Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ШАХСГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР МУҲОФАЗА ҚИЛИНАДИ

11.07.2019 , 16:30

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ушбу қонун шу йилнинг 16 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган бўлса, Сенат тоомнидан 21 июнь куни маъқулланди.

Айтиш керакки, ахборот хуружлари кучайиб бораётган ҳозирги шароитда фуқароларга ўз шахсий маълумотлари устидан назорат қилиш тартибини белгилаш, уларга алоқадор маълумотлар ҳимоясини таъминлаш тобора долзарб аҳамиятга эга бўлаётган эди. Тўғри, бундай ахборотлар ҳимояси бўйича кафолатлар мавжуд бўлса-да, лекин шу пайтгача алоҳида қонун мавжуд эмас эди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши билан шахсга доир маълумотлар махфий сақланади, бу борадаги қонунчиликни бузган шахслар жавобгарликка тортилади. Муҳими, шахснинг розилигисиз ахборот тарқатилмайди.

Шахсга доир маълумотлар деганда жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот назарда тутилади. Қабул қилинган ушбу қонун шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва ушбу жараён иштирокчилари – субъект (улар ўзига тааллуқли бўлган шахс) ва оператор (ишлов беришни амалга оширувчи давлат органи, жисмоний ёки юридик шахс) ҳамкорлиги тартибини белгилайди.

Маълумотларга кўра, дунёнинг 40 дан ортиқ давлатларида шахсга доир маълумотлар ва шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳимоя этиш тартибини назарда тутувчи қонунлар амал қилади. Шахсга доир маълумотлар бевосита аниқ бир шахс билан боғлиқдир. Шахснинг биографик маълумотлари, миллати, турар жойи, касаллик тарихи ҳақидаги маълумотлар, профессионал билим ва кўникмалари, оилавий ҳаёти, одатлари, қизиқишлари, диний ва сиёсий қарашлари ва бошқалар жамият ичидаги айланадиган маълумотларнинг катта қисмини ташкил этади. Бош қомусимизда ҳар бир шахс шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Бундан ташқари, қонунчиликка кўра, жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотлари ҳақидаги ахборот конфиденциал маълумотлар сирасига киради. Демак, кўриниб турибдики, инсоннинг шахсий ҳаётига оид маълумотлар муҳим ахборот ҳисобланади ва уларнинг ҳимояси, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича маълум талаблар, уларни рухсатсиз тарқатмаслик шартлари инсон шаъни, дахлсизлиги, қадр-қиммати учун муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатидан олиб қарасак, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг шахсий дахлсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Эндиликда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, шахсга доир маълумотлар махфийдир: улар субъектнинг розилигисиз ёки бошқа қонуний асос мавжуд бўлмагани ҳолда ошкор этилиши ва тарқатилиши мумкин эмас. Шахсга доир маълумотлар уларни йиғиш ва уларга ишлов бериш мақсадига эришиш санасига қадар сақланади. Улар субъектнинг мурожаати асосида 3 кунлик муддатдан кечиктирмай, кўрсатилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайдиган тақдирда дарҳол ўзгартирилади ва тўлдирилади. Тарихий, статистик, социологик, илмий тадқиқотлар ўтказиш учун шахсга доир маълумотлар эгасизлантирилади.

Субъектнинг шахсини аниқлаш учун фойдаланиладиган биометрик ва генетик маълумотларга фақат мазкур субъектнинг розилиги мавжуд бўлган тақдирда, бундан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини рўёбга чиқариш, одил судловни амалга ошириш, ижро ишини юритиш билан боғлиқ ҳоллар мустасно, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ишлов берилиши мумкин. Электрон шаклдаги биометрик ва генетик маълумотлардан ахборот тизимларидан ташқарида фойдаланиш ва уларни шундай тизимлардан ташқарида сақлаш фақат улардан рухсатсиз фойдаланишни истисно этадиган ахборот ташувчи моддий жисмларда амалга оширилиши мумкин.

Давлат шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Мулкдор ва (ёки) оператор ҳамда шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган бошқа шахслар субъектнинг розилигисиз шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслиги ва тарқатмаслиги шарт. Демак, қонун билан инсон ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш, унга алоқадор шахсий маълумотлар ошкор этилмаслиги учун муҳим қонуний асосларни яратди.

Яна бир муҳим масала. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши мунгосабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритилди. Шу пайтга қадар қонунчилигимизда шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жиноий жавобгарликни белгиловчи қоидалар мавжуд эмас эли. Эндиликда Жиноят кодекси шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, деб номланган модда билан тўлдирилди. Мазкур модданинг биринчи қисми қоидалари, шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда тўплаш, жамлаш, сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларни тарқатиш, шу жумладан, трансчегаравий узатиш, худди шунингдек, фойдаланилиши қонунга биноан ёки шахсга доир маълумотлар субъекти томонидан чекланган шахсга доир маълумотларни янгилаш, ўзгартириш, эгасизлантириш, тизимлаштириш, тўсиб қўйиш ва йўқ қилиш ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, қўлланилади.

Умуман олганда, ушбу қонун нафақат фуқаролар, балки бутун жамият, давлат хавфсизлигини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.

 

Олимжон ШАМСИЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо-Улуғбек туманлараро суди судяси.