Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ВИДЕОМУЛОҚОТДА МУЛОҲАЗА, МУНОЗАРА, МУҲОКАМА:

10.07.2019 , 11:20

Партия дастури ва Сайловолди дастури электорат манфаатини ҳимоя қилишда муҳим дастуриламалдир

Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ўз электорати манфаатини ҳимоя қилиш бўйича доим ўзининг аниқ мақсадларига эга бўлиб келган. Партиянинг янги дастури ва Сайловолди дастурини ишлаб чиқишда ҳам мамлакатни аҳоли турмуш даражаси юқори бўлган демократик давлатлар қаторига қўшиш вазифаларидан келиб чиқиб белгиланди.

Жорий йилнинг 9 июл куни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан ўтказилган навбатдаги видеомулоқотда “Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Дастури ва Сайловолди дастурини ишлаб чиқиш йўналишида амалга оширилган ишлар ҳамда ўтган сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижроси” кенг муҳокама этилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раҳбар ва масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партия фаоллари ва экспертлар, ҳудудий студияларда партиянинг минтақавий кенгашлари раҳбар ва масъул ходимлари, туман (шаҳар) кенгаши раислари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари иштирок этди.

Йиғилишни партия Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов очиб берди. Партия етакчиси ўз сўзида 2005 йилда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Дастурига киритилган вазифалар, уларнинг бугунги кундаги аҳамиятига тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, дастурда белгиланган вазифалар давлат миқёсида ўз ечимини топган, баъзи дастурий мақсадлар эса ўз долзарблигини йўқотган. Шунингдек, партиянинг амалдаги дастурида «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси»нинг устувор йўналишлари ўз ифодасинини топмаганини қайд этди.

Видеомулоқотда шунингдек, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Меҳрож Дархонов сўзга чиқиб, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига бевосита алоқадор бўлган мақсадларга эришиш учун партия дастурий вазифалари нималардан иборат эканлигига тўхталиб ўтди.

Аввало, Ўзбекистон ХДП учун сиёсатдаги асосий устувор вазифа – амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, давлатнинг ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятидан фойдаланиб, аҳолининг кам таъминланган гуруҳлари, пенсионерлар, имконияти чекланган инсонлар турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш учун барча шароитларни яратиш, уларни давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишдаги иштирокини қўллаб-қувватлаш эканлигига эътибор қаратди.

Эътироф этилдики, партия аҳолининг кам таъминланган қатламлари, пенсионерлар, имконияти чекланган инсонлар ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, ижтимоий аҳамиятга эга кундалик эҳтиёж маҳсулотлари ва хизматларига ижтимоий мақбулликни таъминлаш, мамлакат аҳолисини қийнаб келаётган уй-жойга эга бўлиш ва коммунал хизматлардан фойдаланишнинг ижтимоий мақбуллигига эришиш, тиббий хизматнинг ижтимоий мақбуллигига эришиш ва ижтимоий тенгликка асосланган таълим, маданий-гуманитар соҳада тенг имкониятларга эришиш, бандлик бўйича ижтимоий сиёсат – одамларнинг яхши яшаши учун ишлашга интилишларини қўллаб-қувватлаш ғояларини илгари сурмоқда.

Йиғилишда партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова партиянинг 2014 йилги сайловолди дастури ижросини танқидий –таҳлил асосида очиб берди. Хусусан, сайловолди дастурда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтган йиллар давомида 2501 та масала партия гуруҳларида, 1450 та масала доимий комиссияларда, 954 та масала эса Кенгашларнинг сессияларида кўриб чиқилди. Кўпчилик масалалар жойида ҳал этилди. Аммо шунинг билан бирга, дастурда ўрин олган бир қатор муҳим йўналишлар ўз ечимини топмасдан келмоқда. Булар бевосита бандлик, кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллиги борасида белгиланган вазифалар ижросида сусткашликка йўл қўйилди. Хисоботда, бунинг асосий сабаби, дастурда амалга оширилиши режалаштирилаётган вазифаларнинг ижроси юзасидан аниқ механизмлари берилмаганлиги, шунингдек, унинг кўпгина бандларни одамлар ҳаётидан узоқлиги, декларатив хусусиятга эга бўлган бандларнинг киритилишида деган хулосага келинди.

Йиғилишда Янги тайёрланган Дастур ҳудудий студияларда партиянинг минтақавий кенгашлари раҳбар ва масъул ходимлари, партия гуруҳлари, экспертлари билан чуқур муҳокама қилинди. Унда билдирилган таклифлар атрофлича кўриб чиқилди, иштирокчиларнинг фикр-мулоҳалари ҳамда янги таклифи эшитилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят Иштихон туман кенгаши раиси Лола Булакова партия дастури бўйича ўз мулоҳазаси ва таклифини билдирди:

Тўғри, партиямиз Дастурида ютуқли жиҳатлар кўп. Лекин, популизмга берилмаслигимиз керак. Биз бугун ўзимиз фаолиятимизга, Дастурий ҳужжатларимизга танқидий ёндошмасак, жиддий полемикага киришмасак, сайловичларимиз бизга танқидий баҳо бериб қўяди. Ўз позициямизни яна бой бериб қўямиз! Мисол учун, партиямизнинг олдинги сайловлардаги Дастурларида ҳам бугунги Дастуримизда ҳам хотин-қизлар масаласига зарур эътибор қаратилмаган. Бугун фақатгина хотин-қизларни фақат уй меҳнати билан банд қилиш масаласи актуал эмас. Жамиятимизда хотин-қизлар муаммоси фақат шу масала билан чекланмаган. Демак, биз хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларни раҳбар лавозимларга кўтариш бўйича мавжуд муаммоларни партия дастурига киритишимиз керак, деб ўйлайман. Аёллар ўртасидаги жиноятчиликни олдини олиш масаласи билан боғлиқ муаммоларни ҳам партия Дастурида кўрсатилса, мақсадга мувофиқ бўлади, менимча.

Фарғона вилоятидан сўз сўрашди. Фарғона вилояти улаб берилди. Вилоят партия кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати Дилбархон Мамажанова дастур бўйича таклифларини баён этди:

Партия фаолияти плюрализмга бой бўлса, ўзаро партиявий дискуссиялар қанчалик шиддатли бўлса – биз кўраётган Дастуримиз шунчалик мукаммал бўлади. Эътиборни муҳим бир масалага қаратмоқчиман. Биз электоратимиз, ёшлар орасига қандай ғоялар билан кириб бораётганимизга эътиборни қаратишимиз керак. Бугун ёшларни қийнайдиган нарса – айниқса муносиб иш билан таъминланиш, бунинг учун эса тегишли малака ва билимларга эга бўлиш. Айнан шу масалалар охирги пайтда ёшлар ўртасида ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этиляпти.

Сиёсатда, айниқса замонавий социал-демократлар тилида “депривация”га йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида кўп гаприлади. Яъни, мамлакатда яратилган ижтимой неъматлардан барча бирдек эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак. Нега биз ўз дастуримизда бу масалага эътибор қаратмаслигимиз керак? Мисол учун, кам таъминланган оилалар фарзандларига грант асосида олий таълим муассасаларида ўқиш, таъминланган оилалар фарзандларига нисбатан оғир кечади. Уларнинг имкониятларини тенглаштириш масаласини танқидий кўриб чиқиш лозим, деган фикрдаман.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят кенгаши раиси, вилоят кенгаши депутати Равшан Абдуллаев ҳам қуйидаги таклифларни билдирди:

Олдимизда жиддий синов турибди. Сайловлар арафасида турибмиз. Биз чиройли дастур қилишимиз мумкун. Лекин уни сайловчиларга етказа олмасак, тарғиботни тўғри ташкил этолмасак, қилган ишларимиз бесамар кетади. Бугунги глобаллашув жараёнида ҳозирги ёшлар асосан ижтимоий тармоқларда кўп мулоқотта бўлишади.

Охирги тадқиқотлар бугунги кунда аҳолимизнинг 20 миллионга яқини айнан ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини кўрсатмоқда. Лекин бизнинг партия бу шароитда ишлашга тайёр эмас. Ижтимоий тармоқлардаги ўрнимиз мутлақо йўқ. Бизни ўз блоггерларимиз гуруҳи, ижтимоий тармоқдаги “халқ журналистикаси” вакиллари ҳаводек зарур. Биз бу йўналишга ҳам эътибор кучайтиришимиз керак, деб ўйлайман. Аҳоли билан, омма билан ишлашга, замонавий “паблик релейшинз”га эътибор кучайтириш лозим, деган фикрдаман.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сурхандарё вилояти Термиз туман кенгаши раиси, туман кенгаши депутати Тўрабек Зоиров томонидан қуйидаги фиклар билдирилди:

Маърузани тингладик, кўтарилаётган муаммоларни қўллаб-қувватлаймиз. Депутатларнинг самарасиз фаолияти ҳам тўғри танқид қилинди. Шундан хулоса чиқариб, депутатлар фаолиятини кучайтириш, улар билан ишлаш тизимини янада яхшилаш керак, деб ҳисоблайман. Ижрочи котиблар жорий қилинган эди, лекин, ушбу тизим мутлақо самарасиз ишлади. Ушбу лавозимга салоҳиятли кадрларни жалб қила олмадик.

Депутатнинг бири - мактаб директори, бири - фермер, бири – шифокор. Улар фақат ўз соҳасини яхши билади. Уларга сиёсий йўналишда ёрдам кўрсатиш керак, уларга партиявий мақсадларни тўғри тушунтириш керак, уларни тўғри йўлга бошқариш керак, менимча.

Партиямизнинг асосий кучи депутатлар. Демак биз шундай улкан куч билан самарали ишни йўлга қўйиршимиз керак. Очиғини айтиш керак, баъзи жойларда партия билан депутатлар умуман узилиб қолган! Менинг таклифим партиянинг депутатлар билан ишлаш бўйича ишларини кучайтириш керак!

Қизғин баҳс-мунозара, фикр алмашиш руҳди ўтган йиғилишда минтақавий кенгашларнинг тажрибали ходимлари, янги ишлаб чиқилаётган партия дастури лойиҳасига ўз таклифларини билдирди. Қайт этилдики, олдинги сайловлардаги Ўзбекистон ХДП Дастурида хотин-қизлар ва ёшлар масаласига умуман эътибор қаратилмаган. Бу йилги Дастурда ҳам айнан шу камчилик такрорланмоқда.

Ўзаро фикрлар, тортишувлар, конструктив мулоқотларга бой бўлган йиғилишда ўтган давр мобайнида амалга оширилган айрим ишлар хусусида маълумотлар келтириб, дастур ҳар жиҳатидан мукаммал бўлиши, фуқароларнинг ўй-хаёллари, орзу ва истаклари, ташвишларига ҳамоҳанг бўлиши, уларни ўйлантираётган масалалар бўйича чуқур ва ўта муҳим ғояларни ўз ичига олиши кераклиги алоҳида таъкидлади.

Экспертлар, 2019 йилга мўлжалланган партия сайловолди лойиҳасида кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий ҳимоялаш, меҳнатга лаёқатли фуқароларни муносиб ҳақ тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш, аҳолига юқори сифатли ва мақбул тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш, шунингдек, демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини шакллантиришга оид қатор таклифларни ўртага ташлади.

Йиғилишда партия сайловолди дастури лойиҳасининг ҳар бир банди, экспертлар, сиёсатшунос олимлар муҳокамасига ҳавола қилинди. Унда партия сиёсий позициясининг асоси сифатида ижтимоий ривожланишнинг устувор йўналишлари белгиланган. Бунда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишда Ўзбекистонни ўрта муддатли истиқболда, 2030 йилга қадар барқарор иқтисодий ривожланиш орқали аҳоли турмуш даражаси дунёнинг ўртача ривожланган мамлакатлариникидан кам бўлмаган давлатлар қаторига киритиш бош мақсад ҳисобланади. Партия яқин истиқболда ушбу мақсадга эришишда, 2024 йилга қадар биринчи навбатда, давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли қатламининг ижтимоий ва иқтисодий манфаатларидан келиб чиқиш зарур, деб ҳисоблайди. Бу борада партиямиз ўз Сайловолди дастури лойиҳасида дастури, ғоя ва мақсадларидан келиб чиқиб бир қатор вазифаларни белгилаб олди. Энг муҳими, ушбу мақсадларимиз кам таъминланган аҳоли қатлами, пенсионерлар, имконияти чекланган инсонларнинг турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилади.

Муҳокамаларда Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар аҳамияти, уларнинг электорат манфаатига нечоғлик алоқадор эканлиги мисоллар орқали чуқур таҳлил этилди. Қайд этилдики, уй-жой ва коммунал хизматларни сотиб олишнинг ижтимоий мақбуллигига эришиш мақсадида, партия 2024 йилга қадар бир қатор тадбирларни амалга оширишни таклиф этади. Бунда уй-жой фондини коммунал хизматлар етказиб берувчи ташкилотлар ҳисобидан электр энергия, табиий газ, ичимлик суви, иссиқлик энергияси ва иссиқ сув ҳисоблаш асбоблари билан тўла қамраб олиш, тақдим этилган коммунал хизматларнинг барча ўлчаш асбобларини етказиб берувчи ташкилотларнинг балансига ўтказиш, уларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва мунтазам текшириб бориш вазифасини юклаш, ҳар 4 йилда коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан ўлчаш асбобларини давлат стандартларни ўтказиш тизимини жорий этишни тавсия этмоқда.

Видеоконференцияда маҳаллий кенгашлар масъул ходимлари сайлов жараёнларида тарғибот технологияларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш суст кечаётганлиги, ташвиқот ишларида имкониятлар қўлдан бой берилаётганлиги, депутатликка кўрсатилган номзодларнинг билим ва кўникмаларини ошириш бўйича услубий қўлланмалар мавжуд эмаслигини танқид қилдилар. Шунингдек, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар имкониятларини фойдаланишда ҳам сусткашликларга йўл қўйилиб, партия ғояларини оммалаштиришда матбуот ва телевидение билан чекланиб қолинмоқда. Бошланғич партия ташкилотларида эса партиянинг тарғибот воситалари ва материаллари мавжуд эмас.

Видеомулоқотда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида режалар белгилаб олинди. Муҳокамаларда кўтарилган масалалар чуқур таҳлил этилди, камчиликларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати масъул ходими