Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ЭЗГУ ҒОЯДАН ЭЗГУ МАҚСАД САРИ

13.06.2019 , 14:07

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши томонидан Бухоро шаҳридаги вилоят Ёшлар марказида “Эзгу ғоядан эзгу мақсад сари” шиори остида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижросига бағишланган ёшлар форуми ўтказилди.

Форумда сўзга чиққанлар ёш авлодни маънавий баркамол инсон этиб тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, ёшларнинг санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус Бухорода ҳам кенг тарғиб этилаётганлигини қайд этишди. Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, эзгу-ғоялар ва яратувчанлик руҳияти билан ёшларни бир мақсад атрофида жамлаш орқали уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, қалбларида юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини ошириш, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш, зарарли ахборотларга нисбатан мафкуравий иммунитетни кучайтириш мақсадида ташкил этилган мазкур форум бир неча йўналишда ўтказилди.

Тадбир аввалида ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш ҳамда истеъдодини юзага чиқаришларига кўмаклашиш мақсадида “Истеъдод” шоуси уюштирилди.

Шундан сўнг, Ёшлар марказининг катта залида Ўзбекистон ХДП фаол ёшлари томонидан ташкиллаштирилган “FIVE STARS” номли чиқишлари имконияти чекланган ёшларнинг ижодий ишлари кўргазмасига уланиб кетди. Жумладан, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вилоят бўлими аъзоси, Бухоро давлат университети талабаси Охун Шарипов, вилоятдаги кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган 123-мактаб интернат ўқувчилари Ҳожиакбар Саидмуродов, Абдураҳмон Муфаззалов, Сулаймон Ёғдиев, Парвина Элмуродова, Бухоро шаҳар сколиоз билан касалланган болалар учун ихтисослаштирилган санатория туридаги 23-сон мактаб интернат ўқувчилари Озодбек Чориқулов, Озодбек Сайфуллаев, Миршод Тўраев, Моҳигул Тўраева, Севинч Баҳриддинова, Рухшона Одилова, Фарангиз Аҳмадова, Амирбек Тўхтаев каби истеъдод эгаларининг ижодий ишлари ўз юқори баҳоланди. Иккинчи йўналишда эса ёшларни жисмоний чиниқтириш мақсадида олий ўқув юртлари ҳамда маҳаллалардаги ёшлар иштирокида “Ореn аiг” веломарафони, имконияти чекланган ёшлар ўртасида эса “Умид йўлаги” марафони ҳам катта иштиёқ билан ўтказилди.

— Юриш баҳсларида маррага биринчилардан бўлиб етиб келдим, — дейди ҳаяжонини яширолмаган А. Усмонов. — Мусобақа менга кўтаринкилик бағишлади ва ҳаётга бўлган интилишимни янада орттирди. Ташкилотчиларга ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман. Бу каби тадбирлар тез-тез ўтказиб турилса, бизлар каби ёшларга янада куч бағишлаган бўларди.

“Умид йўлаги” марафонида Ҳамид Олимжон маҳалласида истиқомат қилувчи имконияти чекланган Орзигул Ғаниева (1997 й.) марра чизиғини биринчилардан бўлиб босиб ўтди. У ўзининг ҳеч кимдан кам эмаслигини, соғлом кишилар билан бирга беллалашаётганидан хурсандлигини яширмади.

Учинчи йўналишда аҳоли ва ёшларнинг компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишларини синовдан ўтказилди. Унда ёшлар ўзларининг билим ва кўникмаларини амалда намойиш этишиб, ташкилотчиларнинг эътироф ва эътиборига сазавор бўлишди.

Тўртинчи йўналишда ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши биносида “ВООК КООМ” китоб жавонлари, махсус кўчма кутубхоналар ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад эса ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, улар орасида маънавий муҳитни янада яхшилаш ниятида ёшлар орасида ўқиган китоблари бўйича “Билимдон” танлови ўтказиш эди. Танлов давомида ёш қатнашчилар Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Умида Раҳмонова ҳамда ёзувчи-шоир Шодмон Сулаймон билан ҳам фикр алмашдилар.

Бешинчи йўналишда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга яқиндан кўмаклашиш мақсадида вилоят бандликка кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда 300 нафардан зиёд банд бўлмаган ва тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган хотин-қизнинг иштирок этгани муҳим аҳамиятга эга. Ушбу ярмаркада вилоятдаги корхона ва ташкилотлар ўзларининг мавжуд 542 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Ярмарка доирасида 8 нафар хотин-қиз бандлиги таъминланиб, 2 нафарининг мурожаати назоратга олинди. Қолаверса, иш билан банд бўлмаган 2 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизга мини-печлар тақдим этилиб, иш стажи ҳисобини юритиш ва келажакда пенсия тайинлаш механизмлари талаблари асосида меҳнат дафтарчалари очилди.

Форум доирасида банк ходимлари ёрдамида тадбиркорликни бошлаш ниятида бўлган 10 нафар хотин-қизга дастлабки бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишда амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 8 нафар кредит олиш истагини билдирган хотин-қизга ҳам тавсиялар берилди. Чеварчилик, пазандачилик, сартарошлик каби ўқув курслари, ўқув ишлаб-чиқариш мажмуалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, шу йўналишлар бўйича касб-ҳунар эгаллашни истаган хотин-қизларга ушбу ўқув-курсларида ўқиш учун йўлланмалар берилди.