Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

МУСТАҚИЛЛИК БЕРГАН САОДАТ

11.07.2019 , 12:50

ҳар биримизнинг ҳаётимиздан чуқур жой олмоқда

Мустақилликка ҳар хил таърифлар берилади, унинг аҳамияти, қадрини улуғлашга ҳаракат қилинади. Мустақиллик — аввало эркинлик, улуғ неъмат десак, энг мақбулини айтган бўламиз. У бизга ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш ҳуқуқини берди, адолатли, демократик, инсонпарвар жамият қуриш, ўз миллий давлатчилигимизни ривожлантиришга имконият яратди. Хуллас, қанча таърифламайлик, унинг қадрини, аҳамиятини тўлалигича баён эта олмаймиз. Фақат бир нарса айёнки, бу бебаҳо неъматни ҳар ким ўз тақдирида тутган ўрни, ўз ҳаёти, оиласи мисолида англайди, ҳис этади.

Мустақиллик байрамини катта тайёргарлик билан кутиб олиш биз учун эзгу анъанага айланиб қолган. Чунки бу байрам бутун миллат ва халқ тақдири билан боғлиқдир. Байрам арафасида босиб ўтган йўлимиз, амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилиб, бугунги ютуқ ва марраларни кўз ўнгимиздан ўтказишимиз табиий.

Халқимизни, айниқса, аёлларимизни қадрлаётган мустақиллигимизнинг ҳар бир кунига чексиз шукрона айтсак арзийди. Эсимда, ўшанда биз мактаб ўқувчиси эдик. Бизни ҳам бошқа хотин-қизлар қатори мажбурлаб далага хоҳ ғўза чопиғига, хоҳ пахта теримига олиб чиқишарди. Эрта саҳардан, ҳали қуёш бош кўтармасдан то қош қорайгунча даладан бери келмасдик. Ҳаттоки, ёш болали аёллар ҳам куннинг совуғи ва иссиғига қарамай дала четидаги иккита дарахтга арқон тортиб беланчак ясаб, унга чақалоғини қолдириб, тиним билмай далада меҳнат қилар эди. Баъзи пайтлари устимиздан аэроплан учиб ўтар, сариқ аччиқимтил дорини устимизга ёмғирдек ёғдирарди. Бу болалар ўртасида кўплаб касалликларни келтириб чиқаргани ҳақида ота-онам суҳбатлашганида эшитиб қолардим.

Шулар ҳақида ўйлаганимда айрим воқеалар тез-тез хаёлимда чарх уради. Ўшанда декабрь ойи эди. Қор ёққан, далалар оппоқ эди. Тонг ёришиб улгурмасдан ҳаммани далагат олиб чиқишди. Эркаклар олдинда юриб, катта ёғоч билан ғўзалардан қорни қоқишар, аёллар, қизлар эса музлаб қолган пахта қолдиқларини не машаққатлар билан териб оларди. Шулар ҳақида фарзандларимга, невараларимга сўзлаб берсам, гапларимга ишонқирамай, худди эртак эшитаётгандек термулиб туришади. Лекин булар ҳақиқат эди, биз мустақилликдан олдин ана шундай оғир кунларни бошимиздан кечирган эдик.

Шукрона айтиш керакки, мустақилликка эришгач, бу азобларнинг барчаси ортда қолди. Инсон қадри улуғланди, аёл зотига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бугун бир қўлида бешикни, бир қўлида дунёни тебратиш бахтига сазовор аёлларнинг ҳаётдан шод юз-кўзларига қараб, замонавий таълим-тарбия масканларида вояга етаётган бахтли авлодга қараб Ўзбекистон келажаги буюклигига яна бир бор ишонч ҳосил қиласан, киши. Биз оғир кунларни бошидан кечирган, юрагидан ўтказган авлод эрксизлик, қарамлик нима эканини, мустақил бўлиб ишлаш ва яшашнинг қадрини ёшларимизга кенгроқ тушунтиришимиз, уларнинг қалбига етиб боришимиз керак, деб ўйлайман.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги қарори эълон қилинган шу кунларда халқимиз мустақилликнинг имкониятлари, эркинлик қадри ҳақида фикр-мулоҳаза юритмоқда, бу кунлар ва тинчликнинг шукронасини айтишмоқда. Қарорда «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиш кераклиги белгиланган. Охирги йилларда сиёсий-ижтимоий, иқтисодий муносабатларнинг мазмун-моҳияти, жамиятимиз қиёфаси бутунлай ўзгаргани, бу ижобий ўзгаришлар юртдошларимиз ҳаётида ўз ифодасини топаётгани, халқимизнинг турмуш даражасини, онгу тафаккури, билим ва маданиятини ошириш бўйича қилинган ишларни конкрет далил ва мисоллар, чуқур илмий таҳлиллар ва экспертлик баҳолари орқали мамлакатимиз ва халқаро жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидланди.

Дарҳақиқат, унда билдирилган фикрлар ҳар бир юртдошимизни истиқлол берган имкониятлар ҳақида яна бир бор чуқур ўйлаб кўриш, тинчлик ва осойишталигимизни асраб-авайлашга ундайди. Бу жараёнда сиёсий партияларнинг фаол иштирок этиши айниқса, муҳимдир. Демак, аҳоли орасида олиб бораётган ишларимизда шу масалаларга алоҳида эътибор қаратиш, бугунги ва кечаги кунни аниқ ва ҳаётий мисоллар орқали таққослаб, мустақилликнинг чексиз неъматлари ҳақида кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб бориш керак, деб ўйлайман.

Агар фарзандларимиз мустабид замонда халқимиз бошига қандай кулфатлар солингани, одамларнинг турмуш даражаси қандай оғир бўлганини билса, истиқлолнинг қадрини, аҳамиятини чуқурроқ тушуниб етади. Ёш авлодга буни тушунтириш бизнинг вазифамиз, халқимиз, Ватанимиз олдидаги бурчимиз, деб биламан.

 

Сайёра ФАЙЗИЕВА,

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси.