Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

КЎЧМАС МУЛК ИЖАРА ШАРТНОМАЛАРИ: МАЖБУРИЙ НОТАРИАЛ ТАСДИҚЛАШ БЎЙИЧА ТАЛАБ БЕКОР ҚИЛИНДИ

10.01.2019 , 12:25

Мамлакатимизда амал қилиб келган кўчмас мулкларни ижарага бериш шартномаларини нотариал расмийлаштириш жараёни ўзининг мураккаблиги билан кўпчиликда эътироз туғдираётган эди. Давлатимиз раҳбари томонидан барча соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш бўйича олиб борилаётган сиёсат эндиликда аҳолини қийнаб келаётган мазкур масала ечимида ҳам ўз ифодасини топди.

Президентимизнинг 2018 йил 25 майдаги «Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2019 йил 1 январдан бошлаб ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартибини ўрнатиш орқали кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бўйича талаб бекор қилинмоқда.

Шу кунгача аҳолини сарсон қилиб, нотариал идорада навбатлар кутиши натижасида вақтини кетказишига сабаб бўлаётган амалдаги тартибга барҳам берилмоқда. Яна бир муҳим жиҳати, шу пайтгача жисмоний шахслар кўчмас мулкни ижарага беришда шартномани расмийлаштириш учун нотариал идорага оз эмас, кўп эмас 10 та ҳужжат олиб келиши зарур бўлган бўлса, янги тартибга биноан энди кўчмас мулк эгаси бўлган жисмоний шахс солиқ идораларига бор йўғи 2 та ҳужжатни тақдим этишининг ўзи кифоя қилади.

Янги тартиб бўйича яна қандай ўзгаришлар киритилмоқда ҳамда жисмоний шахслар учун қандай енгилликлар жорий этилмоқда?

Маълумки, мулкни бошқа шахсларга беришга доир асосий юридик ҳужжат шакли кўчмас мулкни ижарага бериш тўғрисидаги шартнома ҳисобланади.

Амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 603-моддасига асосан фуқаролар ўртасида тузилган уй-жойни ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши талаб этиларди.

Шу билан бирга, давлат нотариал идоралари томонидан Адлия вазирлигида 2010 йил 30 мартда 2090-сон билан рўйхатга олинган «Нотариуслар томонидан нота­риал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқнома»нинг 136-бандига асосан кўчмас мулк ижараси шартномаларини тасдиқлашда фуқаролардан бир неч­та ҳужжатлар тақдим этиш сўралган.

Хусусан, ижарага берилаётган кўчмас мулкнинг кадастр йиғмажилди, паспорт (асли), солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), уй-жойда доимий прописка қилинган шахслар тўғрисида маҳалладан маълумотнома, уй дафтаридан кўчирма, доимий пропискада бўлган вояга етганларнинг розилиги, умумий эгаликдаги кўчмас мулкларнинг эгалари (эр-хотин)нинг розилиги, васийлик ва ҳомийлик органларининг розилиги, хусусийлаштирилган уй-жойлар бўйича хусусийлаштиришда розилик берган шахслар ҳақидаги маълумотнома ва уларнинг розилиги, кўчмас мулк гаровга қўйилган бўлса, гаровга олувчининг розилиги билан боғлиқ — жами 10 та ҳужжат талаб этилган.

Солиқ кодексининг 192-моддасига асосан мол-мулкини ижарага беришдан даромад олаётган жисмоний шахс ижарадан даромадлар пайдо бўлган кундан эътиборан биринчи ой тугаганидан кейин беш кунлик муддатда дастлабки тарздаги декларация ҳам тақдим қилиши шарт бўлган.

Давлат нотариал идоралари томонидан кўчмас мулк ижара шартномалари тўғрисидаги маълумотларни дастурий маҳсулга киритишда айрим ҳолларда йўл қўйилган хато ва камчиликлар натижасида даромад солиғининг нотўғри ҳисобланиши кузатилиб, бу фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлган.

Жорий этилаётган янги тартибга кўра, эндиликда кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш белгиланмоқда.

Бу борада Президентимизнинг 2018 йил 25 майдаги қарори 2-бандига мувофиқ, Давлат солиқ қўмитаси томонидан «Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисида»ги низом ишлаб чиқилди.

Ушбу низомга асосан кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйишда шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва белгиланган шаклда икки томон ўртасида шартнома тузилиши талаб этилади, холос. Бу эса фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб қилиш ва сарсонгарчиликларга барҳам беради.

Кўчмас мулк ижара шартномалари давлат солиқ хизмати органларида тўғридан-тўғри ҳисобга қўйилаётганлиги сабабли Солиқ кодексининг 192-моддасига асосан ижара шартномаси тузилган кундан ке­йинги ойнинг 5 санасига қадар давлат солиқ хизмати органига топширилиши лозим бўлган дастлабки декларация бекор қилинмоқда.

Кўчмас мулкни ижарага бераётган жисмоний шахслар яна нималарга эътибор қаратишлари талаб этилади?

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 612-моддасига мувофиқ, кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаси беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Агар шартномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у беш йилга тузилган, деб ҳисобланади.

Ижарага берувчи ёки унинг вакили ўртасида имзоланган кўчмас мулк ижара шартномасида кўрсатиладиган ойлик ижара тўлови суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам меъёрлардан оз миқдорда тузилишига йўл қўйилмайди.

Энг муҳим янгилик шуки, кўчмас мулк эгаси бўлган жисмоний шахслар шу вақтгача шартномани нотариал расмийлаштиришда ортиқча маблағ сарфлаб келган бўлса, эндиликда кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш бепул асосда амалга оширилади.

Ижарага берувчи (унинг вакили) кўчмас мулк ижара шартномасини ҳисобга қўйиш учун доимий яшаш манзили ёки кўчмас мулк жойлашган жойдаги давлат солиқ хизмати органига ёхуд Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтидаги «шахсий кабинети» орқали электрон тарзда сўровнома юбориши мумкин.

Яъни, электрон рақамли имзога эга бўлган жисмоний шахслар давлат солиқ хизмати органига бормасдан ўз уйларида интернет тармоғи орқали ижара шартномасини ҳисобга қўйишлари мумкин. Сўровномада эса ижарага берувчи ва олувчи тўғрисидаги маълумотлар (паспорт серияси ва рақами), солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), яшаш жойи ёзилади. Кўчмас мулк ижара шартномасини ҳисобга қўйиш реал вақт режимида амалга оширилади.

Солиқ органи ижара шартномаси ҳисобга қўйилган вақтда ҳар ойлик тўланиши лозим бўлган даромад солиғи бўйича тўлов хабарномасини солиқ тўловчига тақдим этади. Келаси йилнинг 1 январидан кўчмас мулк­ни ижарага беришда ойлик 12 фоиз ставкада даромад солиғи ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун қулайлик яратиш мақсадида кўчмас мулк ижара шартномасини расмийлаштириш билан боғлиқ мураккаб жараёнга барҳам берилиб, содда ва шаффоф ҳолга келтирилмоқда.

 

Акмал НАЗАРОВ,

Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими давлат солиқ катта инспектори.