Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

КЕКСАЛИКНИНГ УМРИ УЗАЙМОҚДА

10.01.2019 , 9:15

Умр — ширин нарса. Чунки у инсонга фақат бир боргина берилади. Шунинг учун тирикликнинг ҳар лаҳзаси — ғанимат. Шу ғанимат муддатни самарали меҳнатга бағишлаган яхшими ёхуд ҳою ҳавасга совурган маъқулми?

Қушларга қаранг. Жонида жони борича тинмайди — ўзига ризқ теради. Инсон-чи? Бир умр ҳаловат билмай меҳнат қиладиганлар бор. Кўп буюк қалам соҳиблари умрининг сўнгги лаҳзасигача ёзган. Уларнинг айнан ана шу сўнгги асарлари кўпроқ машҳур бўлган.

Лекин...

Бизда узоқ йиллар «пенсия ёшидагилар марҳамат қилиб жойни ёшларга бўшатиб қўйсин», қабилида иш тутилди. Бу қарор қонуний ҳужжат билан мустаҳкамлаб қўйилди ҳам. Пенсиядаги ижодкорлар мақола, китоб ёзгани учун қалам ҳақи оладиган бўлса, пенсиясининг ярми ушлаб қолинадиган бўлди.

Бунинг устига, иш берувчи пенсия ёшидаги ходимни иқтидори, тажрибаси, фидойилигига қарамай, вазифасидан озод қила берди. Бунинг оқибатида биринчидан, кўплаб корхона ва ташкилотлар тажрибали ходимларсиз қолди. Бу, айниқса, олий таълим муассасаларида, маданият, маънавият ва маърифат соҳаларида жуда кескин тарзда амалга оширилди.

Иккинчидан, жамиятдаги фаол ҳаётдан бирдан ажраб қолиш кўп кишиларни оғир руҳий ҳолатга тушириб қўйди. Шунинг учун ҳам кўп эшитганмиз, «туппа-тузук юрувди, ишдан кетгач, ётиб қолди...» деган гапларни. Кексаларга бундай муносабат уларнинг умрини қисқартирди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида 2019 йилдан бошлаб пенсия тўловининг юқори чегараси энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробарига оширилади ва ишлаётган пенсионерларга пенсиялар тўла миқдорда тўланади, деди.

Ҳар қандай сўз — амали билан гўзал. Орадан беш кун ўтиб, яъни 12 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Бу ҳужжатда давлатимиз раҳбари ўз маърузасида илгари сурган икки позиция қонунийлаштирилди.

Буларнинг биринчиси — 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб ишлаб турган барча пенсионерларнинг пенсиялари тўлиқ миқдорда тўланади.

Очиғини айтганда, бу фармон билан жорий этилаётган иккинчи янгиликнинг аҳамиятини ҳамма ҳам тўла тушуниб олавермайди.

Бизда аёллар учун 55, эркаклар учун 60 ёш пенсия ёши қилиб белгиланган. Лекин, истаса, аёллар 54 ёшга тўлганидан кейин пенсияга чиқиши ҳам мумкин. Бу — биринчи шарт. Иккинчи шарт шундан иборатки, аёллар учун 20, эркаклар учун 25 йиллик умумий стаж керак.

Пенсияга чиқаётган фуқарога пенсия пулини белгилаш учун унинг охирги ўн йилдаги даромадлари тўғрисида маълумотномалар олинади. Шу ўн йил орасидан фуқаро энг кўп даромад топган узлуксиз беш йил танланади. Шу муддатдаги ўртача ойлик даромади ҳисоблаб чиқарилади. Аввал унга ана шу ўртача ойлик даромаднинг энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 55 фоизи миқдорида пенсия тайинланарди. Лекин агар фуқаронинг ойлик даромади 8 энг кам ойлик иш ҳақидан юқори бўлса, бу ёғи инобатга олинмас эди.

2019 йилнинг 1 январидан эса ана шу миқдор ўзгаради. Энди фуқаронинг беш йиллик умумий даромадидан бир ойлик пенсияси даромадлари энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан келиб чиқиб ҳисобланади. Шунда мамлакатимиздаги пенсиянинг энг кўп миқдори ана шу 10 баробарнинг 75 фоизи миқдорида қилиб белгиланади. Шу тариқа энг катта фуқаролик пенсияси 1 миллион 520 минг 475 сўмни ташкил этади. Январь ойидан бизда энг юқори пенсия олаётган фуқаронинг пенсиясига нақд 304 минг 125 сўм қўшиладиган бўлди. Бу — кунига ўртача 10 минг сўм деган гап.

1 январдан амалда барча пенсионерларнинг пенсиялари қайта ҳисобланади. Пенсияга чиққунигача бўлган охирги ўн йилнинг узлуксиз беш йилида ўртача даромади 8 энг кам иш ҳақидан ортган пенсионерларнинг пенсияси, албатта, тегишли миқдорда кўпаяди.

Бизда 3 миллион атрофида пенсионер бор. Шулар орасидан ишлаётганлар сони 100 мингдан сал ошар экан. Бу — ўртача ҳар 25 пенсионердан биригина ишлайди, дегани. Бу эса жамият учун катта фожиа эмас. Аксинча, бундай кексаларимиз салоҳиятидан фойдаланишимиз, тажрибаларини олиб қолишимиз керак.

Бир олимни биламан. Айнан пенсияга чиққанидан кейин фан доктори, деган илмий даража олиш учун диссертация ёқлади. Ҳозиргача ҳам илмий соҳада ишлайди. Бу йил 87 ёшга кирди. 86 ёшида Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги бўлди. Агар пенсияга чиққан 60 ёшида бу кишини ишдан бўшатиб юборганимизда, шунча илмий ишни ким амалга оширган бўлар эди?!

Хуллас, Президентимизнинг бу фармони мамлакатимизда кучли ижтимоий сиёсат олиб борилаётганининг яна бир ёрқин далили ҳисобланади.

 

Султонмурод ОЛИМ,

«Нақшбандия» журнали бош муҳаррири.