Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

АДОЛАТ ПОСАНГИСИ БУЗИЛСА...

09.01.2019 , 16:24

одамларда норозилик пайдо бўлади, давлатга, жамиятга нисбатан ишончсизлик кайфияти уйғонади. Айрим амалдорлар учун буни тушуниш ҳамон қийин кечмоқда.

Тадбиркорнинг нотурар-жой биноси, аҳоли яшайдиган хонадонлар мулк эгалари розилигисиз «Гарант қурилиш сервис» МЧЖ томонидан бузиб ташланди, етказилган зарар тўланмади. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги қарорида кўрсатилган талаблар, шаҳар судининг ҳал қилув қарори ҳам бажарилмади.

Нега?...

 

Самарқанд шаҳри, Гагарин кўчаси, 128-манзилда ўтган асрнинг ўрталарида қурилган беш қаватли ётоқхона бўларди. Замонлар ўзгариб, жамиятда мулкдорлар пайдо бўлди, давлат тасарруфидаги кўпгина иншоотлар кўчмас мулк сифатида тадбиркорларга сотилди.

2006 йилда тадбиркор Жамшид Шомуродов ана шу 5 қаватли бинонинг уч қаватини эгаллаган ётоқхонани сотиб олди. 2007 йилнинг 7 мартида Самарқанд шаҳар ҳокими томонидан «Бинога эгалик ҳуқуқини тасдиқлаш тўғрисида» қарор қабул қилинди.

Жамшид Шомуродов бинода Тиббий хизмат кўрсатиш маркази очиш мақсадида унинг дастлабки уч қаватини турар-жой тоифасидан чиқариб, нотурар жойга айлантириш мақсадида Самарқанд шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига ариза ёзди. Аризага мувофиқ, 2007 йил 15 мартда унга ва синглиси Ф.Шомуродовага шу асосда SM № 0004610 рақами билан фойдаланиш майдони 1285 квадрат метр бўлган кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини кафолатловчи «Бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида» гувоҳнома берилди.

Бундан ташқари, Жашид Шомуродов тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш мақсадида 128-бинонинг 17 та хонадонини (квартирасини) нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномаси асосида сотиб олиб давлат рўйхатидан ўтказди.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида уй-жой фондини янгилаш бўйича 2014 йил 15 сентябрда ўтказилган йиғилиш баёни асосида мазкур шаҳарларнинг марказий ҳудудларида хусусий қурилиш ташкилотлари томонидан кўп қаватли уйлар қурилиши авж олиб кетди.

Самарқанд шаҳар ҳокими 2015 йилнинг 27 ноябрида юқоридаги йиғилиш баёни бўйича «давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олинган ер участкаси» деган асос билан шаҳарнинг Гагарин кўчасида жойлашган мазкур 5 қаватли турар-жой биносини бузиб, қайтадан қуриш учун «Гарант қурилиш сервис» МЧЖга қарор чиқариб берди.

2016 йилнинг 19 декабрида Самарқанд шаҳар ҳокими томонидан такрорий равишда «Гарант қурилиш сервис» МЧЖга Самарқанд шаҳар, Фитрат кўчасидаги 1-йўлакда жойлашган 1,3,5 ва 7 хонадонлар ҳамда Гагарин кўчасида жойлашган 128, 130-манзилда жойлашган кўп қаватли турар-жой эгаларини амалдаги қонунлар асосида рози қилган ҳолда қурилишни бошлашга рухсат берувчи қарор чиқаради.

Қарорда беш қаватли турар-жой биносидаги фуқароларни амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўчириш асосида кўп қаватли уй қуриш, хонадон эгаларига янги қурилган уйнинг биринчи қаватидан мутаносиб равишда ўз таннархи қийматида уй-жой ажратиш кўрсатилади.

Аслида эса қонунга биноан «Гарант қурилиш сервис» МЧЖ раҳбари кўп қаватли турар-жой эгаларидан уй-жойларини тўлиқ сотиб олганидан кейин шу жойнинг ўрнига замонавий уй-жой қуриш масаласи кўриб чиқилиши лозим эди.

Бироқ 128-уйда жойлашган хонадонлар ва Тиббий хизмат кўрсатиш маркази эгалари билан келишмаганлиги, уй-жойлар қиймати ва тахминий етказиладиган зарар аниқланмаганлиги ҳамда уларнинг ўрнига бошқа тенг қийматдаги уй-жой ажратилмаганлиги шу уйда яшовчилар, тадбиркор Жамшид Шомуродов ва «Гарант қурилиш сервис» МЧЖ раҳбарлари ўртасида ихтилоф келтириб чиқаради. Яъни, қурилиш ташкилоти ишчилари томонидан бу ерда яшовчи хонадон соҳибларининг юклари кўчага чиқариб ташланиб, беш қаватли уй бузилади.

Бундан норози бўлган Жамшид Шомуродов турли суд-ҳуқуқ идораларига ариза билан мурожаат қилади. Самарқанд шаҳар ИИБ тергов бўлими ходими Х.Намозов томонидан жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилади, бузилган хонадон ва нотурар жойларнинг ўша вақтдаги бозор нархини аниқлаш юзасидан экспертиза ўтказилади.

«Гарант қурилиш сервис» МЧЖ раҳбари Элдор Мўминов томонидан 128-уйда жойлашган хонадон ва нотурар жойларга етказилган зарар Адлия вазирлигига қарашли Х.Сулаймонова номидаги РСЭМ Самарқанд вилоят бўлими томонидан берилган хулоса орқали баҳоланади (Аслида бу хулоса асосида баҳоланган хонадон ва нотурар-жойлар қиймати бозор нархи билан таққосланганда, ўртада катта тафовут борлиги аён бўлади).

Тергов бўлими ходими Х.Намозов кўрсатилган зарар миқдорини Самарқанд вилоят ИИБ молия бўлимининг депозитига тўлаш тўғрисида қарор қабул қилади. Жиноят ишининг «Гарант қурилиш сервис» МЧЖ ходимларига нисбатан қисми уларнинг хатти-ҳаракатларида «жиноят таркиби аниқланмагани сабабли» 2017 йилнинг 11 ноябрида Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси, 2-бандига асосан ҳаракатдан тўхтатилади.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2017 йил 13 октябрда қабул қилган ҳал қилув қарорига биноан Жамшид Шомуродов ва бошқаларга тегишли бўлган турар-жой майдонига тенг миқдорда уй-жой бериш мажбурияти «Гарант қурилиш сервис» МЧЖ зиммасига юклатилади. Нотурар жой учун экспертиза томонидан белгиланган пул миқдорини ҳам «Гарант қурилиш сервис» МЧЖдан ундириш белгиланади.

Аслида шаҳар прокуратураси Самарқанд шаҳар ҳокимининг юқорида келтирилган, яъни, 2015 йилнинг 27 ноябрида ва 2016 йилнинг 19 декабрида қабул қилган қарорига Протест келтирганида, эҳтимол, қонун устуворлиги таъминланиб, можарога нуқта қўйилиши мумкин эди. Аммо...

Аризабозликлар давом этади. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг 2018 йил 27 февралдаги ҳукмига кўра, Самарқанд шаҳар ИИБ тергов бўлими ходими Х.Намозов томонидан 2017 йилнинг 11 ноябридаги жиноят ишининг «Гарант қурилиш сервис» МЧЖ ходимларига нисбатан қисмини ҳаракатдан тугатиш ҳақидаги қарори бекор қилинади.

Ҳукмда Гагарин кўчасидаги 128-уйда жойлашган хонадонларнинг ноқонуний бузилиши ва улардаги жиҳозларга зарар етказилиб, талон-тарож қилинганлиги ҳолатига эътибор қаратилади. Натижада «Гарант қурилиш сервис» МЧЖ раҳбари Элдор Мўминов ва ходимлари ҳаракатларида Жиноят кодексининг 169, 173-моддаларида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлигини аниқлаш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун материал тариқасида ажратилади ҳамда Самарқанд вилоят прокурори орқали тегишли суриштирув органига юборилиши кўрсатилади.

Афсуски, орадан бир йил вақт ўтаётганига қарамай, бу борада бирорта амалий натижа бўлмаяпти, ҳуқуқлари бузилган фуқаролар ҳаловат билмай, ҳамон овора-ю сарсон бўлиб юрибди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига асосан, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Самарқанд вилояти янги ҳокими тадбиркорлик субъектлари томонидан дуч келинаётган муаммолар ва турли тўсиқларни тезкорлик билан ҳал этиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш масаласида учрашув ўтказганида Жамшид Шомуродов арзини ҳам эшитиб, муаммони жойида ўрганиб, ҳал этиш юзасидан мутасадди раҳбарларга топшириқ беради.

Бу ҳақда 2018 йил 3 август санаси билан йиғилиш баённомаси тузилди. Лекин негадир ўзгариш бўлмади, кимдир панада туриб, бу муаммо ҳал бўлишига тўсқинлик қилаётганга ўхшайди. Ёки тегишли идоралар ўз вазифасини бажара олмаяпти, аниқроғи, бажаришни истамаётганга ўхшайди. Акс ҳолда, қонунсизлик кўриниб турибди, айбдорлар аниқ, жабрланувчилар дод, деб ёрдам сўраяпти...

Нега масала ҳал бўлмаяпти? Журъат йўқми, хоҳиш йўқми? Эҳтимол, бу бино бекорга бузилмаган ва «Гарант қурилиш сервис»га бекорга берилмагандир, деган фикр хаёлга келади. Исталса, бунга ҳам аниқлик киритиш мумкин, деб ўйлаймиз.

 Кейинги икки йилда суд-ҳуқуқ тизими соҳасида катта ислоҳотлар олиб борилаяпти, ўзгаришларни халқ кўриб, билиб турибди, раҳматлар айтаяпти. Лекин шу билан бирга, баъзи жойларда ҳамон адолат посангиси бузилаётгани ҳам ҳақ гап. Таҳририятимизга келаётган ариза ва шикоятлар буни кўрсатиб турибди.

Шу ўринда Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Б.Элмуродовнинг 2018 йил 18 февралда шаҳар прокуратурасига юборган хатида Ж.Шомуродовнинг талаби қонуний эканлиги таъкидланган.

«Гарант қурилиш сервис» корхонаси Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун талаблари ҳамда белгиланган талабларга риоя қилмасдан, ушбу манзилдаги турар ва нотурар уй-жойларни мулкдор Ж.Шомуродовнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда, яъни, ноқонуний тарзда бузиб ташлагани кўрсатилган. Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан Ж.Шомуродов Самарқанд шаҳар прокуратураси ёки Фуқаролик ишлари бўйича шаҳар судига мурожаат этиши, суд ҳамда прокуратура органлари томонидан қонунда белгиланган тартибда мазкур қарорни бекор қилишда шаҳар ҳокимлиги эътирози йўқлиги маълум қилинган.

Гап яна юқорида келтирилган, Самарқанд шаҳар ҳокими томонидан 2015 йилнинг 27 ноябрида ҳамда 2016 йилнинг 19 декабрида қабул қилинган қарор ва унга ҳуқуқий баҳо бериш ҳақида кетаяпти.

 — Ҳар бир тадбиркорнинг хусусий мулки давлат ҳимоясида ва дахлсиз бўлиши қонунларимизда кўрсатиб қўйилган, — дейди тадбиркор Жамшид Шомуродов. — Мамлакатимиз Президенти бизни доим қўллаб-қувватлаётганини амалда кўриб-билиб турибмиз. Шундай бир даврда нега «оқни оқ, қорани қора», деб баҳолашмаётганига ҳайронман. Ҳақиқатни яшириш, турли баҳоналар билан унинг юзига қора чаплаш мумкиндир. Барибир бир кун келиб, адолат қарор топишига ишонаман.

Лекин менинг тадбиркорлик фаолиятим тўхтаб, 10-15 киши ишсиз қолди. Корхонамиз давлатга солиқ тўларди. Бу ҳам тўхтади. Энди ўйлаб кўрайлик, кимнингдир бир нотўғри қарори билан одамларга, давлатга қанча зиён етаяпти? Бу муаммолар билан шуғулланган қанча идоралар овора. Наҳотки буни тушунишмаса, ҳақ гапни айтиш шунчалик қийинми?..

Жамшид Шомуродовни қийнаётган саволларни тўғри тушунган киши масалага тўғри ёндашиб, тўғри хулосага келиши мумкин. Акс ҳолда, баҳона топилади, аммо бу ўринда қонун ишлаши, адолатли қарор керак бўлади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.