаётган ижобий ишларга қарамасдан айбланувчининг, судланувчининг суриштирув, дастлабки тергов ва суддан яшириниши мамлакатда ҳуқуқ-тартиботни, шу жумладан, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини амалда таъминлашга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Йиғилишда таъкидланганидек, бугунги кунда оғир ва ўта оғир жиноят содир этиб, тергов ҳамда суддан яширинган қидирувдаги шахсларнинг салмоғи юқорилигича қолмоқда. Бунинг натижасида содир этилган жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ва жабрланувчиларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қидирувдаги шахсларни қидириш учун катта куч ҳамда воситалар жалб этилаётгани амалдаги қонунларга зарур ўзгаришлар киритишни тақозо қилмоқда. Қонун лойиҳасида оғир ва ўта оғир жиноят содир этиб, тергов ҳамда суддан яширинган қидирувдаги шахсларнинг амалдаги шахсини тасдиқловчи паспортларини бекор қилиш орқали жиноят этган шахснинг ҳаркатларини чеклаш ва шу орқали ўз юртига қайтарилишига эришиш кўзда тутилмоқда.

 

Йиғилишида партия фракцияси аъзолари “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ҳам муҳокама қилдилар. Қонун лойиҳасининг асосий вазифаси атом энергиясидан фойдаланишни таъминлаш тизимининг ҳуқуқий асосларини ташкил этишдан иборат. Қайд этилишича, қонун лойиҳаси атом энергиясидан фойдаланишни таъминлаш тизими учун ҳуқуқий асосларни ташкил этиш, амалдаги барча меъёрлар ва қоидаларни унификация қилиш ва уларни Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро мажбуриятлари билан мувофиқлаштириш, юридик шахслар ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ундан муваффақиятли фойдаланаётган давлатларда қўлланилаётган энг самарали механизмларни миллий қонунчиликка жорий этиш мақсадида ишлаб чиқилган. Шунингдек, амалдаги атом энергияси тўғрисида барча меъёрлар ва қоидаларни унификация қилиш, уларни Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро мажбуриятлари билан мувофиқлаштириш ҳам кўзда тутилган. Бундан ташқари қонун лойиҳасини қабул қилиш орқали миллий қонунчиликка атом энергиясидан муваффақиятли фойдаланаётган давлатларнинг ушбу соҳадаги энг самарали механизмларни жорий этиш режалаштирилган.

Фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳаси биринчи ўқишдан сўнг депутатларнинг таклифлари асосида қайта кўриб чиқилганлиги, унда атом энергетикасидан фойдаланиш соҳасида хавфсизликни таъминлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида нормалар билан такомиллаштирилганлиги ҳамда ядро ускуналари ва мосламаларни сертификациялаш жараёнлари белгиланганлиги алоҳида эътироф этилди.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар бўйича фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати