Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ЎЗБЕКИСТОН ҲАҚИДАГИ ФИКР ЎЗГАРЯПТИ

12.02.2019 , 16:25

Ҳабиб Абдуллаев, «Навоий» эркин иқтисодий зонаси директори, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси:

— Стратегия лойиҳаси 2020-2025, 2030, 2035 йилларга мўлжалланган учта босқичда амалга оширилиши белгиланган. Биринчи босқич стратегик ривожланиш мақсадлари учун фаол инвестициялар, яъни иқтисодий ривожланишга кучли туртки бўла оладиган инвестицияларни жалб қилишни ўз ичига олган. Иккинчи босқичда мамлакатнинг иқтисодий ва технологик салоҳияти рўёбга чиқарилади. Сўнгги босқичда етук бозор иқтисодиётига ўтилади. Бу пайтга келиб Ўзбекистонни жаҳондаги иқтисодиёти ривожланган 50 та етакчи мамлакат қаторига киритишга эришилади.

Жаҳон банки 2016 йилда эълон қилган «Doing business» рейтингида Ўзбекистон 64 поғона юқорилаб, 42-ўринни қайд этган эди. Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари жаҳондаги бошқа етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Мисол учун, нуфузли «Fitch Ratings» ва «Standart & Poor's» рейтинг агентликлари биринчи марта юртимизнинг халқаро суверен кредит рейтингини белгилади. Буларнинг барчаси Ўзбекистон иқтисодиёти жадал суръатлар билан ривожланишига шубҳа билан қаровчи скептикларнинг ҳам фикрини ўзгартириб юборди.