Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

2019 ЙИЛДАН КИМ ҚАНЧА ВА ҚАНДАЙ СОЛИҚ ТЎЛАЙДИ?..

09.01.2019 , 12:55

Солиқ ва бюджет сиёсатининг жорий йилга мўлжалланган асосий йўналишлари кўп нарсаларни ўзгартиради. Айниқса, оддий одамлар, тадбиркорларни қувонтирадиган янгиликлар жуда кўп.

Энг муҳим янгиликлардан бири жорий йил 1 январдан жисмоний шахсларнинг да­ромадларига 12 фоизли ставка бўйича солиқ солиниши бўлди.

Илгариги тартиб анча мураккаб ва тушунарлироқ эди. Хусусан, даромаднинг энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача қисмига — 7,5 фоиз, энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача қисмига — 16,5 фоиз, даромаднинг энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари ва ундан кўп қисмига — 22,5 фоиз солиқ солинган.

Энди жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида ўрнатилди. Фуқароларнинг мажбурий суғурта бадалларининг (иш ҳақидан 8 фоиз) бекор қилиниши натижасида «қўлга» тегадиган иш ҳақи миқдори ўртача 6,5 фоизга ошади. Иш ҳақи фондидан ягона ижтимоий тўлов миқдори 12 фоизгача пасайтирилди. Давлат мақсадли жамғармаларига айланмадан 3,2 фоиз миқдорида ундириладиган мажбурий ажратмалар бекор қилинди.

Юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкалари 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун – 22 фоиздан 20 фоизгача, дивиденд ва фоиз кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан солиқ – 10 фоиздан 5 фоизгача, юридик шахслар мол-мулк солиғи – 5 фоиздан 2 фоизгача пасайтирилди. Юридик шахслардан фойда солиғи ставкалари фаолият турига қараб, 12 фоиздан 20 фоизгача олинади. Дивиденд бўйича солиқ солинади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар 2019 йил 1 январдан бошлаб бир календарь йилда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум миқдори 100 миллион сўмгача бўлганда қатъий белгиланган солиқни, 100 миллион сўмдан 1,0 миллиард сўмгача бўлганда, 4 фоизлик ставкада ягона солиқ тўловини, 1,0 миллиард сўмдан ошганда юридик шахслар томонидан тўланиши назарда тутилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлайдилар.

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини амалга ошириш доирасида божхона тўловлари, ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқлар ва махсус тўловлар, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ – сув ресурсларидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланилганда, акциз солиғи – акциз тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқарилганда, ягона ижтимоий тўлов, давлат божи, автотранспорт воситаларини олганлик ва (ёки) вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғимлар тўланади.

Фаолиятнинг бир неча тури билан шуғулланувчи солиқ тўловчи қатъий белгиланган солиқни фаолият­нинг ҳар бир тури учун мазкур турдаги фаолиятга нисбатан белгиланган ставкалар (сумма) бўйича алоҳида-алоҳида тўлайди.

Ягона солиқ тўловининг базаси ҳисоблаб чиқарилган ялпи тушумдан белгиланган (4 фоиз) солиқ ставкаси бўйича ҳисоблаб чиқарилади ва ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 25-санасига қадар тўловни амалга оширади.

Якка тартибдаги тадбиркор амалдаги қонунчиликка асосан чакана савдо, маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги жами 84 та фаолият билан шуғулланиши мумкин. Бунда чакана савдо фаолиятида 1 нафаргача, маиший хизмат кўрсатишда 3 нафаргача, фаолиятнинг бошқа турларида 2 нафаргача ходимни ёллаб ишлатиш ҳуқуқига эга.

Хусусий тадбиркор юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига ўзгартириш киритилди.

Эндиликда, қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотларини сотиш, алюминий (пластик) профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш, ўсимлик, ҳайвонлар ва минераллардан тайёрланган доривор хомашёни қадоқлаш ва улгуржи сотиш, транспорт воситаларини ювиш, салонни тозалаш ва шунга ўхшаш бошқа хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчилар, четдан тижорат мақсадида бир ойда 5000 АҚШ долларидан кўп товар олиб келувчилар (импортёрлар) жорий йилнинг 1 январидан юридик шахс сифатида қайта рўйхатдан ўтишлари талаб этилади.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.