Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ФРАКЦИЯЛАР ВИДЕОСЕЛЕКТОР ЙИҒИЛИШИДА КЎТАРИЛГАН ВАЗИФАЛАРГА МУНОСАБАТ БИЛДИРДИ

09.07.2019 , 16:20

Парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди.

Уларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 5 июль куни ўтказилган биринчи ярим йилликда давлат бюджетига тушумлар натижадорлигини таҳлил қилиш, янги вазифаларни белгилаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ва унда кўтарилган муҳим вазифалар муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан 2018 йил 29 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси мамлакатимизда иқтисодиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижасига хизмат қилмоқда.

Фракциялар давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ҳамда улардан келиб чиқувчи муҳим вазифаларни атрофлича таҳлил қилди ва ўз муносабатини билдирди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари юртимизда солиқ ислоҳотлари ва нарх-наво сиёсати халқчил тарзда юритилаётганини қайд этди. Шу боис ҳам мазкур соҳаларда аҳолининг манфаатларини кўзлаб, узоқни ўйлаб амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Бу жараёнда, айниқса, кам таъминланган, ночор оилаларнинг аҳволи доим инобатга олинаётгани диққатга моликдир.

Шу жиҳатдан, фракция аъзолари мамлакатимиз раҳбари томонидан ўтказилган мазкур видеоселектор йиғилишида кўтарилган ҳар бир масала давлатимиз ва жамиятимизнинг ривожланиши билан бир қаторда, аҳолининг манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг фаровонлигига эришишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Умуман, фракциялар йиғилишларида депутатлар бу ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорларга чуқур тушунтириш, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда масъулликни янада ошириш ҳамда қўшимча қиймат солиғини тўлашга ўтадиган тадбиркорлик субъектлари билан манзилли иш ташкил қилишда фаол қатнашиши лозимлиги таъкидланди. Юртдошларимизга, ишбилармонлар бу борада ҳар томонлама амалий ёрдам бериш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.

 

Хуршид ҚОДИРОВ,

ЎзА мухбири.