Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ЛОЙИҲАСИ: ТАКЛИФЛАР, ФИКР-МУЛОҲАЗАЛАР

08.01.2019 , 16:05

4 январь куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.

7 январь кунги ҳолатга кўра, Давлат дастури лойиҳаси бўйича 160 дан ортиқ мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

Дастур лойиҳаси интернетда http://www.2019.strategy.uz/ манзилида ҳам жойлаштирилган, унга кўплаб фикр ҳамда изоҳлар қолдирилмоқда. Қизиғи, уларнинг сони кечаги ҳолатга кўра 1,5 мингга яқинлашди. Бу Давлат дастурида белгиланаётган йўналишлару вазифалар жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотаётгани, фаоллик ошаётганидан далолат беради.

Давлат дастури лойиҳаси 5 қисмдан иборат. Булар биринчи — Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари, иккинчи — Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари, учинчи — Иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол инвестиция жалб этишнинг устувор йўналишлари, тўртинчи — Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, бешинчи — Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги устувор йўналишлардан иборат бўлмоқда.

Биринчи йўналишдаги Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш бўлимида белгиланаётган вазифалар юзасидан энг кўп изоҳлар қолдирилмоқда. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, Олий Мажлис палаталарининг норма ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишидаги фаолиятини кучайтириш, Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Олий Мажлис, вилоят, туман ва шаҳар давлат органлари раҳбарларини халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тасдиқлаш амалиётини жорий этиш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг самарали механизмларини яратиш ишлари қандай амалга оширилиши юртдошларимизни кўпроқ қизиқтирмоқда.

Булардан ташқари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига малакали мутахассисларни жалб этишга қаратилган ягона кадрлар сиёсатини шакллантириш, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясини ислоҳ қилиш, фуқароларга паспорт хизмати кўрсатиш тизимини соддалаштириш, айрим ҳаракатлар учун нотариал тасдиқланиши шарт бўлган талабларни бекор қилиш, энг кам ойлик иш ҳақи миқдорини белгилаш тартибини қайта кўриб чиқиш, болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналарини янада қўллаб-қувватлаш каби масалалар ҳақида ҳам кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.

Умуман, Давлат дастури лойиҳасида 253 та чора-тадбирни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Жамоатчилик муҳокамаси 19 январь кунигача давом этади.

 

Тўлқин Тилавов

тайёрлади.