Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

УЯТ ЁКИ ТУРИЗМ ТИРИКЧИЛИКМИ, ТАДБИРКОРЛИКМИ?

09.01.2019 , 10:05

Бутун дунёда туристлар кўп келадиган ҳудудларда маҳаллий халқ тирикчилик ва тадбиркорлик билан шуғулланади. Бу айб эмас ва ҳеч ким бунга қарши ҳам эмас. Лекин туристлар кўнглини хира қилиш, кайфиятини бузиш, бездириш керак эмас.

Яқинда Тошкент вилоятининг Чотқол тоғ тизмасида жойлашган, жаннатмакон Чимён дам олиш масканига бордик. Машинани йўл четида тўхтатдим. Бир йигит келиб, бу ерга машина қўйиш мумкин эмас, деб меҳмон олдида бақира кетди. Мен турист билан оиламни канат (осма) йўл кассасигача кузатиб қўйдим. Билет анча қиммат. Ҳаммаёқ қор билан қопланган, ҳаво совуқ бўлса-да, осма йўл ўриндиқларида (икки кишилик) нам тахта ва ярим метр занжирдан бошқа ҳеч қандай ҳимоя воситаси йўқ.

Қайтиб келиб машинамни тўхтатиш жойига олиб кирдим. У тош билан ўралган майдон. Унда бор йўғи 10 тача машина бор холос. На дарвоза бор, на машина тўхтатиш жойини билдирувчи ёзув. Унинг ичида 10 та машинадан ташқари 15-20 от ва 10-15 та чет элдан келтирилган каттагина мотоцикл у ёқдан бу ёққа бориб келиб турибди. Шунингдек, 10-15 ит санғиб юрибди...

Дарвоза олдида овқат ва сомса бор экан. Ўтириш учун туристларга тахтадан ясалган 2 та стол ва скамейкалар мавжуд. Идиш-товоқлар челакдаги сувга чайилади. Ошпазнинг кийимига қараб бўлмайди. Бу жойларда ҳеч қандай санитария-гигиена талаблари ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. «Дўкон»ларни айландим. Дўкон деб аташга тилинг бормайди. Улардаги нархларни гапирмаса ҳам бўлади.

Қайтиб келиб машинага ўтираётганда ҳожатхонага кўзим тушди. Унга уч-тўрт тахта зина орқали чиқилар экан. Темирдан ясалган иккита хонача, бирининг эшиги йўқ, иккинчисида эшикнинг ярми қолган, иккаласи ҳам яхши ёпилмайди. Қўл ювишга сув йўқ. Пастга тушиб улгурмасимдан, бир йигит пайдо бўлади. Нарх — 1000 сўм экан.

Машина тўхтатиш жойига иккита автобус кириб келди. Уларда Малайзия ва Таиланддан келган туристлар бор экан. Автобус эшиклари очилиши билан 5-6 от ва мотоцикллар пайдо бўлди. Бечора туристлар автобусдан тушишга йўл тополмай, қийналиб қолишди. Кейин автобус олдига камида 10 тадан қоп кўтарган исириқ, доривор ўтлар, маҳаллий ширинликлар сотувчилар келиб кетишди. Туристлар бир соатдан сўнг жўнаб кетди. Машина тўхташ жойидан чиқаётганимизда бир йигит бизни тўхтатиб, «Сиз бу ерда бир соатдан кўп турдингиз, бир соат туриш 5000 сўм», деб 10 минг сўм сўради. Чорвоққа келиб машинамни 10000 сўмга ювдирдим.

Юқорида келтирилган ҳолатларни ўқувчи майда-чуйда нарсалар, деб ўйлаши мумкин. Бу тўғри. Лекин, ҳаммага маълумки, биринчидан ҳар қандай қурилма (тузилма) ҳам майда унсурлардан ташкил топади, иккинчидан майда-чуйда деб ҳисобланган омиллар айрим пайт ҳал қилувчи ролни бажариши ҳам мумкин.

Тирикчилик, тадбиркорлик қиламан, деб юртимизга келган чет эллик ва ички туристларга сифатсиз хизмат кўрсатиш, юлғичлик қилиш, алдаш салбий оқибатларга олиб келади, туристлар сони камайиб кетиши ҳам мумкин. Иқтисодиётни янги босқичга олиб чиқишнинг энг муҳим омилларидан бири туризм бўлса, юқоридаги нохуш «майда-чуйда» ҳолатларни яхши томонга ўзгартириш лозим бўлади.

 

Ҳамид ШОДИЕВ,

профессор.