Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

«ДАВЛАТ ХИЗМАТЧИСИГА АВВАЛО ЭЪТИҚОД КЕРАК»

12.02.2019 , 11:35

Бу эътиқод қаерда, қандай шаклланади?

Бугун Ўзбекистон дунёдаги илғор тараққиёт даражасида фикрлайдиган, идора-ташкилотларда янгича муҳит ярата оладиган, ўзгаришлардан қўрқмайдиган, фидойи раҳбар-кадрларга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти директори, сиёсий фанлар доктори, доцент Актам ЖАЛИЛОВ билан шу мавзу атрофида суҳбатлашдик.

– Мамлакат раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатнома йўллаётган пайтда ўзини энг кўп ўйлантирадиган масалалардан бири кадрлар масаласи эканини таъкидлади. Бутун бир давлатда бундай тақчиллик содир бўлишининг асосий сабаблари нимада, деб ўйлайсиз?

– Раҳбарни тайёрлаш, раҳбарни етиштириш – анча нозик ва мураккаб масала. Бунинг мураккаблигини тушуниш учун шўро давридаги кадрлар сиёсатини бироз эслашимизга тўғри келади. Азалдан ким ишбилармон бўлса, ким тадбирли бўлса, булар ўзига тўқ одамлар бўлган. Улар фақат ўзинигина эмас, балки муайян ҳудудни бошқарган, иқтисодий ҳаётнинг жонланишига ижобий таъсир кўрсатган. Аммо ўша биз айтаётган замонда тадбирли одамларнинг аксарияти «қулоқ» қилинган. Бирор-бир лавозимга раҳбар қўйиладиган бўлса, биринчи навбатда унинг «биографияси»га қаралган. Яъни, лавозимга тайинлашда келиб-чиқиши ишчи-деҳқон бўлган кишиларга устуворлик берилган.

Бу нимага олиб келган? Шўро даврининг дастлабки пайтларида мансабдорлар «қўлда» етиштирилган. Раҳбарлик салоҳияти, кўникмаси бор, аммо ишчи-деҳқон оиласидан чиқмаган бўлса, бундай одамни лавозимга тайинлашда муаммо туғилган.

Энг қизиғи, шўро даврининг бошқарув сирлари билан таниш бўлганлар бундай сиёсатнинг асоратлари ҳозиргача сақланиб қолганлигини осонгина пайқайди. Кўплаб раҳбарлар билан мулоқот жараёнида синчиклаб кузатадиган бўлсангиз, гарчи ўзи лавозимда бўлишига қарамасдан, ўзидан юқорида турувчи ҳокимиятга нисбатан яширин ёки ошкора қўрқувни сезасиз. Ёки бўлмасам, ҳудудларга чиққанда маҳаллалар, қишлоқларга боринг, ҳар қандай мавзуда ташкил этилган йиғилишда иштирок этган пайтда кузатинг, одамларнинг кўзига қаранг, уларда ҳам қандайдир ҳадик аломатларини сезасиз. Назаримда, бу ҳадик ўша қатағон давридан қолиб кетган. Давлат номидан гапирган кишидан кўпчилик чўчиб туради. Шўро замонида амалга оширилган қатағон, қувғин, кузатув, чақув, туҳматлар ваҳшатидан одамлар, халқ тили билан айтганда, «кўзларидаги ўтини олдирган». Ўз фикрини эркин ифода эта олмайдиган раҳбарнинг хатти-ҳаракатида, бажараётган ишида пала-партишлик кўринадиган бўлса, ҳайрон бўлманг. Бунинг жавобини ўша кадрнинг тарихидан изланг, уни ким, қаерда, қайси методлар билан тайёрлаганига қаранг.

Келиб чиқишидан қатъи назар, ҳатто генетик коди заиф бўлса ҳам, изчиллик билан ўқитилса, керакли билимлар берилса, ҳар қандай одамдан раҳбар тайёрлаш мумкин. Эски тизимда бунинг маъносига етишган, лекин ўз навбатида, салоҳияти фавқулодда юқори, етакчилиги яққол кўзга ташланган кадрлар, айниқса, миллий тарихи, маданияти, анъаналарини чуқур билган кишилар тизим учун хавфли ҳисобланган ва улар йўлдан олинган. Тадбиркорлар ўша даврда ҳам яхши яшашган, аммо уларнинг кўпчилиги расмий идоралардан, сиёсий лавозимлардан четда юришга мажбур бўлишган. Бу – масаланинг биринчи тарафи.

Иккинчи тарафи – давлат бошқаруви йўналишида фундаментал, профессионал таълим берадиган, бакалавр даражаси олинадиган олий ўқув юрти илгари бўлмаган... ҳозир ҳам йўқ. Бу йўналишда махсус факультетлар етакчи давлатларда, жумладан, Ғарбдаги етакчи университетларда мавжуд. Давлат хизмати бўйича Public Service ёки Public Management, Давлат сиёсати бўйича Public Policy, Ижтимоий сиёсат бўйича Social Policy, деб номланган бакалавр ва магистратура дастурлари бор.

Масалан, ёш талаба ижтимоий соҳада бошқарув бўйича тўрт йиллик бакалавр таълимини олади. У таълим ёки тиббиётга маблағ қай тариқа ажратилишини, тизим молияси, ҳисоб-китоби, кадрларни бошқариш сирларини ўқиб-ўрганади. Бу нарсаларни фундаментал даражада ўргангани учун у бакалавр ёки магистр даражасини олади ва ўқишни битириши билан тизимда ишлаб кета олади.

Бизда шўро даврида ҳам бундай тизимлар яратилмаган. У даврда раҳбарга қўйиладиган асосий талаб мафкурани пухта билиш ва унга содиқлик билан ўлчанган. Хулоса шуки, биз бугуннинг талабидан келиб чиқадиган бўлсак, давлат хизматчиларига шу йўналишда фундаментал таълим берилиши керак.

– Истиқболли ёш кадрлар тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш, уларнинг касбий ривожланиши бўйича мониторинг ­ўрнатиш ҳамда ушбу кадрларни тавсия этиш сиз раҳбарлик қилаётган институтнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу – анча масъулиятли масала. Мазкур жараён қандай ташкил этиляпти? Ҳозирдан натижалар ҳақида гапириш мумкинми?

– Биз жойларда ёшлар масалалари бўйича «тўртлик» билан суҳбатлар ўтказамиз. Яъни, ҳокимнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, ички ишлар бўлими, маҳалла раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда Ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари ўртасида сўров ўтказилади. Биласизми, ушбу ташкилотларда ишлаётган ёш кадрларнинг аксарияти миллий ғоя, педагогика, филология, тарих йўналишларини битирган бўлиб чиқади. Бундай кадрларнинг асосий хусусияти шундаки, улар ижтимоий йўналишда ўқиганликлари туфайли ижтимоий муносабатларни яхшироқ тушунишади, кўпинча улар яхши ижрочи, ҳокимият қўяётган вазифаларни самарали бажаради. Маълумки, ижро ҳокимиятининг кучи ижронинг самарасига боғлиқ. Шундай қилиб, тарих ўқитувчиси ёки филолог ёхуд журналист ҳокимият тизимига келиб қолади. Бошқа иложи йўқ, давлат хизмати бўйича фундаментал таълим берадиган олий ўқув юрти ёки факультетлар бўлмаса, маҳаллий ҳокимиятлар ўзига керак кадрларни турли соҳалардан тўплашга, қидириб топиш, саралашга мажбур.

Бир пайтлар бошқарув кадрларининг кўпчилиги Тошкент халқ хўжалиги институти битирувчилари орасидан танланган. Халқ хўжалиги сертармоқ бўлганлиги туфайли иқтисодиётни тушунган кадр кўп соҳада ишлаб кета олишига ишонч бўлган. Лекин бугун давлат идоралари, соҳа ва тармоқлар анча кенгайиб кетди. Уларни кадрлар билан таъминлаш учун махсус ўқув дастурлар асосида таълим берадиган ўқув юртлари керак.

Агар республика бўйича лавозимларнинг сонини ҳисоблаб, Президент Академияси ёки шу Академия қошидаги бизнинг институт, яъни Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тай­ёрлаш институтига кирадиганларнинг сони билан солиштирсангиз, ўртада жуда катта тафовут келиб чиқади. Айнан кадрларни тайёрлаш масаласини ҳал этиш мақсадида жойларда Президент Академиясининг филиаллари очилди, давлат бошқаруви борасида замонавий дастурлар вилоятларга кириб бормоқда. Бизнинг институт бўйича Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ижроия қўмитаси қарор қабул қилди, бешта филиал очиш бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

Давлат хизматчиси давлатчилик тафаккурига эга бўлиши керак, яъни давлатнинг тараққиёт стратегиясини, соддароқ айтганда, халқ кўзлаган манзилини аниқ тасаввур қилиши керак. Давлат раҳбари томонидан қўйилган вазифани фрагментар тарзда, яъни кўр-кўрона эмас, балки мамлакат миқёсида талқин қила олиши, тўлақонли тафаккур эта олиши жуда муҳим. Акс ҳолда, давлатчилик тафаккури носоғлом, тасодифий раҳбарлардан ҳар доим халқ азият чекади. Бунақалар қаердан келиб қолади? Уларни мафкураси бузуқ одамлар олиб келади. Тўғрими?.. Бу қандай бўлади? Битта носоғлом тафаккурли раҳбар ўз манфаати йўлида хизмат қиладиган одамни ёнига олади. Бунақа кишилар аввало ўзини давлат хизматчиси сифатида ҳис қилмаган бўлади.

Давлат хизматчиси масъулиятини ҳис қилиш дегани – «мен халқнинг энг қуйи қатлами турмуш даражасида яшашга розиман», дегани. Раҳбар бўлгач, давлат унга ижтимоий-сиёсий мақомни шундоқ ҳам беради ва шунга мос равишда моддий ҳаёти ҳам юқори бўлади. Агар раҳбарнинг моддий ҳаёти оддий халқникидан кескин фарқ қилса-ю, у ўз ҳудудидаги оддий халқ дастурхони ҳақида қайғурмаса, у раҳбарлик лавозимига лойиқ эмас. Бундай хислат фақат тарбия билан, фундаментал билим билан етиштирилади.

Ўйлашимча, кадрлар етишмаслиги, деган тушунчага кенгроқ қараш лозим. Кадрлар кўп, фақат уларни топиш керак. Бу эса мунтазам изланиш талаб этади, сараланганларни қисқа муддат бўлсаям ўқитиб, уларга ишониш, вазифа бериш керак ва бир муддат йўналтириш керак.

Бизнинг институтда битирувчиларни лавозимларга тавсия этиш жараёни қандай бўлади? Турли тизимлар, вазирлик-идоралар, ижро ҳокимияти тизими, фуқаролик институтларига истиқболли ёшлар ҳақида маълумотлар акс этган умумий тавсиялар берилади.

Баъзида шундай бўладики, айрим ёшлар «биз келажакда қаерда ишлаймиз, қаерга тавсия қиласизлар», деб сўрайди. Лавозимга интилишни тўғри қабул қилиш керак, ёшларда етакчиликка интилиш, максимализм бўлиши табиий. Баъзида тингловчиларни ўрганган психологлар берган хулосага кўра, айнан лавозим сўраганлар орасида раҳбарликка тайёр бўлмаганлари кўп учрайди. Бундай пайтда тингловчиларга лавозимга интилишнинг сабаблари ва оқибатлари, «мансабдорлик шираси», унинг салбий оқибатларини, давлат хизматчисининг шаффофлиги талабларини тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Бу жуда мураккаб масала, аммо у фақат ва фақат ёшларнинг шахсиятини шакллантириш билан ҳал этилиши мумкин.

Мана, ҳозир «Ўзини ўзи бошқариш», деб номланган қўлланма устида ишлаяпмиз. Ўзини ўзи идора қилишда гап кўп. Бунга иродаси етмаган одамдан раҳбар чиқмайди.

– Чет элда ўқиб, нуфузли ташкилотларда ишлаб юрган мутахассислар юртимизга қайтиб келаётгани қувонарли, албатта. Ўзбекистонда соҳалардаги ҳолат, реал вазият ўзига хос. Бошқа муҳитда ўқиб, ишлашга ўрганган ёшларнинг мослашиш жараёни уларга қийинчилик туғдирмайдими? Эмин-эркин ишлашга, ўзини намоён қилишга салбий таъсир кўрсатиши, кўнгилни совутиши мумкин бўлган ҳар хил ҳолатларни назарда тутяпман...

– Хориждан келган бу ердаги меъёрларни қабул қилиши ёки халқаро меъёрларга мос бўлган тизимда ишлаши керак. Масалан, Европа, Америка ёхуд ривожланган Осиё мамлакатларида ўқиган мутахассис Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Халқаро Вестминстр ёки Инҳа университетига келиб ишласа, у қийналмайди. Ривожланган мамлакатда ўқиб, тажриба орттирган шифокор бирор-бир илғор хусусий клиникага келиб ишласа, у ҳам қийналмайди.

Демак, олдимизда соҳаларга халқаро меъёрларни босқичма-босқич жорий қилиш вазифаси турибди. Бирданига буни амалга ошириш қийин, албатта, лекин аста-секин шунга боришимиз керак. Ҳозир Инновацион ривожланиш вазирлигида АҚШда илмий фаолият олиб борган олим вазир, у ерда дунёнинг кўплаб нуфузли ўқув юртларида илмий даража олган йигитлар яхши ишлаяпти. Бошланғич билимни Ўзбекистонда олиб, хорижда уни мустаҳкамлаган ёшлар қайтиб келиб мослашишга қийналмайди, чунки уларда миллий ўзлик ёшлигидан ўз ватанида шаклланган бўлади.

Албатта, бизда Европа ёки Америкадагидек инфратузилма, хизматлар ва тушунчалар бўлмаслиги мумкин. Масалан, бу ерда Starbucksга ўхшаган тармоқлар кўп эмасдир, лекин Ўзбекистонда уларнинг ўрнини боса оладиган, дунёнинг бошқа ҳудудларида топилмайдиган яхши нарсаларни бемалол топса бўлади. Бироқ қадриятлар масаласи анча нозик. Улар чет элда ўрганган кўникмаларини бу ерда бироз ўзгартиришга мажбур бўлади, чунки биз анъанавий жамиятмиз, шарқона маромимиз бор.

Хориждан қайтиб келган мутахассисларнинг афзал, устун хусусиятлари бўлишини эсдан чиқармаслик керак. Нима учун, денг. Чунки уларни ватан соғинчи анча тоблаб қўяди. Мана, яқинда Президентимиз Германияда, ўтган йили Америкада ватандошлар билан учрашдилар. Чет элдаги ҳамюртларимиз бу воқеаларни ижтимоий тармоқларда хурсандчилик билан, қизғин муҳокама қиляпти, ўзгариш ва янгиликларни қўллаб-қувватловчи фикрлар билдиряпти. Шу маънода хориждаги юртдошларимизнинг мафкураси эътиборга лойиқ. Шу халқ вакили дунёнинг қаерида бўлмасин, унинг генетик кодида ётган анъана ва қадриятларимиз ўзлигини намоён қилади. Одам дунёни кўргани, англагани сари ички маънавияти ҳам юксалиб, руҳияти тозариб бораверади. Бундай кишилар Ўзбекистонга қайтиб ишласа, таҳлил қилиб, таққослаб, хулосалар чиқара олади.

Эҳтимол, бошқа масалага эътиборлироқ бўлишимиз, яъни ўзимиздаги ўқув муассасаларини битириб чиқаётган ёшларимизни асраб қолиш, ушбу ўқув даргоҳларининг рейтингини ошириш ҳақида ўйлашимиз керакдир.

Хорижда ўқиган ёшлар билан бундай муаммо камроқ, чунки улар дунё кўради, қиёслайди. Қайсидир мутахассис бу ерга кўниколмай, орқага қайтиб кетибди, деган хабарни мен ҳали эшитмадим.

Аммо муҳитдаги бошқа, яъни инсон омили билан боғлиқ ҳолатлар салбий таъсир қилиши, масалан, хориждан келган мутахассис эски қолиплардан, янгиликка хушламай қараладиган муносабатдан, кўролмасликдан азият чекиши мумкин. Ёшларни бошқа юртларга тортадиган асосий омиллар орасида эркин ҳаёт ва моддийлик устуворлик қилади. Уларни ортга қайтариш учун хориждагидек бўлмаса ҳам, у ёқдагидан унча кам бўлмаган шароит қилиб беришимиз керак. Агар бошқа субъектив, жумладан, инсон омили билан, эскича қарашлар билан боғлиқ омиллар салбий таъсир қилмаса, хориждан қайтиб келган мутахассислар барибир ўзгартириш киритади.

Аммо хориждан қайтаётганларни ҳам бир тўлқинга қиёсласа бўлади, бу тўлқин мамлакатда рўй бераётган ўзгаришлардан руҳланган ҳолда қайтмоқда – уни сақлаб қолиш албатта ўзимизнинг қўлимизда. Агар уларнинг хафсаласи пир бўладиган бўлса, қанақа лавозим берсак ҳам «қайтмас муҳожир»лар ҳолида яна хорижга кетишлари ҳеч гап эмас.

– Турли соҳаларда раҳбарларнинг алмашгани ёки бир идорадан бошқа идорага ўтгани ҳақидаги ахборотларни кунда бўлмасаям, кунора эшитамиз. Бунинг сабаблари нимада? Бу ўзгаришлар иложсизликдан қилинадими?

— Давлат бошқаруви — бутун дунёда ёпиқ тизим. Бозор тизими эса очиқ. Бу тизимда тасодифий раҳбар бўлмайди. Бу нима дегани?.. Масалан, хусусий тўқимачилик корхонангиз бор. Сиз у ерга менежерни етти эмас, етмиш марта ўлчаб, кейин қўясиз. Ҳар бир тасодифий кадр ортиқча харажат, ортиқча оворагарчилик, дегани. Давлатнинг ишига, бюджетдан маош олинадиган фаолиятга ҳам шундай муносабатда бўлиниши зарур. Афсуски, ҳар доим ҳам бундай бўлмайди.

Лекин ўтиш даврида ёки кучли ислоҳотлар пайтида кадрлар алмашинуви — табиий жараён. Бу, шунингдек, давлатнинг олий бошқаруви ўзгарган даврга ҳам хос ҳодиса. Ҳозир АҚШда, Буюк Британия ёки Францияда шунга ўхшаш ҳолатни кузатиш мумкин бўляпти.

Анъанавий бошқарув усули, яъни маъмурий усул энди ўтмайди. Ҳозирги пайтда ташқи иқтисодий алоқалар хом-ашё ёки маҳсулотларни анъанавий усулда олди-сотди билан амалга ошириш тобора пасайиб бормоқда. Халқаро савдо ишлаб чиқариш билан молиявий ҳамда рақамлашган амалиётларнинг мураккаб уйғунлашуви шаклида амалга ошмоқда. Бугунги кунда давлатнинг савдо айланмаси рақамли иқтисодиётни қанчалик қўллаши билан белгиланмоқда. Бу жараённи бошқариш уёқда турсин, уни тушуниш ёки тушунтиришнинг ўзи мураккаб. Ривожланган мамлакатларда барча тизимлар рақамли тизимларга ўтказилмоқда, савдо-сотиқдан тортиб, таълим, туризм, соғлиқни сақлаш ва ҳоказо. Барча соҳалар бошидан охиригача рақамлаштирилмоқда. Бундай вазиятда ишлаб чиқаришдан тортиб, бошқарувгача глобал рақамли тизимларга мослашишимиз талаб этилади.

Бу йўналишда ортда қолган давлатнинг ривожланган мамлакатлар билан алоқаларида жиддий узилишлар бўлади. Ҳозир анъанавий бошқарув усули билан глобал бошқарув усули ўртасидаги масофа йил сайин, ой сайин эмас, ҳафта, ҳатто соат сайин узоқлашиб боряпти. Бугун ҳар бир раҳбар бу масаланинг нақадар долзарб ва жиддий эканини идрок қила олиши керак. Нафақат англаш, шу билан бирга, янги кўникмаларни татбиқ қила билиши лозим. Кадрларнинг тез-тез алмашинуви соҳалар глобал ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда юра оляптими-йўқми, деган саволга жавоб билан белгиланади.

Кадрлар ўзгаришининг бошқа жиҳатлари ҳам бор, албатта. Яъни, давлат хизматчиси давлат сиёсатини тўғри талқин қила олиши, ишонч билдириши ўта муҳим. Ўн нафар кадрдан саккизтаси ислоҳотни тўғри англаб, тўғри талқин қилган ҳолда ҳаракат қилса, вазифани тортиб кета олади. Икки нафар тасодифий ходим жараёнга салбий таъсир кўрсатиши мумкин, лекин тўхтатиб қололмайди.

Шунинг учун жаҳондаги глобал ривожланиш қоидаларини илғайдиган, янгилик қила оладиган ходимга имконият ва яхши шароит яратишдан чўчиш керак эмас. Хорижда илм олган ёшлар ёрдамида глобал тажрибадан фойдаланишимиз зарур. Уларнинг аксарияти Ўзбекистонга қайтишга рози бўлаётганидан жуда хурсанд бўлишимиз керак.

Яхши маошни шундоқ ҳам минглаб одамлар ишлайдиган, бюджет ҳисобидан фаолият юритадиган тизимлар олиб ётибди. Тасаввур қилинг, шундай катта тизимлар борки, уларсиз ҳам иқтисодиёт ўзгаришдан тўхтамаслиги мумкин. Балки, аксинча, бюджетга кўпроқ маблағ тушиши мумкин. Ишонасизми, шунақа тизимлар йўқ эмас...

Хитой ўтган асрнинг иккинчи ярмида 30 мингдан ортиқ ёшларни АҚШга ўқишга юборган. Кейинчалик ўтган асрнинг сўнгги чорагида ўз вилоятларини ривожлантиришни Ғарбда ўқиган, тажриба ва бойлик орттирган асли хитойлик бўлган инвесторлар зиммасига юклаган. Уларнинг катта пул ишлашидан чўчигани йўқ. Натижа эса бу давлатнинг глобал миқёсдаги ҳозирги иқтисодий ҳайбатидан кўриниб турибди.

Юртимизга инвестициялар, инновациялар кириб келиши турли омилларга боғлиқ. Энг муҳими шуки, бизнинг халқ тафаккур қиладиган халқ, янгиликка мойил, янгиликни ҳазм қиладиган, технологияни тез ўзлаштирадиган халқ. Шунинг учун илғор тараққиёт билан халқимиз ўртасида боғловчи бўладиган етук кадрлар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Агар хориждан қайтиб келган мутахассисга лавозим бериб, кейин қўлимиз билан унинг йўлини бўғсак, эртага улар ҳеч нарса қила олмаслиги мумкин. Уларга имкон, вақт бериш керак. Саволга хулоса шу – кадрлар алмашинуви табиий, бозор муносабатларини эркинлаштира олсак, бир кун ўзининг йўлига тушадиган жараён.

– Катта ишонч билдирилиб, юқори лавозимларга тайинланган айрим раҳбарлар ўзини номуносиб тутаётган, хусусан, катта миқдордаги поралар билан қўлга тушаётган ҳолатлар учраб турибди. Раҳбар кишининг, қўполроқ айтганда, бузилишига қандай омиллар таъсир қилади?

– Тезлик билан бозор муносабатларини ривожлантиришимиз, давлат ўз масъулиятидаги жуда кўп ваколатларни бозор тизимларига бериши керак. Яъни, давлат бошқарувчиликдан кўра кўпроқ мувофиқлаштирувчилик вазифасини сақлаб қолиши зарур. Бошқача айтганда, давлатнинг мумтоз вазифалари бор, давлатга шуларнинг ўзи етади.

Иқтисодиёт бозор қонунлари асосида ривожланиши зарур. Кўпинча тингловчиларга айтаманки, ҳокимлар фақат очилиш маросимига «лента» қирқиш учун бориши керак. Яъни, қурилиш бўладиган бўлса, ҳокимиятнинг ўзи кечаю-кундуз бошида туриб қурдириши шарт эмас. «Отанг бозор, онанг бозор», деган гап бекорга айтилмаган. Бунинг тагида катта ҳикмат ётибди.

Ўтган асрнинг сўнгги чорагида Европа Итифоқининг етакчи давлатларида почта, темирйўл, ҳаво йўллари каби соҳаларни хусусийлаштириш борасида савол муҳокама қилинганда, баъзи парламент аъзолари бу соҳаларни хусусий секторга топшириш хато эканлигини таъкидлашган. Аслида дастлаб қурилган темир йўллар айнан хусусий капитал ҳисобига барпо этилган. Бунга нима сабаб бўлган? Бозорнинг, бозор муносабатларининг салоҳиятини етарли баҳоламаслик. Бугун Европага бориб, почта, темир ва ҳаво йўллари сингари соҳаларни давлат тасарруфига ўтказсак бўладими, деб сўрасангиз, «бу одам ақлдан озибди», деб айтишади. Тушунтира олдимми?.. Давлат фақат давлатгагина хос бўлган вазифаларни ўзида қолдириши талаб этилади. Албатта, бу осонлик билан бўладиган иш эмас. Эркин бозор муносабатларини тақозо этадиган вазифалар расмий ваколатлар билан ҳал этиладиган бўлса, давлат тизимлари раҳбарлари атрофида хусусий манфаатлар тўпланади ва ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

Аммо бошқа омилларни ҳам эсдан чиқармаслик жоиз. Минг афсуски, манфаатлар тўқнашуви оқибатида ҳали-ҳануз турли бўғиндаги кадрларни уюштириш билан қармоққа тушириш каби нопок йўллар орқали «синдириш» ҳолатлари барҳам топгани йўқ. Мана, яқинда олий таълим тизимида фаолият кўрсатган бир ўқитувчининг суд залидан озод қилингани ҳақидаги хабарни эшитдик. Судда даъвогарнинг йўқлиги, сохта гувоҳлик берилгани бу ўқитувчининг мураккаб схема билан тузоққа илинтирилганини англатади. Бу воқеада энг муҳим жиҳат суднинг одил қарор чиқариб, айбсиз кишини уйига қайтара олгани бўлди. Ўзбекистон ҳуқуқий соҳада адолатни амалга ошираётган мамлакатлар сафига чиқаётгани катта гап...

Биласизми, раҳбар бўлиш учун Президент маърузасини тушунишнинг ўзи етмайди, маъруза кенг оммага қаратилган, уни барча эшитади ва умуммиллий стратегияни, йўналишларини англайди. Раҳбарлар учун эса талаб жиддий: давлат раҳбарининг сиёсатини, унинг юкини ўз зиммасида, лавозими тақозосига кўра ҳис қилишга мажбур. Тушуниш бошқа, амалга оширишда фаол иштирок этиш бутунлай бошқа нарса. Бунинг учун том маънодаги «давлат хизматчиси» эътиқоди зарур. Бундай эътиқод қандай шаклланади, уни ким ва қаерда шакллантиради? Бу мураккаб савол ва унга жавоб топа олсак, кадрлар соҳасида муваффақиятга эришамиз.

 

Тўлқин Тўрахонов

суҳбатлашди.