Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

БИЛИМДОНЛИКМИ, НОДОНЛИКМИ?

06.02.2019 , 10:42

Пойтахтимиз кўчаларини айланар экансиз, бўлаётган бунёдкорликларни кўриб кўзингиз қувнайди. Кўп қаватли турар-жойлар, овқатланиш шохобчалари, маданий дам олиш масканлари шаҳарга замонавийлик билан бир қаторда ўзгача бир давр нафасини ҳам бериб турибди. Бу албатта қувонарли ҳол. Бироқ бинолар пешонасидаги эълон ва рекламалар асосан чет тилларда ёки лотин алифбосида осиб қўйилгани, шу билан бирга улар хатолар билан ёзилгани кишида нохуш таассурот уйғотади. Тўғри, чет тилларини билиш, тарғиб қилиш керак. Аммо уларнинг тўғри ёзилишига ҳам эътибор қаратиш лозим эмасми?!

Сўзлар хорижий, хусусан русча, лекин лотин алифбосида ёзилган. Мисол учун, «Avtostraxovka qilamiz», «Karavan-kafe», «Rastushovka qilamiz», «znaniya- o'quv markazi», «detskiye obuvi», «Konstavari», «Fikus», «Tri korolya». Бу рус тилидаги рекламалардан айримлари, холос.

Энди инглиз тилидаги рекламаларга бир назар ташласак: «Love Story», «Happy Wedding-to’y tashkiloti», «Shopoholic», «Baby boom», «Mangal», «Dotto», «Vega cinema», «Look», «Inglish campus», «Alfa aspire o'quv markazi», «Stoma-servis», «Play station», «carcher», «Toys-boys» каби кўплаб сўзлар талаффуздан келиб чиқиб имло хатолар билан ёзилгани кўзга ташланиб турибди. Ўзимизнинг ўзбек тилида ёзилган сўзлар ҳам унчалик «обод» эмас. Мисол учун, «Нилю маркет», «Камал эркаклар салони», «Тилла магазини», «Мошина ювамиз», «Шахруҳ МЧЖ», «Карвансарай», «Шахрибану»...

Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Ҳозир аввал ота-боболаримиз ишлатган сўзлар у ёқда турсин, яқин пайтгача нутқимизда, кундалик ҳаётимизда истеъмол қилинган сўзларни ҳам кўпчилик билмайди. Шу орада бир ўйин- сўровномани ўтказиб кўрдим. Бунда мен шу кунларда тилимизда ишлатилаётган,оммалашган сўзлар ўрнини илгари ишлатилган, бироқ ҳозирда унутилиб бораётган сўзлар ўрни билан алмаштирилган ҳолда сўраб кўрдим. Иккинчи гуруҳдан эса аксинча. Рўйхатимда қуйидаги сўзлар акс этган эди: чанг ютгич (пилисос), сок қиладиган асбоб (соковие вижималка), дазмол (утюк), тақвим (календар), ўриндиқ (скамейка), хиёбон (парк), маркет (бозор), хамиртуруш (дрожа), овоз кучайтиргич (колонка), қисқаси (короче), масалан (например), аллақачон (уже) ва бошқалар. Натижа кутганимдек... русча сўзларнинг ўзбекчасини ҳамма ҳам билмади.

Ёшлар орасида сўзларнинг ўзбекона айтилишидан кўра, бугун «урфда» бўлган русча сўзларни ишлатадиганлар оз эмас. Бу уларнинг билимдонлигидан даракми ёки нодонликлариданми?! Умуман олганда, она тилига бундай эътиборсизлик, ҳурматсизликни нима деб баҳоламоқ мумкин? Ўзини ҳурмат қилган, ғурурли одам она тилига ҳеч қачон бефарқ қарай олмайди, деб ўйлайман.

 

Мафтуна АБДУКАРИМОВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси.