Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

КУЙЛА, ДЎМБИРАМ...

08.04.2019 , 17:08

Бахшилар халқ достонларини дўмбира, қўбиз ёки дутор сози жўрлигида куйлайдилар. Фозил Йўлдош ўғли, Ислом шоир, Пўлкан, Абдулла шоир, Мардонқул Авлиёқул ўғли, Умир Сафаров каби бахшилар дўмбира чертса, Дўстёр Хўжаёр ўғли, Букмурод Жўрабой ўғли кабилар қўбиз тортган. Хоразм бахшилари достонларни асосан дуторда куйлаганлар.

Дўмбира жуда қадимий чолғулардан ҳисобланади. Бугунги кунга қадар ўзгаришсиз сақланиб келаётган унинг шакл кўриниши ҳам сўзимизнинг исботи бўла олади. Профессор Ўрозали Тошматовнинг маълумотларига қараганда, қозоқ халқида ҳам дўмбира чолғуси энг асосий мусиқий чолғулардан бири ҳисобланади. Қозоқ дўмбираси замон таъсирида ўзгартирилиб, қовурғали косахона ва боғлама пардаларга эга бўлган чолғудир. Биздаги кўринишидаги чолғулар ҳам уларда сақланиб қолган. Фақат, уни қозоқлар «чертар» деб атайдилар. Кўриниб турибдики, дўмбира сози қайсидир маънода дуторнинг қадимий шакли бўлиб, садоси жиҳатдан ундан бироз фарқланади ва якканавоз ва жўрнавоз чолғу сифатида бахши ва чўпонларнинг севимли чолғуси бўлиб сақланиб келган. Дўмбира, танбурга нисбатан косаси катта, дастаси эса калта, дуторга нисбатан дастаси калта, косаси кичкина икки торли чолғудир. Косасининг шакли кўпроқ танбурга ўхшаш бўлиб, асосан тут, ёнғоқ ёки ўрик дарахтидан ясалади.

Дўмбирани торлари дутордек, кварта баъзан квинтага созланади, лекин сознинг аниқ баландлиги ижрочининг созлашига боғлиқ бўлган. Икки турли дўмбира бор, бири дастаси узун ва ингичка. 12 та ичак пардаси бор. Иккинчиси дастаси калта ва йўғон; 7-9 пардаси бор. Баъзи жойларда уч торли дўмбира ҳам қўлланилади. Ҳар икки дўмбиранинг ҳам ижро қилиш техникаси мураккаб. 1930 йилларда дўмбира қайта ишланиб, бунинг пиколло, прима, тенор, бас ва контрабас турлари ишлаб чиқазилган. Пардалар хроматик қилиниб ишланган.

Дўмбиранинг нисбатан замонавийроқ шакли дутор чолғуси ҳам бахшилар ижодида кенг қўлланилади.

Дутор икки торли чертма чолғу бўлиб, кварта, квинта, прима, октавага созланиши мумкин. Дутор ўзига хос қадимий чолғу бўлиб, майин ва мунгли садога эга. Дуторлар аёллар ижросида кенг тарқалгандир. Дуторнинг бир қанча турлари шаклланган бўлиб, прима, секунда, альт, контрабас кўринишлари замонавий ижрочиликда кенг тарқалган.

Бахшилар ижросида жўрлик қилувчи созлардан яна бири қўбиздир. Қўбиз камонли чолғуларнинг энг қадимийси ёки қадимийларидан бири бўлиб, бу чолғулар Хитойда, Мўғулистонда учрайди. Қўбизнинг кашф этилиши, баъзи туркий манбаларда афсонавий Қўрқут номи билан боғланади. Ғарб тадқиқотчилари камонли чолғуларнинг ибтидосини шарқдан излаш кераклигини ва бу чолғу қўбиз бўлиши ҳақиқатга яқинлигини эътироф этишган. Қўбиз чолғусида қорақалпоқ жировлари ўз достон термаларини куйлашади. Қўбиз, қўвуз — торли камонча билан чалинадиган чолғу асбоби бўлиб, ўйилиб ишланган коса, буғуз ва дастаси бир бутун ёғочдан ясалади. Косанинг пастки қисмига туя териси қопланади ва шу жойига харраги ўрнатилиб, от думидан ўралган иккита тор тақилади. Бу торлар кварта баъзан квинта интервали оралиғида созланади. Қўбиз даста ва косадан иборат бўлгани учун чалиш вақтида бармоқлар билан торлар босилганда дастага тегмайди. Натижада қўбизда дўнғиллаган товуш чиқади. Қўбиз ижрочилигида обертонлар иштироки жуда фаол бўлади ва унинг ижросида бир нечта товуш ҳосил бўлаётгандек таассурот туғдиради. Овоз ҳажми икки октавага яқин. Умумий узунлиги 700 мм. Бугунги ўзбек миллий чолғуларида ҳам қўбизнинг такомиллаштирилган виолончелга яқин кўринишга келтирилган «қўбиз бас» ва контрабас ўрнида ишлатиладиган «қўбиз контробас» асбоблари ишлатилмоқда. Бу асбоблардан «Суғдиёна» ўзбек халқ чолғулари оркестрида кенг фойдаланилмоқда.

Мусиқашунос Т.Соломонованинг «Ўзбек мусиқаси тарихи» китобида «Китоби Дада Қурқут» («Қурқут бобомнинг китоби») — туркий халқларнинг XII-XV асрларда яратилган қаҳрамонлик қўшиқлари цикли. Қурқут — торли — камонли мусиқа асбоби — қўбиз жўрлигида қўшиқлар ижро этган афсонавий доно қўшиқчи ҳақида маълумот берилган.

Абдурауф Фитратнинг «Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи» китобида қўбиз асбобининг туркий халқларнинг энг қадимий чолғуларидан бири эканлиги ва қовуз ҳам деб номланиши, туркийларнинг илк шоирлари бўлган бахшилар — ўзонлар қўбиз чолғуларида куйлаганлари ҳақида фикрлар билдириган.

 

Шомурод МУСТАФОЕВ, доцет.

Музаффар ТАШПЎЛАТОВ, мусиқашунос.