Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ИНСОН КАПИТАЛИГА САРМОЯНИ АЯМАСЛИК КЕРАК

12.02.2019 , 17:26

Малика Шарипова, «NewLinks Global» консалтинг компанияси ҳамкори (Бельгия, Брюссель), «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси:

— Ҳозирги пайтда бор куч, сармояни инсон капиталини ривожлантиришга сарфламасдан тараққиётга эришиб бўлмайди. Эътибор беринг, Америка Қўшма Штатларида 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган ҳар бир фуқаронинг таълим олиши учун давлат бир йилда 231 минг доллар, Жанубий Корея 130 минг доллар сарфлайди. Шу тарзда мазкур мамлакатларда бир ишчи кучини шакллантиришга кетган харажат ўзини 13-17 карра оқламоқда. Бизда бу кўрсаткич 19 минг долларни ташкил этиб, сармоялар ўзини бор-йўғи 4 баравар қопламоқда.

Таҳлилларга кўра, жаҳонда саноат ривожланишининг янги босқичида кўплаб иш ўринлари автоматлаштириш ва рақамли технологиялар билан боғлиқ бўлади. Ҳозир ҳаттоки ривожланган мамлакатларда ҳам ишчиларнинг атиги 25 фоизи керакли малакага эга, холос. Шу боис ҳам ривожланган мамлакатлар бор эътиборини фуқароларининг билим олишига, малакасини доимий равишда оширишига қаратмоқда.

Келгуси 5 йил ичида жаҳонда барча меҳнат турларининг 7 фоизи автоматлаштирилиши тахмин қилинмоқда. Бу келажакда 57 фоиз ишчи-хизматчи ишсиз қолади, дегани. 2035 йилга бориб Ўзбекистонда ҳам худди шундай вазият юзага келиши эҳтимоли бор. Ҳисоб-китобларга кўра, 2035 йилгача мамлакатимизда 20,7 миллион меҳнатга лаёқатли кишини иш билан таъминлаш эҳтиёжи юзага келади. Бунга ҳозирданоқ тайёргарлик кўриш учун, аввало, жисмоний шахслар, компаниялар ҳар бир кишига мос келадиган оқилона ечимларни топиши зарур.

Инсон капиталини ривожлантириш тизими одамларнинг ўзига ишончини ошириш учун ўзларини қайтадан кашф этишга имкон берадиган ва кучайтирадиган платформаларни яратиш демакдир. Шундай экан, тизимда янгича ўйлаш, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни кўра билиш, инсон қобилиятини кучайтиришга қаратилган дастурлар ва моделларни ишлаб чиқиш ва янги ғоялар талаб этилади.

 

Манба: ЎзА