Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ХАЛҚ ВА ТАРИХ ТИЛИ

09.04.2019 , 9:20

Халқ қалби, миллий руҳ тушунчалари борки, улар мавҳум тушунчалар эмас. Уларни англамоқчи бўлган бор бўйи билан кўрмоқни истаган одам халқимизнинг минг йиллар мобайнида сўзма-сўз, ҳарфма-ҳарф, товушма-товуш бунёд этилган достонларини билиши керак. «Алпомиш» достонини бахшиларимиз ўн кечалаб айтишган, «Гўрўғли» туркуми ўзида 100га яқин достонни жамлаган. Худди шу достонлар ичига кирган одам халқ қалби билан, миллий руҳ билан юзма юз келади ва унинг нима эканлигини билади. Бизнинг бахшиларимиз минг-икки минг демайман, неча минг йиллар мобайнида халқ қалбини, миллий руҳни даврларнинг турли суронларидан, тўзонларидан бутун олиб чиқа олган. Ана шу достонлар ичига жойлаб олиб чиққан. Агар халқ қалбининг уйи қаерда, халқ қалбининг манзили, макони қаерда деса, мен ҳеч иккиланмасдан, халқ достонларида, халқ оғзаки ижоди асарларида деб жавоб берган бўлардим. Шунинг учун бахшилар бутун бир халқнинг тили, тарихимизнинг тили бўлганлар ва халқнинг орзу-армонлари, дардини, интилишларини мана шу достонларда ифода этганлар.

Мен ўзим кўрган бахшилар орасида ҳам 70-80 достонни ёд биладиган бахшилар бор эди. Шунча достонни ёд билиш нима эканлигини биз тасаввур қилишимиз керак. Масалан, биргина «Алпомиш»нинг ўзи 600-700 саҳифа китоб бўлади. Шунча нарсани улар ёд билган ва шуурида асраган, бор меҳри-муҳаббати билан авайлаган. Ҳолбуки, баъзи одамлар билан гаплашганда, тўрт қатор шеърни ёд биласизми, десангиз ўйланиб қолади, тутилиб қолади. Демак, далаларда қўй боқиб ёки мол боқиб юрган битта бахшининг қалбида қанақа маънавий мерос сақланиб келаётганлигини, қандай бойлик шу одамнинг ичида яшаётганлигини англашимиз керак-да.

Қаранг, қандай яхши кунларга етиб келдик, Ҳалима Худойбердиева айтганидай "Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор". ХХ асрнинг 30-40 йилларидан нари-берида биз бахшичилик санъатидан узоқлаша бошладик. Аввалига аста-аста, кейин тезлик билан узоқлашиб кетдик. Бунинг устига ХХI аср арафасида оммавий маданият ўз юришларини халқларнинг қадимий санъатларини емиришдан бошлади. Шўролар тузумида бахшичилик санъати чеккага суриб ташланди. Бахшиларга муносабат ёввойиларга муносабат каби масхараомуз шаклда намоён бўлди. Бизга қўшни мамлакатларнинг ҳам жуда катта бахшилари, оқинлари бор эди. Уларда ҳам бу санъат йилдан йил ғариблашиб борди. Шу ўринда яна бир фикрни айтишни истардим, дунёда халқлар борки, уларнинг ҳар бири тарихида бахшичилик санъати қандайдир кўринишда мавжуд бўлган. Фақат қайсидир халқ бу қадимий санъатини сақлаб қололган, қайсидир халқда эса унутилиб, аста-секин йўқ бўлиб кетган. Масалан жаҳонга машҳур «Илиада», «Одиссея» достонларини яратган Ҳомер ҳам аслида бахши бўлган. Биласиз, Ҳомернинг кўзи ожиз эди, у бахшиларга ўхшаб достонларни қўшиқ қилиб айтиб юрган. Анча кейин улар китоб ҳолига келган. Хуллас, ҳамма халқларда ҳам ёзма адабиётга довур юрт қаҳрамонларини, элнинг орзу-армонларини куйлаб юрган бахшилар бўлган.

Шунинг учун Термизда бўлиб ўтаётган бахшичилик санъати фестивалининг халқаро миқёсда ўтиши ҳам диққатга сазовор. Мен аминман, улар бу фестивалнинг тарихий аҳамиятини ўз халқлари мисолида ҳам теран ҳис этадилар. Чунки, ҳар бир халқ маънавий хазиналарининг асл бешиги худди шу бахшичилик санъатидир. Ёзма адабиётгача бўлган даврлар ҳақидаги тасаввурни ҳам ва ёзма адабиётга энг катта манбани ҳам шу санъат беради. Ҳамма гап шундаки, ёзма адабиётгача бўлган, неча минг-минг йил олдинги аждодларимиздан қолган қандай эзгу сўз бўлса, қандай эзгу амал бўлса, улуғ бахшиларимизнинг шарофати билан етиб келган. Бу бахшилар йўлма-йўл, уйма-уй, қишлоқма-қишлоқ юриб, айтиб юрган достон ва қўшиқларида жуда катта маънодаги мафкурани, инсон мафкурасини одамларга сингдирган. Уларнинг ҳар бир ҳаракатида, ҳар бир сўзида халқнинг катта адабиёти яшаб келган.

Дунёда катта эпоси бор халқлар жуда кўп эмас. Ғурурлансак арзийди, ўзбек халқида «Алпомиш» бор. Гап шундаки, халқларнинг бадиий тафаккурини барометр каби ўлчайдиган нарса бу – шу халқнинг эпоси бўлади. Бизнинг халқимизнинг бадиий тафаккури азалдан жуда катта талабларга жавоб бера олган. Бўлмаса, «Алпомиш»га, «Гўрўғли»га ўхшаган достонлар яратилмасди. «Алпомиш» достонининг ҳар саҳифасига катта тарих, катта ҳикматлар яширинган. Алпомиш Қултой кўринишида келиб, Ойбарчинга уйланмоқчи бўлиб тўй бераётган Ултонтозга «қутлуғ бўлсин» қилганини бир эсланг:

Номуслар билан-эй орингиз,

Қаторда лўкчаю норингиз,

Сағирга ўтибди зўрингиз,

Юракдан чиққандир черингиз,

Қуллуқлар бўлсин-эй, тўражон-эй,

Бир марддан қолған-эй ёрингиз.

ёки Ултонтозга тегишга мажбур қилинаётган Ойбарчиннинг сўзларини эслаб кўринг:

Уюримда қулуним от бўлмасми, бобожон,

Бегонани кел десам ёт бўлмасми, бобожон.

Вақти келиб бу кўнгил шод бўлмасми, бобожон,

Мард кишининг боласи мард бўлмасми, бобожон,

Ит боласин суйган билан ит бўлмасми, бобожон.

Сунбул-сунбул сочимни тарамай ўлай, бобожон,

Ойна олиб оқ юзима қарамай ўлай, бобожон.

Мен «Алпомиш»ни Қодир бахшидан эшитиб кўрганман. Қодир бахши сиймосида Бобо шоир, Умр бахши, Эргаш Жуманбулбул, Фозил Йўлдош, Пўлкан шоирларнинг тимсолини кўрганман. У худо берган одам эди. Қодир бахшининг овозида ҳам, дўмбира чертишида ҳам, айтишида ҳам сеҳр бор эди. «Алпомиш» достонининг бир жойига келганда, тингловчиларни шундай йиғлатарди, шундай йиғлатарди, яна бир жойига келганда эса, шундай кулдирарди, шундай кулдирарди... Хуллас, бутун бошли манаман деган жуда катта театр жамоаси қилиши мумкин бўлган ишни биргина Қодир бахши қўлида дўмбираси билан қилганини мен кўрганман. Ачинарлиси, Қодир бахши айтган «Алпомиш» тўлиқ ҳолда ҳали йиғиб олинмади. Халқнинг орасида ҳар хил эски ленталарда сочилиб ётибди. Ўнлаб достонлар айтган у киши. Буларнинг ҳаммасини бугунги замонавий аудио техникаларга кўчириб олиб, халққа берсак жуда катта иш бўлар эди. Қодир бахши Тожикистонда бир даврада «Ҳазрати Хизр» деган достонини айтган. У пайтларда мумкин эмасди бундай достонларни айтиш. Ўша даврада Тожикистоннинг уламолари, адиблари, олимлари бўлишган. Бу достонни бахши яширин бир уйда, хос даврада яшириб айтган. «Ҳазрати Хизр» достони ҳам ҳозирда йўқ. Бундай достонларни излаб топишимиз керак.

Менинг қишлоғимдан ҳам Поён бахши деган бахши ўтган. 30-йилларда даҳшатли очарчилик бўлиб турган бир даврда Тожикистондан Сурхондарёга дон олиб қайтаётган одамларнинг буғдойини Боботоғда беркиниб юрган қароқчилар тортиб олади. Бола-бақра, хотин-қиз, кекса-ю ёш йўл қараб кутаётган карвон қуп-қуруқ қўл билан қайтади. Оқсоқоллар бўлган воқеани эшитишиб, Поён бахшининг бир ўзини Боботоққа жўнатишади. Поён бахши қароқчиларни топади, уларга «Мен сизларга бир достон айтаман, эшитинглар!» дейди. Сўнг Поён бахши юртда аёллар, болалар, кексалар очдан ўлаётганлигини, кечаётган қаҳатчилик ва очарчилик даҳшатларини шундай дард ва алам билан куйлайдики, қароқчилар бошлиғи чидаёлмай йиғлаб ўрнидан туриб кетади-да, ҳамма донни битта донасигача қолдирмай қайтариб беришларини, ҳатто ўзлари учун йиғиб қўйган донни ҳам қўшиб беришларини буюради.

Мана, кўряпсизми, бахшиларга халқнинг тили, эл юрагининг овози бўлиш худо томонидан юқтирилган. Энди ўтган даврдаги эътиборсизлик ва беписандликни қарангки, 70-80 талаб достонни ўз қалбида асраб элга етказиб келган бахшиларнинг ҳозир қабри қаерда деса, биров билмайди. Ахир улар ҳақиқий маънода халқ ва миллатнинг жуда катта хизматчилари эдилар. Ўша давр мафкурасини биласиз. Қуллик мафкураси элу халқ бахшичилик санъатидан узоқ бўлишидан манфаатдор эди. Шу сабаб қанчадан-қанча бахшилар ўзга юртларга сургун қилинди, ўз элида қолганларининг бошида ойболта ўйнаб турди. Бунга ҳамманинг ичи куяди. Юз йиллик бу муддатда қанчадан қанча хазиналар тили боғланган бахшиларнинг ичида куйиб кетди. Бу фестивалнинг ташкил қилинишидан мақсад ўша хазиналарни борича қайтариш, қадрини англаш, бу қадим санъатнинг қаддини кўтаришдир. Кейинги даврдаги катта маънавий ҳодисалардан бири бўляпти бу анжуман. Чунки, кейинги пайтларда бахши, бахшичилик санъати деса ёшлар у нима экан, дейдиган даражага бориб қолганди.

Ёшларимиз бошқа арзимас ва бачкана нарсаларга чалғимаслиги учун мана шундай миллий санъатлар билан уларнинг қалбини бойитиш йўлларини излашимиз керак. Мен кўп одамлар билан гаплашиб, бир нарсани англадим, бизнинг одамларимиз ичида ҳозир ҳам катта адабиёт яшаб келяпти. Буни оддийгина турмуш тарзида кўрса ҳам бўлади. Масалан, дарёнинг олдидан ўтиб кетишаётганда, ассалому алайкум, дейишади. Қишлоғидаги қари бир тутни боботут деб, ўз бобосидай кўришади. Эҳ, жуда кўп бундай мисоллар. Булар бахшиларимиз айтган достонлардан қон-қонимизга сингган нарсалар.

 Оммавий маданият, глобализация бутун жаҳон зиёлиларини ташвишга солиб турибди. Дунёдаги аҳли фикр олдида: «Бу қалтис ва хатарли жараёндан қандай халқлар бутун чиқади?» деган савол турибди. Ривожланган, малакатлар ҳам шунга эътибор қаратяпти ҳозир. Гап шундаки, миллатга тааллуқли ҳар бир одамнинг ичи бутун бўлса, халқнинг ичи ҳам бутун бўлади. Бунинг учун асл илдизларни яхши англаш керак. Асл илдизларни билиш учун эса, бизга тил ва руҳ берган, тафаккуримизни парвариш қилган қадимий санъатларимизни ҳис этишимиз керак бўлади. Қадимий достонлар, бахшиларимиз айтиб юрган қўшиқлар ҳар биримизнинг қалбимизни ҳимоя қилади. Уларни сақлаш миллатни сақлаш дегани. Чунки, бахшилар айтган бу достонлар миллат руҳида, миллат руҳи эса шу достонлар ичида яшаб келган. Уларни бир-биридан айириш вужудни руҳдан, руҳни танадан айиришдай гап. Тасаввур қилинг, битта достоннинг яралиши учун қанча вақт керак? Биттагина мақолнинг яралиши учун юз йил керак бўлса, битта халқ достонининг бунёд бўлишига неча асрлар керак. Халқ ижод маъносида шошилмайди.

Мен баъзида нима учун бахшиларимиз ички овозда айтишлари ҳақида ўйлаб қоламан. Инсоннинг ботиний овози бу. Бахши куйлаётганда овозига эрк беради, бор туйғулари, жисму жони билан айтади. Унга қўшилиб, табиат куйлайди, тарих куйлайди. Бахшининг овози бу тарихнинг овозига ўхшайди. Бу дард ва изтироб овозига, қадимият овозига ўхшайди.          Мен бу овозда табиат, тарих ва кўнгилнинг қоришиқ симфониясини сезаман.

 Қодир бахши айтган «Алпомиш» мана бундай бошланади:

Бу савдолар ўтганда бу дунёлар ёш эди.

Гапни қаранг-а. Алпомиш билан боғлиқ тарих ўтганда бу дунёлар ҳали ёш эди дегани бу неча минг йиллар олдин бу асар яратилган деганидир.

Достонни ўқиш яхши, лекин достонни бахшидан эшитиш керак. Достон ичидаги сир достонни эшитганда очилади. Ёшларни достон эшитишга ўргатишимиз керак. Бунинг таъмини олган одам кейин билади унинг сири нимада эканлигини. Бунинг завқини сезган киши орқасидан ўзи эргашиб кетаверади.

Малакатимиз Президенти ташаббуси билан бўлиб ўтаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали – бу халқимизнинг, адабиётимизнинг, достонларимизнинг байрами. Халқ даҳосига катта эҳтиром бу!

Шу ўринда мен кўпроқ ёшларга мурожаат қилишни истардим. Ҳозир Мактаб партасида ё университет аудиториясида ўтирган бу ёшлар ҳам вақти келиб, 70-80 ёшга киради, бобо бўлади, буви бўлади, Ўшанда уларнинг болаларига, набираларига қолдирадиган эзгу сўзи бўлиши керак. Авлод учун бу энг муҳим меросдир. Эзгу сўзни эса халқ достонлари беради. Бахшичилик санъатининг буюк қадри ҳам шунда. Яна шуни айтишни истардимки, олдимиздан улкан дарёлар оқиб турганда, кўза кўтариб бошқа жойлардан сув излаб юрмайлик. Бу дарёларни танийлик, қадрига етайлик ва улардан мангу баҳраманд бўлайлик.

 

Эшқобил ШУКУР,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.